Линклар

Тошкентнинг “Бунёдкор” футбол клуби Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаб, плей-офф баҳсларига йўлланма олди.

Сешанба куни гуруҳ босқичининг сўнгги тури доирасида тошкентликлар Жанубий Кореянинг “Поҳанг Стилерс” жамоаси меҳмони бўлишди.

Ҳужумларга бой ўтган ўйинда 1:1 ҳисобидаги дуранг натижаси қайд этилди. Голларга “Бунёдкор”дан Олександр Пишур ('79), “Поҳанг Стилерс”дан Парк Хо Сёнг ('90+2) муаллифлифлик қилди.

Миржалол Қосимов шогирдлари беллашган “G” гуруҳидаги иккинчи жуфтлик – “Санфречче Ҳиросима” ва “Бейцзин Гуоан” жамоалари ўртасида ўтган ўйин 0:0 ҳисоби билан якунланди.

Шундай қилиб, 6 ўйинда 10 очко тўплаган “Бунёдкор” “G” гуруҳида пешқадамликни сақлаб қолди ва Осиё Чемпионлар лигасининг нимчорак финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Бугун, 1 май куни Тошкентнинг яна бир жамоаси - “Пахтакор” Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинини ўтказади. Тошкентликлар ўз майдонида БААнинг “Ал Шабаб” жамоасини қабул қилишади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади.

Ушбу ўйинда “Пахтакор”нинг плей-офф босқичига чиқиш ёки чиқмаслиги аниқ бўлади.
XS
SM
MD
LG