Линклар

Швейцария Ташқи ишлар вазири (Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби) Ив Россе бошчилигидаги Швейцария делегацияси Ўзбекистонда сиëсий маслаҳатлашувлар ўтказмоқда.


Расмий маълумотга кўра, 30 апрел куни Швейцария делегацияси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов тарафидан қабул қилинган.

Швейцариянинг Тошкентдаги элчиси Николя Брюл иштирокида ўтган бу учрашув ҳақида Ўзбекистон расмий матбуоти умумий маълумотларнигина эълон қилди.

Учрашув чоғида ҳар икки тарафни қаноатлантирадиган конструктив мулоқот давом этишидан ҳар иккала мамлакат манфаатдор экани расмий хабарда таъкидланади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ëйинлаган маълумотга кўра¸ Швейцария давлати БМТ ва ЕХҲТ каби ташкилотларга аъзо бўлган Ўзбекистон учун ижобий ҳамкор бўлиб келган.

Айни маълумотда Ўзбекистон ҳудудида Швейцария сармояси билан ишлаëтган 82 корхона мавжудлиги айтилади.

Расмий хабарда майнинг илк кунида Швейцария делегациясининг Ўзбекистонда сиëсий маслаҳатлашувлар ўтказаëтгани айтилади, аммо тафсилотларга ўрин берилмайди.

Кечган йилда Швейцария Бош прокуратураси 4 нафар ўзбекистонликка нисбатан пулларни ноқонуний ўзлаштириш айблови билан жиноий иш очгани эсланса¸ икки мамлакат ўртасида молиявий-иқтисодий муносабатлар мураккаб экани кўринади.

Швейцарияда музлатилган "ўзбек пуллари"

Швейцария Бош прокуратураси ўтган йил сентябр ойида ўзбекистонлик тўрт нафар фуқаронинг мамлакат банкларида музлатилган пуллари юзлаб миллион долларни ташкил этишини эълон қилган эди.


Uzbekistan -- Us dollar and Uzbek som banknotes, 28Nov2009

Uzbekistan -- Us dollar and Uzbek som banknotes, 28Nov2009

Пул ювиш амалиëти бўйича бораëтган бу терговда швейцариялик прокурорлар сўроқ қилмоқчи бўлганлар орасида Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова ҳам бор.

Швейцария прокуратураси юзлаб миллион "ўзбек пуллари"ни музлатиб қўйганидан бери Гулнора Каримова Женевадаги иш жойига бормай қўйган.

Расмий лавозими Ўзбекистон Республикасининг Женевадаги БМТ ташкилотларидаги доимий намояндаси бўлган Гулнора Каримова Швейцария прокуратураси пул ювиш амалиëтига алоқадорликда гумонланаëтган икки Ўзбекистон фуқаросини ҳибсга олганидан бери Тошкентдан чиқмай қолди.
Швейцариядаги RTS канали ушбу молиявий жанжал марказида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга яқин одамлар тургани ҳақида хабар тарқатди.

Озодлик қўлга киритган ҳужжатларда бевосита президентнинг тўнғичининг исм-фамилияси келтирилган.

Ўзбекистон махсус хизматларига яқин манбанинг Озодликка билдиришича¸ Швейцария прокуратураси доимий хизмат жойи Женевага қайтмаëтган Гулнора Каримовага аталган саволларни Ўзбекистон Бош прокуратурасига йўллаган.

Швейцария прокурорлари Каримова хонимнинг пул ювиш операциялари юзасидан бораëтган тергов жараëнида туғилган 54 та саволга аниқ жавоб беришни сўраган.

Бу 54 савол Швейцария делегациясининг Ўзбекистонда ўтказаëтган сиëсий маслаҳатлашувлар доирасида муҳокамага қўйилиб-қўйилмагани ҳақида тафсилотлар йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG