Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:41

Мурод Жўраев оғир меҳнатга солинмоқда


Сиёсий маҳкум Мурод Жўраев 1994 йилдан буён қамоқда қолмоқда.
Сиёсий маҳкум Мурод Жўраев 1994 йилдан буён қамоқда қолмоқда.

Чирчиқдаги 64/4-колониясида жазо муддатини ўтаётган ва махсус назоратда бўлган сиёсий маҳкум Мурод Жўраевни оғир ишларни бажаришга мажбурламоқдалар. Бу ҳақда “Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси президенти Надежда Атаева ўз блоги орқали маълум қилди.


Унинг ёзишича, Мурод Жўраевнинг рафиқаси Холбика Жўраева 25-26 апрел кунлари қамоқхонада турмуш ўртоғи билан учрашган. Аёл эрини жуда ҳолдан тойган алфозда кўрган. Холбика опа эрининг ҳалқумидан йиринг чиқаётгани, тишлари тушиб кетгани туфайли овқат ейишга қийналаётгани, овқатдан кейин қорни қаттиқ оғриётганини айтган. Шифокорларга кўра, унинг ошқозонида муаммолар бор экан.

Шунингдек, Атаева Мурод Жўраевнинг боши доимий равишда оғриб тургани, сўнгги икки ой мобайнида ўнг қўли увушиб қолаётганини ёзади. Сиёсий маҳкум бу ҳақда Чирчиқдаги колонияга этап қилинишидан аввал Тоштурмада бўлган пайтда шифокорга айтган. Бунга жавобан шифокор уни тор соҳа мутахассисига кўздан кечириши лозимлиги, бироқ этап қилиниш олдидан бунинг имкони йўқлигини билдирган.

Маълум бўлишича, Мурод Жўраев колонияда нозирлар томонидан ғишт ташишга мажбур қилинмоқда. Бу иш унинг белида оғриқ пайдо қилган, ўнг қўли эса кундан-кунга бўшашиб бормоқда.

“Шу аҳволда бўлганига қарамай, унга мунтазам равишда маънавий босим ўтказилаяпти. Чирчиқдаги 64/4-колонияси бошлиғи Мурод Жўраевни бир неча бор “ўзгача” маҳкум эканини, унинг иши солинган папкага қизил чизиқ тортилганини айтган. Бундай белги унинг “Ўзбекистон қонунларини қасддан бузувчи ашаддий жиноятчи” эканини англатади. Шунинг учун бошқа маҳкумлар, айниқса, авф қилинишдан умидвор бўлганлар у билан мулоқотда бўлишдан чўчийдилар”, - деб ёзади Надежда Атаева.

Мурод Жўраев Ўзбекистон қамоқхоналарида энг узоқ вақт қолаётган сиёсий маҳкумдир. Ёши 60 дан ошган Жўраев 1994 йилда давлат тўнтаришини амалга оширишга уринганликда айбланиб, 12 йилга қамалган. Кейинчалик унинг қамоқ муддати яна тўрт марта узайтирилган. Сўнгги марта бу муддат 2012 йил 4 декабр куни суд томонидан 3 йилу 24 кунга узайтирилганди.

Қашқадарёнинг Муборак шаҳрида 1952 йилда туғилган Мурод Жўраев мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон парламенти депутати ҳам бўлган.

Қарийб 20 йилдан буён турли ҳибсхонаю қамоқхоналарда азият чекаётган Жўраевнинг амнистия орқали озодликка чиқиши ҳақида умидлар аввал бир неча бор айтилган, бироқ ҳар сафар бу умидлар саробга айланаверган.

Аммо 14 йил қамоқда ўтирган бошқа бир сиёсий маҳкум Мамадали Маҳмудовнинг яқинда озодликка чиқарилиши фуқаролик жамияти вакилларида Мурод Жўраевнинг ҳам озод бўлишига умид орттирган.
XS
SM
MD
LG