Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:38

Сил касаллиги шифохоналарида койкалар қисқартирилмоқда


2013 йилнинг февралдан бошлаб, Ўзбекистоннинг турли туманларида жойлашган ҳудудий Сил касалликлари шифохоналарининг айримларида беморлар ўрни қисқартирилмоқда. Вилоят марказларида таъмирланаётган шифохоналарга бориш эса аҳоли учун ноқулайлик туғдираётгани айтилмоқда.

Навоий вилоятининг Нурота туманидаги Сил касалликлари шифохонасида муқаддам ишлаган ва исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган тиббиёт ходими шу кунларда у ишлаган шифохонадаги койкалар сони 40тадан 20тага туширилаётганини айтди.

- Биздан олинган 20 койкани Навоий шаҳридаги туберкёлзнийга беришаркан. Лекин, ҳозир касал бизда ҳам кўпайган аслида. Айниқса, оилавий касал бўлганлар кўпайяпти. Улар қандай қилиб Навоийга қатнайди. Иккинчидан, бизда 100дан отиқ одам ишсиз қоладиган бўлаяпти, дея норози бўлди тиббиёт ходими.

Унинг сўзларига кўра, у яшаб турган Нурота туманида кейинги 2 йил ичида яна сил касалига чалинганлар сони ортаётгани кузатилмоқда.

- Шу йил февралда вазирликдан кўрсатма чиққан эди. Силга чалинганларни оилавий кўрикдан ўтказиш, агар болаларида риск бўлса, уларни ҳам шифохонага ётқизиш бўйича. Лекин, негадир ота-оналар болаларини ётқизишга кўпинча рози бўлмайди. Энди агар касалхонада койка озайса, улар болалари билан Навоийга борармикин, деди нуроталик тиббиёт ходими.

Ўзбекистонда шу кунларда айнан сил касалликларини даволашга қаратилган тиббиёт муассасаларининг аксариятида таъмир ва қайта жиҳозлаш жараёни бормоқда.

Бу ислоҳотлар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг "2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги 62-сонли қарорга биноан амалга оширилмоқда.

2011 йилда қабул қилинган ушбу қарорда мамлакатда 2006 йилдан буён сил касалига чалиниш даражаси 38 фоиз, аҳолининг сил туфайли ўлими кўрсаткичлари 45 фоизга озайгани қайд этилган эди.

Аммо, Ўзбекистонда сил касалига чалинган ва ундан нобуд бўлаётганлар сонига оид аниқ маълумотлар берилмаган.

Бу қарорда мамлакатда сил касалини даволаш мумкин бўлган барча тиббий муассасаларни таъмирлаш, жиҳозлаш ва иш сифатини ошириш назарда тутилган эди.

Қашқадарё вилоятидаги Сил касаллиги шифохонасининг мутасадилларидан бири ана шу 62-сонли қарор асосида вилоятлардаги шифохонларда бўлган бемор ўринлари ҳам алмаштирилаётгани ҳақида гапирди.

- Мисол учун, Нуротадан 20 та ўрин олинган бўлса, бизга 20 та ўрин қўшиб берилди. Шунга яраша янги техника ҳам келяпти. Бизда уже шароитлар анча яхшиланяпти. Энди бу 62-сонли қарор асосида бўлаяпти. Чунки, янги жиҳозлар ва техникани касалланиш нисбатан кучли ҳудудларга бераяптида, ресурс шунақа тақсимланяпти, деди Қашқадарё вилоятидаги Сил касаллиги шифохонасининг исми ва лавозимини ошкор қилмаётганимиз мутасаддиси.

Нуроталик шифокорнинг сўзларига кўра, бундай ислоҳот сил касаллигидан азият чекаётган аҳоли учун ноқулайлик туғдирмоқда.

Бундан ташқари, бу шифокор ҳозир сил касалига чалинган беморларнинг оила аъзолари, айниқса, фарзандларини мажбурий кўрикдан ўтказиш ҳам талаб қилинаётганини қўшимча қилди.

- Шу йил февралдан бошланди бу ҳам. Чунки, отаси ёки онаси касал бўлган оилада болада ҳам риск бор. Болаларни ҳам даволаш топширилган. Лекин, ота-онаси болаларини касалхонага ётқизишни истамайди. Хуллас, бу соҳада қилиниши керак бўлган иш жуда кўп, жуда кўп, деди нуроталик шифокор.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг 2006 йиллардан сил касалига чалинаётганлар сони озайётгани ҳақидаги баёноти ҳам асл аҳволга у қадар мос эмас.

- Ҳозир қишлоқларда яна кўпайган касаллик. Одамлар қишлоқдан район марказига келишга қийналади. Йилдан-йилга қиш совуқ, бу касаллик совуқдан кўпаяди. Кейин ейиш ҳам яхшимасда одамларда. Ҳозир яна қон тупуриб келаётганлар бор, мен биламан. Лекин, оиласи билан ётишни истамайди, дейди нуроталик шифокор.

Ўзбекистонда сил касаллиги билан касалланиш ҳолатлари 1990-2002 йиллар давомида кўпайиб, қарийб икки баробарга ошган ва қарийб эпидемия кўринишига етган эди.

Кейинчалик айрим расмий манбалар 2003-2007 йиллар давомида эпидемиологик вазият барқарорлашиб, сил касаллиги билан касалланиш кўрсаткичи камайганни маълум қилган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам Ўзбекистонда сил касаллигига чалиниш ва бу касалликдан нобуд бўлишга оид ҳолатларнинг камайётганини эътироф этган.

Жумладан, ташкилот ҳисоботида 2002 йилда сил касалидан нобуд бўлган ўзбекистонликлар сони ҳар 100 минг кишига 20 кишини ташкил қилган бўлса, 2010 йилга келиб бу кўрсаткич 7-8 кишига тушгани қайд этилган эди.

Аммо, маҳаллий шифокорлар қиш оғир келган ва аҳоли исинишга жуда қийналган кейинги икки йиллик қиш ҳамда йилдан-йилга оғирлашаётган тирикчилик ортидан касаллик яна кўпая бошлаганидан хавотир билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG