Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:51

Қирғизистонда яшовчи Россия сиёсатшуноси Бишкекка киритилмади


Бишкекда яшовчи россиялик сиёсатшунос Александр Князев 1 май куни Қозоғистондан қайтаётган пайтда чегарада ушлаб қолинди ва Қирғизистонга киритилмади.Қирғизистон чегарачилари Князевга уни чегарадан ўтказиш тақиқлангани тўғрисида акт берганлар.

Россия Фанлар академияси шарқшунослик институтининг минтақавий дастурлар бўйича мувофиқлаштирувчиси Александр Князев Озодлик радиосига 29 апрел куни Бишкекдан Олмаотага боргани ва 1 май куни ортга қайтаётганда қирғиз чегарачилари уни мамлакатга киритмаганларини айтиб берди.

-Қирғизистон Чегара хизмати томонидан менга “Давлат чегараси тўғрисида”ги Қирғизистон қонунининг 13 моддасига асосланган ҳолда Қирғизистон ичкарига киритилмаслигим тўғрисидаги акт берилди. 13-моддада Қирғизистон чегарасини фуқаролар амалдаги ҳужжатлар билан кесиб ўтиши мумкинлиги айтилади. Яъни, қирғиз чегарачилари менинг Россия томонидан берилган паспортимга шубҳа билдиришди. Ҳолбуки, мен бу паспорт билан дунёнинг камида 15 та мамлакатига бориб келганман, -деди Александр Князев.

Суҳбатдошимиз Қирғизистонга киритилмагач, Олмаотага қайтиб кетишга мажбур бўлган.

Сиёсатшуноснинг Қирғизистон Қамбарота ГЭСини барпо этишдан аввал Ўзбекистон ва Қозоғистон билан барча масалаларда келишиб олиши шартлиги, Қирғизистон ҳукуматининг сиёсати ва қирғиз сиёсатчилари тўғрисида ёзган таҳлилий мақолалари маҳаллий аҳоли орасида норозиликлар пайдо қилиб келади. Ўзларини “миллатпарвар” сифатида тақдим этувчи оммавий ахборот воситалари ва сиёсий кучлар Александр Князевни “Қирғизистондан ҳайдаб чиқариш” ташаббусларини илгари сурган эди.

Александр Князевга қозоқ-қирғиз чегарасида Қирғизистон чегарачилари томонидан тақдим қилинган акт.
Александр Князевга қозоқ-қирғиз чегарасида Қирғизистон чегарачилари томонидан тақдим қилинган акт.
2007 йилда Князев номаълум одамлар томонидан Бишкекда калтаклаб кетилган. Бу воқеани сиёсатшунос ўзининг касбий фаолияти билан боғлаган. Александр Князев ўзининг Қирғизистонга киритилмаганини ҳам касбий фаолияти Бишкек расмийларига ёқмай қолгани билан изоҳлайди.

- Мен Қирғизистондаги кўп сиёсий жараёнларни, жумладан, миллатлараро муносабатлар вазиятини кескин танқид қилганман. Бундан уч йил аввал Қирғизистон жанубидаги Ўш воқеаларини ўрганувчи миллий комиссия таркибидан чиққанимни намойишкорона эълон қилганман. Чунки мен ўша пайтда Ўш воқеаларида қирғизлар ўртасида миллатчиликни рағбатлантирган ва тарғиб қилган ҳукуматни айбдор деб ҳисоблаган эдим. Шунинг учун менинг Қирғизистонга киритилмаслигимни Бишкек расмийларининг сиёсий эксперт сифатидаги фаолиятимга билдираётган муносабати деб биламан, -деди Александр Князев.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Токон Мамитов Озодлик мухбирига Қирғизистонда яшаб келаётган Россия фуқароси Александр Князевни Қирғизистонга киритмаслик тўғрисида кўрсатма бермаганини айтди. Токон Мамитовга кўра, бирон бир фуқарони чегарада ушлаб қолиш ёки Қирғизистонга киритмаслик ҳақида мамлакат ҳуқуқ –тартибот тузилмалари Чегара хизматига расмий мурожаат жўнатади. Мана шу мурожаат асосида Чегара хизмати илтимосни бажаради.

- Биз ўзимизга келган қоғоздаги илтимосни бажараяпмиз.

Озодлик: Бу қоғоз қайси ташкилотдан келган?

-Бу саволга жавоб бера олмайман, чунки мен Боткен вилоятида хизмат сафаридаман.

Озодлик: Демак, бу ҳақда сизда маълумот йўқми?

- Маълумот йўқ. Лекин бу воқеага чегара хизматининг алоқаси ҳам йўқ, -деди Токон Мамитов.

Князевни Қирғизистонга киритмаслик ҳақидаги илтимос Чегара хизматига қайси ташкилотдан жўнатилганини аниқлашнинг имконияти бўлмади. Ички ишлар вазирлиги бундай кўрсатма улар томонидан бўлмаганини маълум қилди. Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Олий суд эса бу борадаги саволларимизни жавобсиз қолдирди.

Бундан аввалроқ Бишкекдаги 24. кg ахборот агентлиги Миллий хавфсизлик қўмитаси Александр Князевни Қирғизистонга киритмаслик юзасидан Чегара хизматига жўнатилган илтимосномага асос бўлган расмий ҳужжатларни жамоатчиликка тақдим этишга ваъда қилганини ёзган эди.
XS
SM
MD
LG