Линклар

АҚШда қозоғистонлик талабалар устидан илк маҳкама бошланди


Қозоғистонлик талабалар Диас Қадирбаев (ч) ва Азамат Тажаяков, Бостон шаҳридаги судда, 2013 йил 1 май.

Қозоғистонлик талабалар Диас Қадирбаев (ч) ва Азамат Тажаяков, Бостон шаҳридаги судда, 2013 йил 1 май.


Қозоқ талабалари Бостон марафонида портлаш содир этганликда гумонланиб қўлга олинган Жоҳар Царнаев иши юзасидан бошланган терговга тўсқинлик қилганликда айбланмоқда. Агар айбдор деб топилса, улар 5 йиллик қамоқ жазоси ва 250 минг долларлик жаримага тортилиши мумкин.


Адвокатлар Қозоғистондан АҚШга келиб ўқиётган 19 ёшли Азамат Тажаяков ва Диас Қадирбаев уч одам нобуд бўлган ва 260 дан ортиқ одам жароҳат олган Бостон портлашларига алоқадор эмаслигини айтмоқда.

Жоҳар Царнаевнинг дўсти экани айтилаётган қозоғистонлик икки талаба тил бириктириб “далилларни йўқ қилиш ва яшириш орқали адолатли судловга тўсқинлик қилганликда” айбланмоқда.

Икки қозоғистонлик талабанинг иши бўйича навбатдаги суд мажлиси 14 майга белгиланган.

Учинчи шахс эса АҚШ фуқароси Робел Филлипос бўлиб, у “ёлғон маълумот берганликда” айбланмоқда. Унинг иши бўйича иккинчи суд 6 майга белгиланган.

Икки қозоғистонлик ва бир америкалик Бостон портлашларига бевосита алоқадорликда айбланмаган.

Улар Жоҳар Царнаев билан СМС ёзишувидан сўнг Массачусет университетидаги Жоҳарнинг рюкзаги ва компютерини йўқ қилишга уринганликда айбланмоқда.

АҚШ расмийларига кўра, Жоҳар Царнаевнинг рюкзаги порохи ажратиб олинган (байрам тантаналарида ишлатиладиган) мушаклар билан тўла бўлган.

Қадирбаев “бомба ясаш”да ишлатиш мумкин деб ўйлаб, Жоҳарнинг уйидаги вазелин солинган идишни ҳам олиб кетган.

Тергов жараёнига алоқадор расмийларга кўра, Тажаяков ва Қадирбаев Жоҳар Царнаевга тегишли ашъёларни ўзлари яшаётган уйга олиб келиб ахлатга ташлаб юборишган. Кейинроқ полиция бу ашъёларни ахлатдан топган.

Суднинг айблов ҳужжатларига кўра, Бостондаги бомба ҳужумидан бир ойча олдин Жоҳар Царнаев қозоғистонлик икки ўртоғига бомба ясашни билишини айтган.

19 апрел куни полиция билан бўлган отишмада яраланганидан сўнг ҳибсга олинган 19 яшар Жоҳар Царнаев ҳозир касалхонада даволанмоқда.

Жоҳарнинг акаси Тамерлан Царнаев ўша куни полиция билан содир бўлган отишмада отиб ўлдирилди.

Тамерлан ва Жоҳарнинг онаси ўз фарзандлари бомба ҳужумига алоқадор экани ҳақидаги иддаолар ёлғон эканини таъкидлаб келмоқда.

Азамат Тажаяков ва Диас Қадирбаев дастлабки терговдан кейин талабалар визаси тартибини бузганлик айби билан АҚШ Миграция хизмати томонидан қўлга олинди.

Федерал тергов бюросига кўра, айбланаётган уччала шахс Массачусет университетида Жоҳар Царнаев билан бирга ўқишган.

1 май кунги суд мажлисидан сўнг Қадирбаевнинг адвокати Роберт Стаҳл ўз мижозининг бомба ҳужумига ҳеч қандай алоқаси бўлмаганини таъкидлади:

- Диас Қадирбаев айбловларни буткул рад қилади. Биз бошида айтиб ўтганимиздек, у Федерал тергов бюроси текширув олиб боришида ёрдам берган. У жамиятнинг барча аъзолари каби Бостонда рўй берган зўравонликдан жумбушга тушган. У ҳужумга Царнаевнинг алоқаси бўлганини билмаган. У буни кейинроқ тахмин қилган.

Диас Царнаевнинг фотосуратини кўриши билан дарҳол танигани ҳақидаги ҳукуматнинг иддаоларига биз бунга шубҳа билан қараймиз ва кейинроқ судга ўз даъвомизни тақдим этмоқчимиз. Қадирбаев ва оила аъзолари Бостонда мудҳиш зўравонлик содир бўлганидан жуда афсусда. Унинг бу зўравонликка алоқаси йўқ, дея баёнот берди қозоғистонлик талаба Диас Қадирбаевнинг адвокати.

Азамат Тажаяковнинг адвокати Харлан Протасс ҳам ўз мижозининг Бостондаги ҳужумларга алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Хабарларга кўра, агар айбдор деб топилса, Азамат Тажаяков ва Диас Қадирбаев кўпи билан 5 йиллик қамоқ жазоси ва 250 минг доллардан жаримага тортилиши мумкин.

Филиппос эса 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ва 250 минг долларлик жаримага тортилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG