Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:41

АҚШ Ўзбекистондан "қароқчилик"ни тўхтатишни сўради


АҚШ Савдо вакили департаментининг чоршанба куни эълон қилинган йиллик ҳисоботида Ўзбекистон ҳукуматидан интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган қонунчиликни кучайтириш сўралди.


Ҳисоботда Ўзбекистон интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилаётган Беларус, Туркманистон, Тожикистон каби ўттиздан ортиқ мамлакат қаторида тилга олинади.

"Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлиги муаллифлик ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қатор мажбуриятларни зиммасига олган ва шу мажбуриятларга амал қилган ҳолда мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари қароқчилик маҳсулотлари, ноқонуний кўчирилган филмлар ва аудио маҳсулотларнинг чегарадан олиб ўтилиши, шунингдек видео ва аудио маҳсулотларнинг Интернетдан ноқонуний кўчириб олинишига қарши жиддий чоралар кўриши лозим", дейилади ҳисоботда.

АҚШ Савдо вакили департаментига кўра, Ўзбекистон парламенти интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоялаш учун зудликда лозим қонунларни қабул қилиши, мамлакатнинг муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияларга қўшилишини тезлаштириши лозим.

2011 йилда Ўзбекистон Давлат патент идораси қошида Интеллектуал мулк агентлиги ташкил этилган эди.

Агентлик расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш учун лозим чоралар кўрилаётгани, бу соҳада саккизта давлатлараро, 10 та ҳукуматлараро ва 17 та идоралараро шартнома ва битимлар тузилиб, амал қилаётганини айтди.

Агентлик маълумотларига кўра, ўтган йил давомида мамлакат бозорларида ўтказилган рейдлар давомида 200 мингдан зиёд қароқчилик йўли билан кўпайтирилган видео ва аудио дисклар савдодан олиниб, мусодара қилинган.

Бу каби чораларга қарамай¸ Ўзбекистон бозорларида қароқчилик маҳсулотлари сотилиши давом этмоқда.

Тошкентдаги “Абу Сахий” бозорида дисклар билан савдо қилувчи Тоҳир исмли тадбиркорнинг айтишича, бозорда сотилаётган дискларнинг 90 фоизи қароқчилик маҳсулотларидир:

- Бизда одамларнинг сертификациядан ўтган маҳсулотларни сотиб олишга қурби етмайди. Кино ёки қўшиқ ёзилган бир диск 2000 сўм, худди шу дискнинг сертификациялангани 8000 сўм. Одамлар қайси бирисини олади, албатта¸ арзонини, дейди исмли тошкентлик тадбиркор.

Россия каналларидан сериалларни кўчириб ёзиб сотиш ҳам ҳозир Ўзбекистонда сердаромад бизнесга айланган:

- “Муҳташам юз йил” турк сериалини кечагиси менда 2000 сўм. Сифатлироқ дискга ёзилгани 3500. Элликдан ортиқ доимий клиентим бор. Ҳар ҳафта келиб мендан олиб кетишади. Туркчаси ҳам бор¸ русчаси ҳам, дейди ўз исимини айтмаган дискфурушлардан бири.

АҚШ Савдо вакили департаментининг муаллифлик ҳуқуқларини энг кўп бузаётган мамлакарлар рўйхатига бу йил Украина, Россия, Покистон, Ҳиндистон, Бразилия каби ўттиздан ортиқ мамлакат киритилган.

Бу мамлакатларда ишлаб чиқарилаётган сохта компакт дисклар, видеотасмалар ва бошқа турдаги маҳсулотлар АҚШ ширкатларига миллионлаб доллар ҳажмда зарар келтирмоқда.

АҚШ Савдо вакили департаментига кўра¸ интеллектуал мулк ҳуқуқларини энг бузаётган мамлакат Украинадир. Қўшма Штатлар¸ агар Киев қароқчиликка қарши жиддий чора кўрмаса¸ мамлакатга қарши санкциялар жорий этилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
XS
SM
MD
LG