Линклар

3 май - Халқаро матбуот эркинлиги кунида Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни “ахборот эркинлиги кушандаси” деб эълон қилди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, 1991 йилдан буён Ўзбекистонни узлуксиз бошқариб келаётган Каримов ўз танқидчиларини аёвсиз жазолаб келади.

Танқидий қарашда бўлган журналистлар қамоққа ташланади.

Ўзбекистонда бугунги кунда камида ўн нафар журналист қамоқда сақланмоқда. Журналист Муҳаммад Бекжоновнинг 13 йиллик қамоқ муддати якунланиши арафасида унга яна 5 йил қўшиб берилган.

“Каримов ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш ва танқидчиларини бартараф этиш учун ҳар қандай воситаларни қўллашга тайёр”, дейилади “Чегара билмас мухбирлар” баёнотида.

Мазкур баёнотда, шунингдек, Ўзбекистондаги ижтимоий муаммоларни жиддий тадқиқ қилган журналистлар ҳам таъқиб қилинаётгани айтилади.

Бундай журналистлар қаторида фотосуратчи Умида Ахмедова ҳамда тележурналист Хайрулло Ҳамидовлар номи тилга олинган.

Ёмонлар ёмони

Бир кун аввал АҚШдаги Freedom House ташкилотининг жаҳонда сўз ва матбуот эркинлигига доир янги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон матбуот эркинлиги энг ёмон бўлган саккиз давлат - Беларус, Куба, Экваториал Гвинея, Эритрея, Эрон, Шимолий Корея ва Туркманистон қаторидан жой олган эди.

- Бу мамлакатларда фуқароларнинг эркин ахборот олиш имконлари ўта чекланган ва матбуот, асосан, у ердаги режимларнинг манфаатига хизмат қилади, мустақил ва ҳукуматга танқидий қарашда бўлган журналистлар қамоққа ташланади, деб айтади Freedom House ташкилотининг Матбут эркинлиги бўйича лойиҳаси директори Карин Карлекар.

Ҳозирда кўпчилик ўзбекистонлик мустақил журналистлар мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Ҳукумат чет эллик журналистларнинг мамлакатга киришини чеклаб келади.

Журналистлар учун ёпиқ мамлакат

Ўтган йил Ўзбекистон ҳукумати камида икки хорижлик журналистни мамлакатга киритмай, ҳеч қандай сабаб келтирмасдан Тошкент аэропортидан ортга қайтариб юборди.

Булар Би-би-си журналисти Наталя Антелава ва Россияда чиқадиган “Новая газета”нинг фотомухбири Виктория Ивлевалардир.

2012 йилнинг март ойида журналист Виктор Кримзалов тухмат айблови билан судга тортилди.

Апрел ойида яна бир русийзабон журналист Елена Бондар "миллий, ирқий ва диний адоват қўзғаш"да айбдор деб топилиб, маҳкама тарафидан 3700 АҚШ доллари миқдоридаги жаримага тортилди.

Ўтган йил январ ойида руҳий шифохонадан чиқарилганидан кўп ўтмай ғойиб бўлган жиззахлик мустақил журналист, Ўзбекистон президентининг жияни Жамшид Каримовнинг тақдири ҳануз мавҳум бўлиб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG