Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:22

Андижонлик ёлғиз аёл бўғиб ўлдирилди


Ҳисоб палатаси қўшиб ёзишларни аниқлади. Хонанда Жаҳонгир Отажонов қаллоб санъаткорларни қоралаб чиқди. Шўрчилик директорнинг шўри қуриди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Ҳисоб палатаси қўшиб ёзишларни фош қилди”

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Бухоро вилоятида ўтказган назорат тадбирларида қатор қонунбузарликларни аниқлади (“ХХI аср”, 2 май). Аҳолини иш билан таъминлаш борасида вилоятнинг айрим туманларда қўшиб ёзишлар мавжудлиги қайд этилди. Масалан, Бухоро туманидаги “Аббос Темур сервис”, “Гулруҳ Гулмера”, “Шофиркон гуллари” сингари корхоналар ўз фаолиятини тугатган бўлса-да, Меҳнат ва аҳолини муҳофаза қилиш бошқармаси маълумотларида мазкур корхоналарда иш ўрни яратилгани кўрсатилган.

Давлат маблағларидан нотўғри фойдаланиш кўпроқ “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси тизимида кузатилган. Қонунбузарликлар бошқа соҳаларда ҳам қайд этилган. Масалан, Бухоро вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси аслида бажарилмаган 60 миллион сўмлик ишни ҳисоботда “бажарилди” деб кўрсатган. Эслатилишича, мазкур ширкат томонидан 2011-2012 йилларда ҳам 414,7 миллион сўмлик қурилишлар сифатсиз топширилган.

“Ваҳший қотил Қозоғистондан тутиб келинди”

Андижон вилояти Пахтаобод тумани Пахтакор қишлоғида ваҳший қотиллик содир этилди. “Новый век” газетаси хабарига кўра, шу қишлоқлик 37 ёшли Мўйдин Сафаров эри Қозоғистонга ишлашга кетган ёлғиз аёл Муҳайё Мамарасулованинг аввал номусига тегиб, сўнгра уни бўғиб ўлдирган. Сафаров бу билан чекланмай, икки нафар норасида болали марҳуманинг уйидаги барча қимматбаҳо буюмларни ҳам ўмариб кетган. Қотил марҳуманинг ўша пайт уйқуда бўлган икки боласига тегмаган. Поездда Қозоғистоннинг Алмати шаҳрига қочиб кетган Мўйдин Сафаров тутиб келтирилган. Айтилишича, Сафаров бунгача умрининг 15 йилини панжара ортида ўтказган. Номусга тегиш, қотиллик ва босқинчилик жиноятлари учун бу сафар Мўйдин Сафаров 18 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Жаҳонгир Отажонов қаллоб ҳамкасбларини танқид қилди”

Таниқли хонанда Жаҳонгир Отажонов Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг қўшиқларини умуман тингламаслиги билдирди (“Даракчи”, 2 май). “Очиғи, Озодбек Назарбековга яхши кўриниш учун кўзбўямачилик қилиб унинг концертига боргим келмайди. Боиси, унинг қўшиқларини, мусиқасини тинглашга тоқатим йўқ” деган хонанда Отажонов. Айни пайтда, хонанда санъаткорлар орасида қаллобликларни танқид қилган: “Санъаткормиз деб кўкрагимизга уришни биламиз-у, кези келганда мухлисларни қаллобларча чув тушириб алдаб кетамиз. Наҳот, шу йўлдан кетаётган санъаткорларнинг виждони қийналмаса?!” Хонанда Отажонов қаллобларнинг аниқ исм-шарифини тилга олмаган.

“Шўрчилик директорнинг шўри қуриди”

Сурхондарё вилояти Шеробод тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Э.Худойқулов “Зиё ўғли Ўктам” хусусий фирмаси раҳбаридан 400 доллар пора олаётганда қўлга олинган (“Ҳуқуқ”, 2 май). Ҳокимлик расмийси туман ҳокимлигининг ерга доир қарорини бекор қилдириш эвазига пул талаб қилган.

Шўрчи туманидаги 122-сонли махсус мактаб-интернат директори О.Мамашукуров фуқаро Ф.Нормуродовани ишга қабул қилиш учун 300 доллар, тарбиячи Б.Абдусатторовни 0,25 cтавкадан 0,50 ставкага ўтказиш учун 300 минг сўм пора талаб қилган. Хабар берилишича, мактаб директори ҳам жиноят устида қўлга олинган.

“Чойхонани қовоқхонага айлантирмаслик талаб қилинди”

Сирдарё вилояти Янгиер туманидаги чойхонада маст ҳолдаги даҳанаки жанг пайти Ҳабибулла Хўжаназаров қўшниси Музаффар Қиличевни пичоқлаб қўйди (“Адолат кўзгуси”, 2 май). Шифокорлар Қиличевнинг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда хабар берган нашр чойхоналарнинг ҳолати қониқарли эмаслигини таъкидлайди: “Бугунги кунда қайси шаҳарга борманг, чойхоналарга кўзингиз тушади. Уларнинг баъзилари чойхона деган атаманинг асл моҳиятидан жуда йироқ. Тўғрироғи, спиртли ичимлик ичилиб, айш-ишрат қилинадиган гўшага – “қовоқхона”га ўхшайди. Афтидан, миллий қадриятларимиздан бири ҳисобланмиш чойхоналарда маълум тартиб-қоидалар устуворлигини таъминлаш вақти етиб келган кўринади”.

“Департамент номидан пора олган фирибгар 7 йилга кесилди”

Ўзини Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходими сифатида таништириб, одамлардан пул ундириб келган Олчин Элбеков 7 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Бозор ва истеъмолчи”, 30 апрел). Элбеков солиқ коллежига ўқишга киритиш ваъдаси билан Шамсия исмли аёлдан 1000 доллар олиб, ишлатиб юборган. Шунингдек, Яккасарой тумани “Ипотекабанк” шахобчасидан давлат курси бўйича АҚШ доллари олиб, қора бозорда сотаётган саррофлардан ишни босди-босди қилиш эвазига фойдани арра қилишни талаб қилган. Яккасарой тумани прокурори Баҳриддин Турсуновга кўра, валюта савдоси билан шуғулланувчи фуқаролар органга бу ҳақда хабар берган ва Элбеков далилий ашё билан қўлга тушган.

“Чегара бузишда айбланган мигрантлар 3 йилга қамалди”

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида қурилишда ишлаб, пул топиб келаётган тўрт нафар фуқаро чегарада қўлга олинди (“Диёнат”, 2 май). Маълум бўлишича, наманганлик А.Каримов, А.Тожибоев, У.Исақов ва Р.Юсупов Қирғизистонга Учқўрғон туманидаги айланма йўл орқали чиққан. Ўзбекистонга кириш чоғида ҳам меҳнат муҳожирлари айланма йўл билан киришган. Тўрт нафар фуқаро Ўзбекистон Жиноят кодексининг 223-моддасида айбланиб, 3 йилдан муддатга озодликдан маҳрум этилган. Қайд этилишича, улар ишлаб топган 27 200 қирғиз соми давлатга ўтказилган.
XS
SM
MD
LG