Линклар

logo-print
Покистон полициясининг билдиришича¸ мамлакат собиқ Бош вазири Беназир Бҳуттонинг ўлдирилиши¸ шунингдек 2008 йилги Мумбай террор ҳужумини тафтиш қилаëтган таниқли прокурор Зулфиқор Чаудрий жума куни маҳкамага келаëтган пайтда отиб ўлдирилган.

Исломобод полиция бўлими раҳбари Иршод Абро Озодлик мухбирига қотиллик тафсилотларини гапириб берди:

- Зулфиқор Чаудрий бир неча жиддий ишни тафтиш қилаëтган прокурор эди. У бугун тонгда Равалпинди маҳкамасига ишга кетаëтган эди. Чаудрий шаҳар почта бўлими биноси олдига етганида¸ номаълум қуролли шахслар унга ўт очган. Чаудрий машинанинг орқасида ўтирган бўлган ва унга қарата камида 2-3 одам бирваракайига ўт очишган. Ҳужум оқибатида прокурор ўлди¸ унинг тан соқчиси жароҳат олди. Шунингдек¸ машина ëнидан ўтиб кетаëтган аëлга ҳам ўқ тегиб¸ у ҳам ҳужум жойида нобуд бўлди¸ деди Исломобод полицияси раҳбари.

Айтилишича¸ ҳужумчилар машҳур прокурорнинг боши¸ елкаси ва кўкрагини нишонга олган.

Полиция баëнотига кўра¸ ҳозирда ҳужумчиларни қидириш бўйича кенг кўламли жараëн бошланган. Ҳозирча бирор ҳужум бу суиқасд учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

Чаудрийга нисбатан уюштирилган ҳужум жараëнида қтанашаëтган юқори мартабали полиция офицери Жамил Ҳошимий¸ терговчиларда бу қотиллик ташкилотчилари ҳақида муайян тахминлар мавжудлигини билдирди:

- Биз бир неча гувоҳлар билан гаплашдик ва қотилликка оид айрим тахминларга эгамиз. Фақат ҳозирча бу тахминларни ошкор қила олмаймиз. Бу ҳақда кейинроқ маълумот берамиз¸ деди Чаудрий ўлимини ўрганаëтган терговчи Ҳошимий.

Зулфиқор Чаудрий Покистондаги энг жиддий ва энг шов-шувли жиноий ишларни тафтиш қилаëтган таниқли прокурор эди.

Шундай ишлардан бири 2007 йилда сайлов кампанияси давомида Равалпинди ҳарбий шаҳарчасига борган маҳал ўлдирилган Бош вазир Беназир Бҳутто қотилларини топиш билан боғлиқ эди.

Чаудрий бу қотилликка ўша пайтдаги президент Парвез Мушаррафнинг Бҳутто хавфсизлигини таъминлашга етарлича эътибор қаратмагани ëрдам берганини таъкидлаëтган эди.

2010 йилда Бҳуттонинг ўлдирилиши юзасидан мустақил тафтиш ўтказган БМТ мутахассислари ҳам¸ бу қотилликнинг олдини олиш мумкинлигини қайд этган эдилар. Айни ҳисобот¸ Бҳуттонинг ўлдирилиши ортида Покистонни бошқараëтган ҳарбий гуруҳлар ëхуд махфий хизматлар турганини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмаслигини ҳам таъкидлаган эди.

Ҳозирга қадар Бҳутто иши юзасидан ҳеч ким жазога тортилган эмас.

Жума куни ўлдирилган прокурор Чаудрий¸ шунингдек Покистондаги Лашкари Тоййиба гуруҳи аъзолари ишини ҳам тергов қилаëтган эди. Экстремистик руҳдаги мазкур гуруҳ 2008 йилда Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида амалга оширилган террор ҳужумига алоқадорликда айбланмоқда. Мумбай ҳужуми 166 одам ҳаëтига зомин бўлган эди.

Зулфиқор Чаудрийнинг ўз фаолияти учун ҳаëти кўпдан таҳлика қолаëтган ва шу боис ўтган йили тинимсиз ўлим таҳдидларидан сўнг¸ унга ҳукумат томонидан махсус қўриқчилик хизмати тайинланган эди.

Покистон президенти Осиф Али Зардорий Чаудрийнинг ўлдирилишини кескин қоралади ва қотилликни зудлик билан очишга чақирди.
XS
SM
MD
LG