Линклар

Ўзбекистон Сенатида хорижга чиқувчи фуқаролардан божхона декларацияси билан бир қаторда уларнинг гиёҳванд моддалар истеъмол қилмаслиги ва таносил касалликларидан холи эканини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилиш ҳақидаги янги қоидалар муҳокама этилмоқда.


Тошкент шаҳар Тери-таносил касалликлари диспансери бўлим мудири Шухрат Бердибоевнинг Озодликка билдиришича¸ янги қоидалари яқин ойларда қабул қилиниши мумкин:

- Ҳозир шу масала кўриб чиқилaяпти, телевизорда ҳам, кўраётган бўлсангиз, бу масала муҳокама этилаяпти. Касалликлар тарқалмаслиги учун шундай чора керак, дейди Бердибоев.

Тошкентлик врачнинг айтишича, ўзбекистонликларнинг четга чиқишлари учун жорий этилажак янги тартиб ОИТВ инфекциясига чалинган одамлар сони ошгани ва бундай вирусга чалинганларнинг хорижга чиқишини чеклаш зарурати билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Шундай бўлса-да¸ Шуҳрат Бердибоев ўзи каби мутахассисларнинг ҳам Ўзбекистонда ОИТВга чалинганлар сони ҳақида маълумотга эга эмаслигини эътироф этади.

Расмий маълумотларга кўра, 2008 йилнинг январида Ўзбекистонда 10 мингдан зиёд ОИТВга чалинган бемор қайд этилган. Бир йил ўтиб хавфли вирусга чалинганлар сони 12 мингдан ошган. Бугунги кунда эса ОИТВни юқтирганлар сонининг 15 мингдан кам эмаслиги ишонилади.

Хорижда ишлаëтган меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга ўзлари билан турли юқумли касалликлар ҳам олиб келаётгани борасидаги хавотирлар анчадан бери мавжуд, дейди тошкентлик мутахассис:

- Тўғри¸ четдан келаётганлар шундай касалликларни олиб келаяпти. Ҳозир четдан келган фуқароларни ҳам¸ четга кетаётганларни ҳам текширувдан бирма -бир ўтказиш зарур, дейди Бердибоев.

Кузатувчилар фикрича, четга чиқаётганлардан касаллиги ҳақида қўшимча ҳужжатлар талаб этилишини кўзда тутадиган тадбир Ўзбекистонда амалга кўчадиган бўлса¸ бу фуқароларнинг хорижга чиқиши билан боғлиқ шундоқ ҳам бюрократик жараённи яна ҳам чигаллаштириб юбориши мумкин.

Тошкентдаги Наркологик диспансер ходимларидан бири бундай маълумотномани олиш бир ҳафта ва ундан кўпроққа чўзлиши мумкинлигини айтади:

- Четга чиқмоқчи бўлганлар қон топширишади ва шунинг анализи асосида справка берилади. Бу камида бир ҳафта олади, дейди Наркологик диспансер ходими.

Бу жараён эса¸ оддий ўзбекистонликлар фикрича¸ ўз-ўзидан порахўрликни кучайтириб юбориши мумкин:

- Четга чиқиш учун ОВИРга югурасиз. Атайлаб ишингизни чўзишади. Иш вақтида битиши учун “узатиш”га тўғри келади. Энди бу справка талаб этиладиган бўлса, уларга ҳам узатишга тўғри келади, дейди тошкентлик Манзура опа.

Айни пайтда¸ 3 май куни Озодлик мухбири боғланган Ўзбекистоннинг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш идораси расмийлари ҳам¸ Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси масъуллари ҳам ҳозирча четга чиқаётган ўзбек фуқароларидан чегарадан ўтиш чоғида ОИТВ инфекцияси ёки бошқа таносил касалининг йўқлиги, шунингдек наркологик диспансерда қайд қилинмаганлиги тўғрисида маълумотнома талаб этилмаслигини айтишди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG