Линклар

4 май куни тонгда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раиси, 59 яшар Бахтиёр Ҳамроев вафот этди. Тошкентдаги Воҳидов номли махсуслаштирилган кўкрак жарроҳлиги маркази тиббий хулосасига кўра, у ичак саратони билан хасталанган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси 4 май куни аср намозидан сўнг Жиззах шаҳар Заргарлик маҳалласидаги қабристонда тупроққа берилди.

Жаноза маросимида қатнашган "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, таъзияда жуда кўп одам иштирок этган:

- Мана ҳозиргина нафақат Ўзбекистонда, балки дунёда ҳам таниқли бўлган Бахтиёр Ҳамроевни тупроққа бериб қайтдик. Жаноза намозидан олдин ўша маҳалла имоми Бахтиёр аканинг 60 ёшга тўлганлигини айтар экан, узоқ йиллар эл-халқ манфаати йўлида хизмат қилганини таъкидлаб ўтди. Тошкентдан ва яқин атрофдан ўнга яқин ҳуқуқ ҳимоячилари таъзияга келди, деди Абдураҳмон Ташанов.

Айни пайтда Францияда истиқомат қилаётган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти фахрий раиси Толиб Ёқубовнинг айтишича, Бахтиёр Ҳамроевнинг юрагида ботирлик бор эди:

- Бунақа одамлар камдан кам бўлади.Мен умрим давомида шундай ботирлик хислат бор одамларни бир-икки кўрганман. Масалан бизни қишлоғимизда Мустафоқул Мўминов деган бир одам ўтган. Ниҳоятда зукко, илмли одам эди. Бутун умр ҳақсизликка қарши курашиб келган. Ҳукумат уни неча марта сотиб олмоқчи бўлса ҳам, сотилмасдан камбағал ва ночор яшаб ўтган. Бахтиёржон ҳам ана шундай одамлар сирасидан эди, деди Толиб Ёқубов.

Франциядаги "Ўтюраклар клуби" раҳбари Мўътабар Тожибоева Озодлик билан суҳбатда Бахтиёр Ҳамроевнинг инсон ҳуқуқи фаолларига таъқиб ва тазйиқлар жуда кучайган бир шароитда ишлаб келганини таъкидлади:

- Бахтиёр аканинг ўрни энди билинади. У қамоқда ётган сиёсий маҳбуслар ва инсон ҳуқуқи фаолларининг оилалари билан халқаро ташкилотлар ўртасидаги кўприк эди. Қайси сиёсий маҳкумнинг ҳолати қандай, оиласи бу ҳақда нима деди, ҳаммасини халқаро ташкилотларга етказарди. У ўзини ва оила аъзолари ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса ҳам ўз фаолиятини давом эттирди. Бир неча бор уни калтаклаб ҳам кетишди, тош билан уриб бошини ҳам ёришди. Унга тазйиқ ўтказаман деб, ўғлини ҳам қамашди. Бироқ Бахтиёр Ҳамроев ўз фаолиятидан воз кечмади. Бу одамнинг вафоти инсон ҳуқуқи ҳимоячилари учун жуда катта йўқотиш бўлди, - деди Мўътабар Тожибоева.

Бахтиёр Ҳамроев мустақилликнинг дастлабки йилларидан мухолифатчилик ҳаракатларига қўшилди, сўнгра ҳуқуқ ҳимоячилиги борасида фаолият кўрсатиб келди.

Бахтиёр Ҳамроев халқаро ташкилотларни ва хорижий ОАВни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқи бузилишларига оид хабарлар билан мунтазам огоҳ этиб турган. Жиззах вилоятидаги аҳолининг норозилиги, болалар меҳнати, тадбиркорлар муаммолари ҳақида мониторинглар олиб борган. Уни бир неча бор номаълум шахслар калтаклаб ҳам кетган эди. Бахтиёр Ҳамроев мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятига доир кескин чиқишлари билан танилган, бу борада кўплаб ҳисоботлар муаллифи эди.

Ҳуқуқ фаоли шу йил бошида қароргоҳи Дублинда жойлашган нуфузли Frontline халқаро ташкилоти мукофотига номзод бўлганди.

Бахтиёр Ҳамроев ўтган йил сентябр ойидан бошлаб тўшакка михланиб қолган. Унинг хотини Муяссар опанинг Озодликка айтишича,оғир дардга чалинганига қарамай Бахтиёр Ҳамроев фаолиятини давом эттирган ва “токи оёқдан йиқилмагунимча ишлайвераман” деган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG