Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:19

Бостон портлашлари сабаб АҚШда талаба визалари қаттиқроқ текширилади


АҚШда ўқиётган хорижлик талабаларнинг визалари бундан буён қаттиқроқ текширувдан ўтказилади. Бунга Бостондаги портлашларни уюштирганликда гумонланган Жоҳар Царнаевнинг коллеждаги қозоғистонлик дўстлари АҚШда визасиз яшаб келгани сабаб бўлган.

Бостондаги уч киши ўлимига сабаб бўлган ўтган ойги портлашлар ортидан АҚШ ҳукумати талаба визалари текширувини кучайтиришга қарор қилди.

АҚШда визасиз яшаб келган қозоғистонлик талабалар Диас Қадирбаев ва Азамат Тажаяковни порталшни содир этганликда гумонланаётган Жоҳар Царнаевга тегишли бўлган ноутбукни йўқотиш ёки яшириш, мушакбозлик моддаларидан бўшаган рюкзакни ҳам йўқотишда айбланмоқдалар.

Қозоғистонлик талабалар АҚШда ноқонуний яшаб келганликлари ва виза тартибини бузганликлари аён бўлгач, АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги божхона ҳизматларига бундан буён ҳар бир талаба визасини обдон текширишни тайинлади.

Бостондаги портлашларга доир далил-исботни йўқ қилишда гумонланаётган қозоғистонлик талабалар айбдор деб топилсалар беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилишлари ёки 250 минг долларлик жаримага тортилишлари мумкин.

Аввалроқ, Қозоғистон фуқаролари талабалик визаси тартибини бузганликда айбланиб ҳибсга олинганликлари айтилаётганди.

Хабарларга кўра, Дартмутдаги Массачусетс штати университетидан ҳайдалганига қарамай, қозоғистонлик Тажаяков талабалик визаси бекор бўлган бўлса ҳам январ ойида АҚШга қайтиб киришга муваффақ бўлган.

Айни ҳолат АҚШ чегара ва божхона хизматларини бундан буён яна ҳам хушёрроқ бўлишга ундади. Бундан буён АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ҳар бир талабанинг визасини текширишга киришади.

АҚШда виза тартибини бузган ҳолда нолегал яшаб келаётган юзлаб ўзбекистонлик талабаларнинг ҳам борлиги ишонилади.

-Виза муддати ўтиб кетган ўзбек талабалари бу ерда жуда кўп. Визаси ўтиб кетган бўлса ҳам улар пул ишлаш учун шу ерда қолиб кетишмоқда, - дейди АҚШнинг Филаделфия шаҳрида яшайдиган ўзбекистонлик Баҳодир ака.

Икки йил аввал АҚШ президенти Барак Обамани ўлдиришга уринганликда айбланган Улуғбек Қодиров исмили ўзбекистонлик ҳам 2009 йили талабалик визаси билан АҚШга келгани айтилган.

Лекин 2010 йил апрелига қадар бирорта ҳам ўқув даргоҳида қайддан ўтмаганлиги туфайли Улуғбек Қодировнинг визаси ўз кучини йўқотган ва у АҚШ ҳудудида ноқонуний яшаб келган.
XS
SM
MD
LG