Линклар

logo-print
Суриянинг давлатга қарашли телевидениеси Исроилни пойтахт Дамашқдаги ҳарбий-тадқиқот марказига ракета ҳужуми уюштирганликда айблади. Телевидение ушбу айбловни 5 май куни эрталаб Дамашқда содир бўлган портлашлардан кейин эълон қилди.

Дамашқдаги ҳарбий-тадқиқот марказига ҳужум оқибатида кўрилган зарар ҳақида ҳеч қандай маълумот тарқатилмади.

Исроил ва унинг яқин иттифоқчиси бўлган АҚШ якшанба кунги воқеага дарҳол муносабат билдирмади.

Агар тасдиқланса, бу Исроилнинг уч кун ичида Сурия ҳудудидаги нишонларга уюштирган иккинчи ҳужуми бўлади.

Сурия телевидениеси орқали ўқиб эшиттирилган баёнотда: “Исроил уюштирган янги ҳужумдан мақсад шонли армиямиз қақшатқич зарбаларидан эсанкираб қолган террорчи гуруҳлар руҳини кўтаришдан иборат”, дейилган.

Сурия парламенти аъзоси Файз Ал-Сайиғ 5 май куни Дамашқда Рейтерс ахборот агентлигига берган интервюсида Исроилнинг ҳаво ҳужумига бундай муносабат билдирди.

- Сурия бу агрессияга жавоб қайтаришдан олдин ўз иттифоқчилари ва дўстлари, жумладан, Россия, Хитой, Эрон каби давлатлар ва минтақадаги қаршилик ҳаракатлари билан қатор маслаҳатлашув ўтказади. Мен, ҳукумат бунга бошқа воситалар ёки бевосита ҳарбий жавоб қайтаришни ўрганаётганига ишонаман, дея фикр билдирди Сурия парламенти депутати.

Мухолифатга хайрихоҳ бўлган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси маълумотига кўра, якшанба кунги ҳужум Жамрая ҳарбий-тадқиқот маркази ва унга яқин жойлашган қурол-аслаҳа омборига қарши амалга оширилган.

Фаоллар томонидан Интернетга қўйилган видеолавҳада тунда Дамашқда портлашлар содир бўлаётгани акс этган.

Исроил ҳарбийлари январ ойида ҳам Жамрая тадқиқот марказига ҳужум амалга оширгани айтилади.

Дамашқдаги портлашлар Исроил 3 май куни Сурия ҳудудида олиб кетилаётган ракеталарга ҳужум қилганини тасдиқланганидан бир кун кейин содир бўлди.

Хабарларга кўра, ўша ракеталар Сурия ҳукуматининг иттифоқчиси, Исроилга қарши бўлган Ҳизбуллоҳ гуруҳи жанггариларига топширилиши мўлжалланган эди.

2006 йилда Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасида бир ой давомида уруш бўлган.

АҚШ Президенти Барак Обама замонавий қуроллар Ҳизбуллоҳ гуруҳига топширилишининг олдини олиш орқали Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлаган.

Коста Рикага сафари чоғида испан тилидаги телевидениега интервю берган Барак Обама: "Исроил расмийлари ҳужум исроилликлар томонидан амалга оширилганини тасдиқлагани ёки уни инкор қилганидан кейин бу борада фикр билдириш мумкин", дея воқеани шарҳлашдан бош тортди.

Айни пайтда, якшанба куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Рамин Меҳмонпараст Исроил Сурияда амалга оширгани айтилаётган ҳужумни қоралаб, минтақа давлатларини Тел Авивга қарши туришга чақирди.

Эроннинг Press телеканалига кўра, Меҳмонпараст Исроилни “босқинчилик”да айблаб, мазкур ҳужум минтақада беқарор вазиятни юзага келтириш мақсадида атайин уюштирилганини иддао қилган.

БМТ маълумотига кўра, 2011 йил март ойида Сурияда президент Башар Ал-Ассад режимига қарши оммавий норозиликлар бошланганидан бери мамлакатда 70 мингдан зиёд одам нобуд бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG