Линклар

logo-print

Россия мухолифати экспертлар кенгаши Москванинг Болотная майдонида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашув бўлганининг бир йиллиги муносабати билан пойтахтда юриш ўтказди. Акция қатнашчилари “Сиёсий маҳбусларга озодлик” каби шиорлар кўтариб чиқди.


2012 йил 6 май куни Владимир Путин президент сифатида қасамёдга келтирилиши арафасида Болотная майдонида Путиннинг ҳокимиятга қайтганидан норози бўлган юзлаб намойишчи ва полиция ўртасида тўқнашув содир бўлган эди.

Тўқнашув пайтида қўлга олинган намойишчилардан 28 кишига нисбатан жиноий иш очилган.

5 май кунги намойиш қатнашчилари “Сиёсий маҳбусларга озодлик” деган сўзлар ёзилган плакатлар, байроқлар, пуфаклар кўтариб чиқди.

Москва полициясига кўра, Москва вақти билан соат 16 да бошланган юришда юзлаб фуқаро иштирок этган.

Ташкилотчилар мухолифат акцияси иштирокчилари сони ўн минг кишига етиши мумкинлигини тахмин қилган эди.

Якшанба кунги акция қатнашчилари Москва марказидаги "Октябрьская" метро бекати яқинида тўпланди.

Полиция ходимлари юришда қатнашган одамларни металл детекторлардан ўтказди.

Маҳаллий ахборот агентликлари хабарига кўра, Болотная майдони томон юришда қатнашмоқчи бўлган бир йигит пневматик қурол билан қўлга олинган.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига таяниб Интерфакс ахборот агентлигининг хабар қилишича, йигит металл детекторни четлаб юриш қатнашчиларига қўшилиб олишга уринган пайтда полиция ходимлари уни ҳибсга олган.

Мухолифатнинг иккинчи норозилик акцияси душанба куни, Болотная майдонида тўқнашув рўй берганига роппа-роса бир йил тўлган кунда ўтказилиши режаланган.
XS
SM
MD
LG