Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:34

Нисбатан “эркин” газета бош муҳаррири ишдан кетди


Ўзбекистондаги “Медиа-бизнес” масъулияти чекланган жамият таъсис этган “Новости Узбекистана” газетаси бош муҳаррири Баҳодир Йўлдошевнинг ишдан кетгани тўғрисида хабар берар экан, Ўзметроном сайти муҳаррирни ишдан кетишга “республикадаги газеталарни назорат қилувчи бир қатор амалдорлар” мажбур қилди, деб ёзди.

Бироқ газета таҳририяти ходимлари Озодлик саволларига жавоб берар экан, Йўлдошевнинг ишдан кетишини унинг пенсияга чиққани билан изоҳлади.


Ўзбекистондаги “мустақил” нашрлардан бири ҳисобланган “Новости Узбекистана” газетаси билан боғлиқ ўтган йилги бир можаро тўғрисида Озодлик ўз вақтида хабар берган эди.

Шунинг учун газета бош муҳаррири Баҳодир Йўлдошевнинг ишдан кетгани тўғрисидаги хабарни ўрганишга қарор қилдик.

Газетанинг ўзини таништирмаган мухбирига кўра, Йўлдошев ишдан бўшатилган эмас.

-Ҳеч ким ҳеч қаерга кетган эмас. Оғриб ишга чиқмаяпти, холос. Пенсия ёшидаги одам у, шунинг учун оғриб қолиши ҳам табиий, деди мухбир.

Биз газета муассиси “Медиа-бизнес” масъулияти чекланган жамияти билан ҳам боғландик. Ташкилот телефонини кўтарган ходим Йўлдошевнинг ишдан кетгани тўғрисидаги хабарни тасдиқлади.

-Бош муҳаррир лавозимида ҳозир бошқа киши ишлаяпти. Баҳодир Абдуллаевич (Йўлдошев) эса, даволанмоқда. Даволаниб бўлгач, пенсияга чиқади, деди “Медиа-бизнес” ташкилоти телефонини кўтарган ходим.

Баҳодир Йўлдошевнинг ўзи билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонлик баъзи таҳлилчилар, хусусан, Йўлдошевнинг ишдан кетгани тўғрисида хабар қилган "Ўзметроном” сайти муасссиси Сергей Ежков фикрича, “Новости Узбекистана” газетаси мамлакат вақтли нашрлари орасида нисбатан эркин позицияга эга.

Газета таҳририяти асосий вазифаси тўғрисида ўз сайтида ёзар экан, жумладан, “иқтисодиёт, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш билан боғлиқ муаммолар юзасидан ўткир танқидий мақолалар эълон қилиш”дир, деган.

Ўзбекистонлик бир неча тажрибали журналист биздан “Баҳодир Йўлдошев”, деган исмни эшитар экан, дабдурастдан гап ким тўғрисида бораётганини тушунмади, улар биздан “режиссёрни айтаяпсизми”, деб сўради, (Баҳодир Йўлдошев таниқли ўзбек театр режиссёри).

Суҳбатдошларимиздан бири фикрича, “Новости Узбекистана” газетаси “унинг ортида турган тор тижорий гуруҳ манфаатларига хизмат қилади”.

“Фергана.ру” сайти эса, “Новости Узбекистана” газетасига мана бундай баҳо берган эди: “Аслида, бу газета мустақил журналистларга нисбатан ўта салбий муносабати билан танилган”.

Бироқ ўтган йилги бир можаро бу газетани “дадил нашр”, деб баҳолагувчилар фикрига далил бўлиши мумкин.

“Новости Узбекистана”нинг 2011 йил, 23 декабр сонида Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолиятига нисбатан танқидий фикр билдирилган ва шундан сўнг Ҳаракат газета устидан судга ариза берган эди.

2012 йилнинг 1 майида Тошкент шаҳар хўжалик суди газетани Ўзбекистон экологик ҳаракатига маънавий зарар етказганликда айбдор, деб топган, таҳририят зиммасига раддия чоп этиш ва маҳкама харажатларини тўлаш мажбуриятини юклаган эди.

Агар “Новости Узбекистана” устидан судда ютиб чиққан Ўзбекистон экологик ҳаракати мамлакат парламентидан жой олган ягона жамоат ташкилоти эканлигидан келиб чиқсак, (ким ҳақ, ким ноҳақлигидан қатъиназар) газетанинг анчайин дадиллик қилгани кўринади.

Яқинда эса (феврал ойида) "Новости Узбекистана" газетаси “Фарҳод ГЭСида фалокат юз бериш” этимоли тўғрисида ёзди.

Газетага кўра, фалокатга қўшни Тожикистон томонидан оддий техника хавфсизлиги талабларига ва объектдан фойдаланиш меъёрларига риоя қилинмаётгани сабаб бўлиши мумкин. Натижада Ўзбекистоннинг бир қатор аҳоли пунктлари сув остида қолиш хавфи бор.

"Новости Узбекистана" газетаси бош муҳаррирининг ишдан кетгани тўғрисидаги хабар 3 май куни нишонланган Жаҳон матбуот эркинлиги кунидан бир кун ўтиб пайдо бўлди.

Freedom House ташкилотининг жаҳонда сўз ва матбуот эркинлигига доир янги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон яна матбуот эркинлиги энг ёмон бўлган саккиз давлат - Беларус, Куба, Экваториал Гвинея, Эритрея, Эрон, Шимолий Корея ва Туркманистон қаторидан жой олди.
XS
SM
MD
LG