Линклар

БМТ комиссияси: Сурия исёнчилари кимёвий қурол ишлатгани йўқ


БМТ терговчилари гуруҳи Сурия можаросида бирор томон кимёвий қурол ишлатганига оид аниқ далиллар йўқлигини айтмоқда.

Сурия бўйича Мустақил халқаро тергов комиссияси баёнотида айтилишича, “Сурия можаросида иштирок этаётган бирор томоннинг кимёвий қурол ишлатганини хулоса қилоувчи бирорта далил топилмаган”.

Комиссия баёноти, уруш жиноятлари бўйича собиқ прокурор Карла Дел Понте Швейцария телеканалига берган интервьюсида исёнчилар “зарин газини ишлатган”, дея таъкидлаши ортидан эълон қилинди.

Исёнчилар вакиллари Дел Понте илгари сурган иддаоларни рад этди.

Айни пайтда қароргоҳи Лондонда жойлашган суриялик инсон ҳуқуқлари ташкилоти Исроил ҳаво кучлари якшанба куни амалга оширган ҳаво ҳужуми оқибатида ҳукуматнинг 42 аскари ҳалок бўлди, дея маълум қилди.

Исроил расмийлари ҳаво ҳужумида Ливандаги Ҳизбуллоҳ жанггарилари учун Эрондан олиб келинаётган ракеталар нишонга олинганини айтмоқда. Бу кейинги уч кун ичида Исроил томонидан Сурия ичкарисида қилинган иккинчи ҳужум бўлди.
XS
SM
MD
LG