Линклар

АҚШ ҳукумати Сурияда исёнчилар тарафидан кимёвий қурол ишлатилганига оид иддаоларга ишончсизлик билан қарашини билдирди.

Бу ҳақда душанба куни Оқ Уй матбуот котиби Жей Карней маълум қилди.

Аввалроқ БМТнинг Сурия бўйича комиссияси вакили Карла Дел Понте Швейцария телеканалига берган интервюсида Сурияда ишлатилган кимёвий қуролга исёнчилар масъул эканини айтган эди.

Бироқ кейинроқ БМТнинг Сурия бўйича Мустақил халқаро тергов комиссияси баёнот чиқариб, унда Сурия можаросида иштириок этаётган бирор томоннинг кимёвий қурол ишлатганини хулоса қилувчи бирорта далил топмаганини маълум қилди.

БМТ текширувчиси Дел Понте жабр кўрганлар ва уларни даволаган шифокорлар билан ўтказган суҳбатлардан сўнг заҳарли сарин гази исёнчилар тарафидан ишлатилган, деган хулосага келганини айтмоқда.

Суриянинг исёнчилар тарафидан бошқарилган ҳудудларида касалхоналарга ёрдам кўрсатувчи Чегарасиз шифокорлар халқаро ташкилоти душанба куни кимёвий қуролдан жабр кўрган беморларни учратмаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG