Линклар

Ўзбекистонда бола асраб олиш амалиёти бундан буён судлар орқали амалга оширилади.


Жорий ой бошидан кучга кирган Ўзбекистон Фуқаролик-процессуал кодексига ўзгартишлар ва тўлиқлашлар тўғрисидаги қонунга мувофиқ, бола асраб олиш ва силнинг юқумли шаклига чалинган хасталарни мажбуран касалхонага ётқизишга оид ишлар билан эндиликда махсус маҳкама шуғулланади.

Бола асраб олиш масаласи авваллари ҳокимлар ваколатида эди.

Эндиликда бола асраб олмоқчи бўлган кишилар бу ҳақда ўзи яшаётган жойдаги фуқаролик судига ариза топширишлари керак бўлади. Хорижда доимий равишда яшаб турган Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет элликлар эса бу каби ариза билан юқори суд инстанцияларига мурожаат қилишлари лозимлиги қайд этилган.

Бола асраб олиш бўйича ишни суд бола асраб олувчи, васийлик идоралари, прокурор, зарур бўлган ҳолатларда эса асраб олинувчи боланинг ўзи (агар 10 ёшга тўлган бўлса), унинг ота-онаси ва қариндошлари иштирокидаги ёпиқ мажлисда кўриб чиқади.

Агар суд бола асраб олувчи келтирган важ-корсонлардан қониқиш ҳосил қилса, унга фарзанд асраб олишга рухсат бериши мумкин. Бундай пайтда суд қарор кучга кирганидан кейин 3 кун ичида ўз қароридан кўчирмани Фуқаролик ҳолатини қайд этиш (ФҲҚЭ ёки ЗАГС) бўлимига юборади, ФҲҚЭ бўлими ходимлари эса ўз навбатида асраб олинган боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасига ўзгартишлар киритади.

Қонунда бола асраб олишни бекор қилиш ҳам суд орқали амалга оширилиши қайд этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG