Линклар

АҚШ Давлат котиби Россияга илк сафарини бошлади


АҚШ Давлат котиби Жон Керри Москванинг Внуково аэропортида, 2013 йил 7 май.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Москванинг Внуково аэропортида, 2013 йил 7 май.


АҚШ Давлат котиби Россияга ташрифи чоғида президент Владимир Путин ва ҳукуматнинг бошқа раҳбарлари билан Сурия, Эрон ва Шимолий Кореянинг ядровий дастурлари, терроризмга қарши курашда ҳамкорлик ва бошқа муҳим масалалар юзасидан музокаралар олиб бориши режаланган. Жон Керрининг Россиядаги фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашиши режаланган.

АҚШ Давлат котибининг Москвага икки кунлик тарифи чоғида Сурия, Эрон ва Шимолий Кореянинг ядровий дастурлари таҳдиди, терроризмга қарши курашда ҳамкорлик, Афғонистон, савдо ва Россиядаги инсон ҳуқуқлари аҳволи каби масалаларнинг муҳокама этилиши кутилмоқда.

Жон Керри феврал ойида АҚШ Давлат котиби лавозимини эгаллаганидан бери бу унинг Россияга илк ташрифидир.

АҚШ разведка хизмати Сурияда кимёвий қуроллар ишлатилгани ҳақидаги маълумотни қўлга киритгани ортидан Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда Жон Керри Москвани Сурия президенти Башар Ал-Ассад режимини дастаклашдан воз кечишга ундаши айтилмоқда.

Россия ва Хитой БМТ томонидан Сурияга қарши санкциялар кучайтирилишига тўсқинлик қилиб келмоқда.

Сурияда икки йилдан бери давом этаётган зўравонликларда 70 мингдан ортиқ одам нобуд бўлганига қарамай, Россия Башар Ал-Ассад режимига қурол етказиб беришни давом эттирмоқда.

Жорж Мейсон университети Яқин Шарқ бўлимининг Россия Ташқи сиёсат бўйича эксперти Марк Кац Жон Керрининг Москвага ташрифи чоғида бу борада сезиларли ижобий ўзгариш бўлиши эҳтимолдан йироқ деган фикрда:

- Мен, Керри эришиши мумкин бўлган энг катта ютуқ, АҚШ ва иттифоқчилари Сурияга қарши кўраётган чораларга Россия кескин муносабат билдирмаслиги бўлиши мумкин, деб ўйлайман. Россияликлар Ассад режими ҳокимиятни қўлида сақлаб қола олмаслигини билса ҳам, улар собиқ иттифоқчиларига қарши бўлганларга ёрдам беришни хоҳламайди. Сурияда бош-бошдоқлик рўй берса, тўғридан-тўғри Ғарб айбланади, деди Марк Кац.

Жон Керрининг Россияга ташрифи ўтган ой АҚШнинг Бостон шаҳридаги марафонда террор ҳужуми уюштирилганидан кейин амалга ошмоқда.

Бостон ҳужумини икки нафар этник чечен мигранти амалга оширганликда гумон қилингани муносабати билан терроризмга қарши ҳамкорлик томонлар ўртасида яна долзарб масалага айланди.

Таҳлилчилар ўтмишдаги ишончсизлик ва бюрократия АҚШ ва Россия ўртасида разведка маълумотлари алмашишни чеклаган ва бу ҳолат давом этиши мумкин¸ деган фикрда.

Шунга қарамай, АҚШ Давлат департаментининг юқори лавозимли расмийси Керри сафари арафасида мухбирларга Бостондаги ҳужум АҚШ ва Россиянинг терроризмга қарши кураш ҳамкорлигида янги давр бошлаганини урғулади.

АҚШ Давлат котибининг Москвага ташрифи чоғида Сурия можаросини тинч йўл билан ҳал этиш масаласидан ташқари Эрон ва Шимолий Кореянинг ядровий дастури таҳдиди, Европанинг ракета ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш Россия хавфсизлигига таҳдид солмаслиги масалаларининг ҳам муҳокама этилиши режаланган.

8 май куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри АҚШнинг Москвадаги элчиси Майкл МакФаул қароргоҳида Россиядаги фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашади.

Жон Керрининг Москвага ташрифи чоғида АҚШ президенти Барак Обама ва Россия президенти Владимип Путин ўртасида июн ойида Катта Саккизлик саммитидан ташқари бўлажак учрашув¸ ҳамда сентябр ойидаги икки томонлама саммитга тайёргарлик масалаларининг муҳокама этилиши ҳам мўлжалланган.
XS
SM
MD
LG