Линклар

logo-print
Пиво ва сигарет, макарону консерваланган гўшт, пиёз ва саримсоқпиёз, зиравор ва қайлалар, картошка ва нўхат...

Бу товарларнинг Ўзбекистонга импорт қилинадиган қисми яқин кунлар ичида қимматлайди.

Чунки 1 майдан бошлаб тилга олинган товарлар импортини чеклаш учун янги ҳукумат янги чекловлар жорий этди.


Президент Каримовнинг “Маҳаллий истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва ассортиментини кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори жорий ой бошида кучга кирди.

Мазкур қарор Ўзбекистонга импорти чекланган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлар рўйхатини янада кенгайтирди.

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга импорт қилинадиган маҳсулотларнинг 45 турига 10 %дан 30 %гача акциз солиғи солиниши белгиланган эди.

Қўшимча акциз солиғига тортиладиган товарлар рўйхатида картошкадан тортиб велосипедгача бор эди.

Хусусан, пиво, сигарет, атир совун, тери ва трикотаждан тайёрланган кийимлар, совутгич, чангютгич, дазмол ва кондиционер каби кенг истеъмол товарлари импортига акциз ставкалари 1 апрелдан оширилган эди.

Президент Каримов 30 апрелда имзолаган ва ва 1 майда кучга кирган ПП-1961 – қарорга биноан, акциз солиғи 1 апрелдан ошган товарлардан баъзиларига яна шу солиқ ставкалари оширилди.

Масалан, Uzdaily.uz сайтига кўра, ҳукумат пивога акциз солиғини 100%, бироқ ҳар литрига 1,3 доллардан кам бўлмаган миқдорда белгилаган. 1 майгача бу товар учун солиқ ставкаси 70%, лекин ҳар литрига камида 1 доллар бўлганди.

Гўштдан қилинган тайёр ёки консерваланган маҳсулотлар импорт қилинса, акциз солиғи товар божхона қийматининг 70 %ини ташкил қилади. 1 майгача 50% эди.
Шунингдек, консерваланган мева-сабзавот маҳсулотлари учун акциз 30%дан 50%га ошди.

Мамлакатга макарон олиб кирувчилар ҳам акциз солиғи 20%дан 30%га ошганини билиб қўйиши керак. Турли зиравор ва қайлалар учун акцизлар эса, 50%дан 70%га ошди.

1 майдан бошлаб тар сабзавотлар импорти ҳам акциз солиғи жорий этиш йўли билан чекланмоқда. Масалан, картошка учун 10, пиёз ва саримсоқпиёз учун 30, дуккаклилар учун 10%ли акциз жорий қилинди.

Фарғоналик Маъруфжон аканинг сўзларига қараганда, ҳукуматнинг бу йўналишдаги қадами умуман тўғри, лекин товарларнинг баъзи турлари бўйича жойлардаги бозор хусусиятларидан келиб чиқиш керак:

- Масалан, пиёз импортини чеклаш зарур, дейди Маъруфжон ака, чунки, шу кунда Фарғона бозорларида пиёз ўта арзон. Ўтган йили қиммат бўлган бўлса керак, шунинг учун деҳқонлар кўпроқ экиб, бу йил анча арзон.

Айни пайтда, картошка ҳар йилгидан қиммат. Чунки Фарғона бозорларида сотиладиган картошканинг катта қисми, асосан, импорт маҳсулотдир:

- Балки, Қирғизистон билан муносабатлар совуқлашиб, йўллар ёпиқ бўлгани учунми, ҳар ҳолда картошка қиммат. Килоси 1700 дан бошланиб 2100 сўмгача, деди фарғоналик Маъруфжон ака.

Унинг айтишича, бозорда маҳаллий саноат молларини ҳам топиш мумкин:

- Фарғона пойафзал фабрикасида ишлаб чиқарилган шиппак сотиб олдим яқинда. 7000 минг сўм холос, арзон, деди деди фарғоналик Маъруфжон ака.

Яна 1 майдан жорий этилган ёки оширилган акциз солиқларига қайтамиз.
Президентнинг 30 апрел кунги қарорига биноан тамаки маҳсулотлари учун солиқ миқдори ҳам ошди. 1 майгача минг дона сигарет учун акциз 3 АҚШ доллари миқдорида бўлган бўлса, 1 майдан бошлаб бу кўрсаткич 5 долларга кўтарилди.

Иқтисодчи Миркомил Тошкандийнинг фикрича, ҳукуматнинг импортни чеклашдан икки мақсади бўлиши мумкин:

- Биринчидан, тадбиркорларни, маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилиш, иккинчидан давлат бюджети камомадини қоплаш, уни тўлдиришдир, деди Миркомил Тошкандий.

Лекин иқтисодчи фикрича, импортни кескин чеклаш ортидан унинг салбий оқибатларини ҳам кутишга тўғри келади – контрабанда кучаяди.

Ўзбекистон Президентининг 1 майдан кучган кирган 30 апрел кунги қарори бу соҳадаги дастлабки ҳужжат эмас.

Президент Каримов 2013 йил, 29 январ куни “Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рақобатбардошлигини янада ошириш ва товарларнинг мамлакатга ноқонуний олиб қирилишига қарши курашни кучайтиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган, Вазирлар Маҳкамаси эса, 2013 йилнинг 4 мартида "Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтишни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни қабул қилган эди.

Тилга олинган икки ҳужжат импортни кескин қисқартириш учун асос бўлган бўлса, 30 апрел кунги қарор ўша асосни янада кучайтирди.

Таҳлилчилар, хусусан, иқтисодчи Миркомил Тошкандий “1 апрелдан бошланган тақиқларнинг фойда-зарари тўғрисида бир нарса дейишга ҳали эрта”, деган фикрни билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG