Линклар

Истиқболдаги 50 йил давомида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 2-3 даражага кўтарилиши кутилмоқда. Шу муносабат билан Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги соҳасида чора-тадбирлар кўришни таклиф қилди.


Мазкур таклиф Жаҳон банкининг янги китоб тақдимоти муносабати билан 7 май куни тарқатилган матбуот варақчасида ўз аксини топган.

“Уфқ ортига боқиб: иқлим ўзгаришларининг таъсири ва мувофиқлаштириш бўйича чоралар Шарқий Европа ва Марказий Осиё қишлоқ хўжалигини қай йўсинда ўзгартиради” деб номланган бу китобда агар бу борада чоралар кўрилмаса, об-ҳаво ва ёғин-сочиндаги ўзгаришлар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини янада заифлатиши ва деҳқонлар аҳволини ночорлатиши мумкинлиги қайд этилади.

Китобда Албания, Македония, Молдова ва Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳаси учун мувофиқлаштирув (адаптация) бўйича янги ғоялар ва вариантлар таклиф қилинган.

Унда айтилишича, келажак 50 йил ичида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 2-3 даражага кўтарилиши кутилаяпти. Шунингдек, ёз иссиқ келган йиллари мамлакатда ёғин-сочин йилига ўртача 10 мм га камайиши, чўл ҳудудларида эса 40-50 мм га кўпайиши айтилган.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, Жаҳон банки томонидан нашр этилган китобда, агар иқлим ўзгариши бўйича уруғ қадаш вақтини ўзгартиришдан бошқа чоралар кўрилмаса ҳамда суғориш ишларида тақчиллик юзага келиши мумкинлиги ҳисобга олинмайдиган бўлса, 2050 йилга бориб қарийб барча экинлардан олинадиган ҳосил 20 фоиздан 50 фоизгача тушиб кетиши тахмин қилинади. Хусусан, китобда Ўзбекистонда олма, картошка ва помидор каби мева-сабзавотлар ҳосили камайиши билан бир қаторда мамлакат учун асосий экспорт товарлари бўлган пахта ҳамда буғдой ҳосилдорлиги ҳам пасайиши кутилаётган қайд этилган. Айни пайтда яйловларда ем-хашак мўл бўлиши ва йўнғичқа (беда) ҳосилдорлиги ошиши ҳам айтилган.

Саналган маҳсулотларнинг қарийб барчаси суғориладиган дала ва боғларда етиштирилгани учун китобда Ўзбекистонда сув заҳираларини бошқариш муҳим аҳамиятга эга бўлиши таъкидланади.

- Фермерлар иқлим ўзгариши оқибатларига аллақачон тўқнаш келганлар, эндиликда уларнинг даромади ҳукумат ва хусусий сектор ёрдамида бу таъсирга қарши тегишли жавоб ҳаракатларини амалга ошириш қобилиятига боғлиқ бўлади, - дея иқтибос келтирилади китоб муаллифи Уилям Саттондан Жаҳон банки матбуот варақчасида.

Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалиги бўйича етакчи иқтисодчиси бўлган жаноб Саттон мазкур тадқиқот иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига муҳтамал таъсирини ўрганиш учун ёндашувларни таклиф қилишини айтади.

Китобдаги асосий тавсиялар бири фермерлар учун таълим тизимини яхшилаш бўлиб, бунда, муаллифлар фикрича, қулоч ёйиб бораётган қурғоқчилик ва зараркунандалар ҳужумига дош бера олувчи экин навларига алоҳида аҳамият берилиши лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG