Линклар

Ўзбекистон “Аҳолини сил касаллигидан ҳимоя қилиш ҳақида”ги Қонуннинг 1 майдан бошлаб кучга кирган янги қўшимчаларига кўра, юқумли сил касаллигига чалинган беморлар¸ агар даволанишни хоҳлашмаса¸ мажбуран касалхонага ётқизилади.


Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб сил касаллигининг очиқ формасига чалинган ва даволанишни истамаётган беморлар сил касаллигига қарши даволаниш муассасаларига олти ойгача муддатга мажбурий ётқизилади. Бундай ҳолатларни прокуратура идоралари назорат қилади.

“Аҳолини сил касаллигидан ҳимоя қилиш ҳақида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра, силга чалинган беморнинг ҳолатини кўриб чиқиш суд, прокурор, силга қарши муассасалар вакиллари ва беморнинг вакили иштирокида амалга оширилади. Бемор бундай пайтда соғлиғининг ҳолатига қараб ўзи ҳам иштирок этиши мумкин. Агар суд бемор мажбурий даволаниши шарт деган қарор чиқарса, бу қарор ижроси дарҳол ички ишлар бўлими ходимлари томонидан амалга оширилади.

Қонунда айтилишича, бемор атрофдагилар саломатлигига хавф солмайдиган даражада тузалган ва уни даволаётган муассаса врачлар комиссияси рухсат берган тақдирдагина касалхонадан уйга қайтиши мумкин.

Навоий вилоятининг Нурота тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли сил касалликлари шифохонасининг исми сир қолишини сўраган докторлардан бирининг айтишича, бундай қонун қабул қилингани ҳақиқатан ҳам сил касаллиги тарқалишини анча камайтиради:

- Бу жуда яхши қонун бўлибди. Мана мисол. Бизда битта аёл ётибди. Силни очиқ формаси. Тўртта фарзанди бор экан. Уларни болаларини олиб келиб рентген қилиб кўришди ва уларда ҳам сил борлиги аниқланди. Лекин дадаси касалхонага ётқизмай қишлоғига олиб кетди. Энди, бу болалар мактабда ўқийди, болалар билан ўйнайди. Бу касалликнинг очиқ формаси ҳаво билан ҳам ўтиши мумкин. Одамлар тушунмаса, бошқаларга зарар бўлмаслиги учун уларни мажбурлаб даволатиш керак, дейди шифокор.

Мутахассис қонун чиқарувчиларнинг бу қадамини олқишлар экан, айни пайтда, ҳукумат сил касаллигига қарши курашда бир қанча камчиликларга йўл қўяётганини ҳам айтиб ўтади:

- Мана қаранг, силга қарши курашаяпмиз деймиз. Лекин бу ҳаммаси кампаниябозликка ўхшаб кетади. Бизда 2008 йилдан буён мактабларда силга қарши эмлаш ўтказилмаяпти. Ана шу эмлашларда кўкрак қафасида дарди борларнинг укол қилинган жойи қизариб, дарров билинарди ва улар ажратилиб даволанарди. Ҳозир бундай ишлар йўқолиб кетган, дейди шифокор.

Унинг айтишича, сил бу камбағаллар касали ва тўйиб овқат емаганлар бу касалга кўпроқ чалинади. Шифокорга кўра, бугун сил касалликлари шифохоналарида ҳам озиқ-овқатнинг мазаси йўқ:

- Дори-дармонлар етарли эмас. Узилишлар бўлиб туради. Илгари СССР пайтида бу касалхоналар учун махсус йилқичилик фермалари бўларди. Отнинг сути-қимиз билан даволардик. Ҳозир бу нарсалар йўқ бўлиб кетди. Олдин обедда биринчи, иккинчи овқат бериларди. Ҳозир фақат бир овқат берилади. Сут, тухум ҳар замон берилади, сариёғ ва шакар умуман йўқ. Силни даволашнинг биринчи йўли кучли овқатлар билан, ана ундан кейин дори дармон билан бўлади, дейди шифокор.

Ўзбекистон ҳукумати 2012-2015 йилларда сил касаллиги билан кураш мақсадларига 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган.

2005 йилдан буён Ўзбекистон сил касаллигига қарши курашиш мақсадида халқаро ташкилотлардан 65 миллион доллар миқдорида грант олганлиги айтилади.

Ўзбекистонда сил касаллигига оид муаммонинг асосий жиҳатларидан бири бу мамлакат қамоқхоналарида маҳбуслар орасида бу касалликнинг кенг тарқалгани билан боғлиқ вазиятдир. Маҳбуслар орасида, айниқса мултирезистент сил касаллиги билан боғлиқ вазият таҳликали тус олганлиги айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG