Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:02

Имомоталиклар БМТга шикоят йўллади


Ўшнинг Имомота мавзеси аҳолиси милициянинг ноқонуний ҳаракатларидан норози.
Ўшнинг Имомота мавзеси аҳолиси милициянинг ноқонуний ҳаракатларидан норози.

Ўш шаҳри атрофидаги Шарқ қишлоғининг Имомота мавзеси аҳолиси ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан этник ўзбеклар ҳуқуқлари бузилаётганидан норозилик билдириб, халқаро ташкилотларга ва Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Хитой президентларига мурожаат жўнатди.


Иложсизликдан ёзилган мурожаат

Ўшлик адвокат Рашид Музаффаровнинг айтишича, мурожаатга 150 одам имзо чеккан. Имомоталиклар бундан аввал ўз ҳуқуқлари ҳимоя этилишини илтимос қилиб Қирғизистон президентига, ҳукуматига ва бош прокуратурага ариза киритган. Адвокат Музаффаров бу аризаларга жавоб бўлмаганидан кейин мавзе аҳолиси халқаро ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлганини айтди:

-Милицияга, ҳукуматга киритилган аризаларга ҳеч қандай муносабат билдирилмаганидан сўнг имомоталиклар иложсизликдан БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга мурожаат қилаяпти. Улар бу ишлар халқаро мутахасислар томонидан текширилсин деб талаб қилишаяпти. Имомоталиклар тергов жараёнида одамларни калтаклаш, қийноқларга солиш муаммосини халқаро мутахасислар ўргансин, деган фикрда, -деди Рашид Музаффаров.

Гап шундаки, Имомота мавзесида яшовчи Убайдулло Абдуллажонов, Икромжон Нўмонов ва “Ўш садоси” газетасининг бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоилов 2010 йилнинг июн ойида маҳалладоши, ўзбек миллатига мансуб Анвар Маҳмудовни ўлдирганликда гумонланмоқда. Муҳаммадсоли Исмоиловдан бошқа икки гумонланувчи 31 мартдан бери ҳибсхонада сақланмоқда. Ўш суди Муҳаммадсоли Исмоиловга уй қамоғи эҳтиёт чорасини белгилаган.

"Ҳамма мелисадан безиб қолган"

Имомота маҳалласи оқсоқолларидан бирининг айтишича, мазкур айблов юзасидан ҳар куни милиция идорасига ўнлаб одамлар сўроқ учун олиб кетилаяпти. Бу эса маҳалла аҳли орасида қўрқув ҳиссини пайдо қилган.

- Ҳар куни органдан келиб болаларни олиб кетишаяпти. Сўроқ қилиб, айримларини қўйиб юбораяпти, айримларини олиб қолишаяпти. Тўрт-беш кундан бери мана шу аҳвол. Кунига бир неча мартадан келиб олиб кетишаяпти. Ҳамма қўрқиб қолган, айниқса аёлларимиз қий-чув кўтаришиб, ҳамма мелисадан безиб қолган, -деди Имомота маҳалласи оқсоқолларидан бири.

Сўроққа чақирилганлардан айримлари эса Озодлик радиосига ўзларининг тергов давомида калтакланганларини билдирган эди. Улардан бири Ҳабибулло Сайдалиев.

-Мени милиционерлар кўкрагимга тепишган,оёқ ва биқинларимга уришган. Рост гапни айтасан, бўлмаса ҳозир подвалга олиб кириб қамаймиз. Ўша ерда айтмайдиган гапларингни ҳам ўзинг айтиб берасан, деб қўрқитишди, -деди Ҳабибулло Сайдалиев.

Рашид Музаффаровнинг айтишича, қийноқларга солинган одамлар ўз ҳуқуқлари учун курашишдан қўрқади.

-Уларга “калтакланганинглар тўғрисида ариза ёзинглар”, десам “Бизни шундан сўнг яна калтаклашади, уйимизга ўқ ташлаб қийнашади”, деб жавоб беришаяпти. Ҳақиқатдан ҳам бу иш билан шуғулланаётган милиция ходимлари қанча-қанча болаларни олиб келиб, калтаклашган. Мен қирғиз айбдор ёки ўзбек айбдор демоқчи эмасман. Бу ерда айрим ҳуқуқ-тартибот ходимлари ноқонуний ҳаракатларни қилаётгани ҳақида гап кетаяпти, -деди Рашид Музаффаров.

Имомотадан яна юздан ортиқ одам тергов қилинади

Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Ашуралиевнинг айтишича, Имомотада ўлдирилгани таҳмин қилинаётган ўзбек миллатига мансуб Анвар Маҳмудов билан боғлиқ жиноят иши бўйича 45 одам сўроқ қилинган. Терговга яна юздан ортиқ одам чақирилиши мумкин.

Жениш Аширалиев тергов қонун доирасидан чиқмаган ҳолда амалга оширилаётганини таъкидлаган ҳолда, имомоталикларга уларнинг халқаро ташкилотларга мурожаатларидан ҳеч қандай наф бўлмаслигини писанда қилиб ўтди.

-Бошқа давлатлар ва уларнинг президентлари бизнинг ички ишларимизга аралаша олмайди. Иккинчидан, шикоят қилиш учун ҳеч қандай асос ҳам йўқ. Тергов қонун доирасида олиб борилаяпти. Сўроққа чақирилган ҳар бир одам адвокат ва БМТ ходимлари назорати остида сўроқ қилинаяпти, -деди Жениш Аширалиев.
XS
SM
MD
LG