Линклар

Алишер Усмонов жиянининг дафн маросимига келди


Алишер Усмоновни жиянининг дафн маросимида кўрган гувоҳлар унинг қайғудан эзилиб кетганини айтганлар.

Алишер Усмоновни жиянининг дафн маросимида кўрган гувоҳлар унинг қайғудан эзилиб кетганини айтганлар.

Россиялик олигарх Алишер Усмонов автоҳалокатга учраган жияни Бобурнинг дафн маросимида қатнашиш учун кеча Тошкентга етиб келди.


8 май куни эрталаб Тошкентдаги “Шедевр” супермаркети яқинида содир бўлган автоҳалокат туфайли оламдан ўтган Бобур Усмонов шомга яқин пойтахтдаги Минор қабристонида тупроққа топширилган.

Узметроном нашри гувоҳлар сўзига таянган ҳолда дафн маросимида иштирок этган Алишер Усмонов қайғудан афтодаҳол алфозда турганини ёзди.

Яқиндагина 30 ёшни қаршилаган Бобур Россиянинг энг бой кишиси бўлган асли наманганлик Алишер Усмоновнинг асосий меросхўрларидан бири ҳисобланарди.

Маълумотларга кўра, “Шедевр” супермаркети олдида аварияга учраган “Форд Мустанг” автомобилида Бобур Усмоновдан ташқари Кристина Йўлдошева ҳам бўлган. Манбаларимиздан бирининг айтишича, қиз Бобурнинг дўстларидан бирининг жазмани бўлган.

Хабарларга мувофиқ, Кристина автоҳалокат содир бўлган воқеа жойида эмас, балки кейинроқ – касалхонада жон берган. Қиз ҳам кеча маҳаллий вақт билан соат 16 ларда тупроққа топширилгани айтилмоқда.

Бобур Усмоновнинг оиласига яқин бўлган Озодлик манбаларидан бирининг айтишича, Бобур Алишер Усмоновнинг ягона укаси Баҳодир Усмоновнинг ўғли эди. Алишер Усмоновнинг ўз фарзанди бўлмагани боис Бобур унга ўғил мақомида яқин бўлган.

Бобур Усмонов ўз оиласини Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев оиласи билан боғлаб турувчи ҳалқа ҳам эди. 2009 йилда у Мирзиëевнинг жияни Диëрага уйланган ва бу никоҳдан туғилган бир яшар Марям исмли қизчаси бор. Бобур ва Диëра тўйи ҳақида хабар тарқатган айрим норасмий нашрлар бу никоҳни пул ва ҳокимият никоҳи сифатида баҳолашган эди. Усмоновлар оиласига яқин манбага кўра эса, Бобур ва Диëра севиб турмуш қуришган.

Озодлик манбаларига кўра, Бобур Усмонов ҳам Москвада яшаган, Тошкентга эса Алишер Усмоновнинг бошқа бир жияни Асал Нарзиеванинг никоҳ тўйига меҳмонга келган.

- Тўй 10 май кунига белгиланган эди, бироқ айни пайтда тўйнинг қолдирилиши ҳақида гап бўлаяпти, - деди 8 май куни бу ҳақда Озодликка сўзлаган манба.
XS
SM
MD
LG