Линклар

Бангладешда исломий экстремизм хавфининг бўрттирилгани айтилмоқда


Ҳефазоти-Ислом 5 май куни ўтказган намойиш манзараси.

Ҳефазоти-Ислом 5 май куни ўтказган намойиш манзараси.

Бангладешда полиция кучлари ва мамлакатда шариат қонунлари жорий этилишини талаб қилаëтган исломий гуруҳлар ўртасида юзага чиққан қонли тўқнашув халқаро ҳамжамиятни асл вазиятга эътибор қаратишга ундади. Мустақил кузатувчиларга кўра¸ исломий гуруҳларнинг бир коалицияга бирлашиб¸ ўз жиддий талабларини ўртага қўйиши¸ экстремизм кучайиши эмас¸ балки Бангладеш сиëсий саҳнасидаги умумий нотинчлик белгисидир.

Ҳефазоти-Ислом ҳаракати Бангладешдаги 25 000 дан ошиқ мадрасадаги мударрис ва толиблар таянчини қозонган сиëсий кучдир.

Айни пайтда¸ кузатувчиларга кўра¸ Бангладешдаги аксар исломий гуруҳларни ўз қаноти остида бирлаштирган бу ҳаракатнинг 90 фоиз аҳолиси мусулмон бўлган бу мамлакатда кенг кўламли таянчи йўқ.

Бангладеш Бош вазири Шайх Ҳазина ҳукуматига кўра¸ Ҳефазот мамлакатдаги энг катта исломий сиëсий партия саналмиш Жамоати-Исломга қараганда анча мўътадилдир.

Орадаги диний келишмовчилик ва тортишувларга қарамай¸ Жамоати-Ислом Ҳефазотнинг Бангладешда кескин исломий қонунлар жорий этиш ташаббусини қўллаб-қувватламоқда.

5-6 май кунлари Ҳефазот қаноти остида бирлашган 13 дан ортиқ исломий гуруҳ пойтахт Дҳакада ўз талаблари билан намойиш ўтказди ва бу тадбир хавфсизлик кучлари билан тўқнашувга айланиб кетгач¸ халқаро матбуот эътиборига тушди.
Маҳаллий матбуотнинг ëзишича¸ тўқнашув оқибатида камида 27 одам нобуд бўлган¸ улардан уч нафари хавфсизлик кучлари ходимларидир.

Мухолифат гуруҳларига кўра¸ мазкур тўқнашувдан сўнг Ҳефазотнинг юзлаб тарафдорлари ғойиб бўлган.

Америка овози радиосининг Дҳакадаги мухбири Заҳурул Аламнинг айтишича¸ бу воқеа Бангладеш сиëсий ҳаëтининг беқарорлигидан берилган яна бир кучли сигнал бўлди:

- Тушунишимча¸ Ҳефазоти-Ислом ва Жамоати-Исломни қўлловчилар аҳоли орасида жуда кам. Менимча¸ бу гуруҳга кирганларнинг демократик жараëнлардаги роли ҳам жуда заиф. Муаммо радикал исломчиликнинг кучаюви ëхуд толибонлашиш эмас бу ерда. Масаланинг илдизи келаси сайловларнинг қандай ўтказилишига бориб тақалади. Бангладешдаги асосий муаммо ҳозир шу сайловларда қолган¸ дейди Америка овози мухбири.

Мамлакатдаги асосий мухолифат гуруҳи саналган Бангладеш миллатчилар партияси Ҳефазот тарафдорлари ва аъзоларининг оммавий қирғин қилингани иддаоси билан 7 майдан бошлаб умуммиллий иш ташлаш ўтказиш ташаббуси билан ўртага чиқди.

Аммо кузатувчилар¸ Ҳефазотни қўллаш билан Бангладеш миллатчилар партияси исломий идеологияни қўллаш эмас¸ балки ҳукмрон Авоми лигасини 2013 йилги сайловларни назорат қилишдан узоқлаштиришни кўзлаëтганини айтади.

Зотан бу ва бошқа мухолифат партиялари айни шу мақсадда ойлардан бери норозилик тадбирлари ўтказиб келмоқда. Мухолифат таъкидича¸ Бангладешда муваққат ҳукумат ўрнатилмай туриб¸ ҳалол ва очиқ сайловлар ўтказилиши мумкин эмас.

1990 йилдан бери Бангладешдаги етакчи сиëсий партиялар ўртасида эришилган келишувга кўра¸ мамлакатдаги умумий сайловлар ҳамиша муваққат ҳукумат бошқаруви остида ўтказилади. Бу келишув¸ 1996 йилда ҳатто конституцияга ўзгартиш шаклида қонуний тус ҳам олган.

Бундай ўзгартишдан мақсад¸ сайловларнинг демократик ва очиқ бўлишини таъминлаш ва 1981 йилда давлат тўнтариши орқали ҳокимиятга келган армия генерали Ҳусайн Муҳаммад Эршда бошқарувидан кейинги ўтиш жараëни силлиқ бўлишини таъминлашдан иборат эди.

Аммо 2008 йилги сўнгги умумсайловларда ялпи ғалаба қозонганини эълон қилган Авоми лигаси 2011 йилда парламентдаги аксар ўринларни эгаллаганидан фойдаланиб¸ бу ўзгартишни конституциядан олиб ташлади.

Ҳозирда мамлакат конституциясини яна ўзгартишни талаб қилаëтган Ҳефазот ҳаракати ўзининг 13 моддадан иборат талабида¸ Ислом динини ҳақоратлаш¸ чунончи Интернетда Муҳаммад пайғамбарни ҳажв қилувчи блоггерлар учун ўлим жазоси тайинлашни сўрамоқда.

Исломий ҳаракатнинг хотин-қизлар учун мўлжалланган тараққиëт дастурларини бекор қилиш талаби бангладешлик аëллар томонидан норозилик билан қарши олинди.

Ҳефазот киритишни илгари сураëтган қонунлар ичида уятсиз хулқ ва кийимлар учун кескин жазо тайинлаш¸ шунингдек эркак ва аëлларнинг жамоат жойларида аралаш юришини тақиқлаш каби талаблар ҳам бор.

Бош вазирнинг бу талабларни рад этгани¸ ҳаракатнинг 5-6 май кунлари норозилик намойиши уюштиришига сабаб бўлди.

Бангладеш собиқ Адлия вазири¸ ҳозирда эса мамлакат Олий суди адвокати Камол Ҳусайн бундай талабларни аксар аҳоли қўлламаслигини айтади:

- Бангладешликлар орасида мамлакатда бирор жамоа дини ва ахлоқига асосланмаган демократия қуриш¸ динни сиëсат билан қориштирмаслик борасида ялпи муроса мавжудлигига самимий ишонаман. Бу масалада Покистон тушиб қолган ўта оғир вазият ҳаммамизга яхши сабоқдир. Мен гаплашган покистонликлар биз ҳақимизда дин ва сиëсатни бир-бирига аралаштирмай тўғри қилаяпсизлар¸ деган фикрда¸ дейди Бангладеш Олий суди адвокати.

Ҳусайннинг таъкидича¸ Бангладешда юз кўрсата бошлаган экстремизм илдизлари мамлакат бошқарувининг ўта коррупциялашгани¸ ҳукуматдагиларнинг халққа ҳисоб бермай қўйганига бориб тақалади.

"Бу дарднинг давоси битта¸ у ҳам бўлса¸ кучли демократия ва шаффофликдир"¸ дейди собиқ Адлия вазири.
XS
SM
MD
LG