Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:13

Ўзбекистонда конвертациянинг йўқлиги Швейцария бизнеси учун катта муаммо



Ўзбекистонда швейцариялик сармоядорлар учун асосий муаммо валюта конвертациясидир. Швейцария делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ортидан Озодлик саволларига жавоб берган мазкур давлат Tашқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Пиер Ален Элтшингер шундай баëнот берди.


Ўтган ҳафта Швейцария Давлат котиби Ив Россе бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги маслаҳатлашувлар давомида мамлакатдаги иқтисодий вазият, сармоядорлар учун имкониятларни муҳокама этди.

Мазкур сафар муносабати билан Озодлик саволларига жавоб берган делегация вакили Элтшингернинг айтишича, музокараларда муҳокама қилинган мавзулардан бири швейцариялик сармоядорлар учун Ўзбекистондаги конвертациянинг йўқлиги масаласи бўлган:

–Кичик ва ўрта бизнес юритувчи швейцариялик сармоядорлар учун ўзбек сўмини конвертация қилиш, даромадни олиб чиқиб кетиш ҳозир асосий муаммо бўлиб турибди. Ўзбекистондаги кўпгина ширкатлар шу муаммо билан юзма-юз келаётгани бизга маълум, деди жаноб Элтшингер.

Музокаралар давомида ўзбек томони швейцариялик сармоядорлар учун қулай шароит ва солиқ имтиëзларини ваъда қилган, “Навоий” эркин индустриал иқтисодий ҳудуд ва “Ангрен” махсус индустриал ҳудудда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этган.

Пъер Ален Элтшингер таъкидича, ҳозир Ўзбекистонда Швейцария сармояси билан ишлаëтган 80 дан зиёд корхона фаолият қилади. Ўтган йил Швейцария ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 17 фоизга қисқарган ва 107¸1 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Ўтган йил Швейцария Бош прокуратураси тўрт нафар ўзбекистонликка нисбатан пулларни ноқонуний ўзлаштириш айблови билан жиноий иш очгани¸ икки мамлакат ўртасида молиявий-иқтисодий муносабатларнинг мураккаб эканидан даракчи сифатида кўрилди.

Пъер Ален Элтшингернинг айтишича, Швейцария делегациясининг Ўзбекистонда ўтказган сиëсий маслаҳатлашувлар давомида бу масала кўтарилмаган.

Швейцария Бош прокуратураси ўтган йил сентябр ойида ўзбекистонлик тўрт нафар фуқаронинг мамлакат банкларида музлатилган пуллари юзлаб миллион долларни ташкил этишини эълон қилган эди.

Пул ювиш амалиëти бўйича бораëтган бу терговда швейцариялик прокурорлар сўроқ қилмоқчи бўлганлар орасида Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова ҳам борлиги айтилган.

Ўзбекистонда конвертация муаммоси чет эл сармоядорларини кўпдан бери ўйлантириб келаётган муаммодир.

Март ойида Россиянинг "Аэрофлот" ҳаво ширкати Ўзбекистонда конвертация билан боғлиқ муаммолар Россия ширкатларининг фаолиятига тўсқинлик қилаётгани, Ўзбекистон ҳудудида сотилган авиачипталарнинг пулларини Россияга ўтказишда қийинчиликларга дуч келинаётгани борасида ташвиш билдирган.

"Аэрофлот" ширкати агар муаммо ҳал бўлмаса Ўзбекистонга ҳаво қатновларини бекор қилиш ҳақида огоҳлантирган эди.
XS
SM
MD
LG