Линклар

logo-print
Ўзбекистоннинг Сўх эксклавига юк олиб келаётган маҳаллий аҳоли вакиллари ўзбек-қирғиз чегарасида коррупция аввалгидан-да авж олгани, олиб ўтилаётган юклар учун талаб қиладиган “ўлпон” ҳажми камида икки баробар ошиб кетганидан шикоят қилаяптилар. Қирғиз расмийлари эса бу ҳолатни рад этмоқда.

Ўзбекистоннинг Сўх эксклавига юк олиб ўтаётган сўхликлар чегарачиларга аввалгидан икки баробар кўп пул беришга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда Озодликка ўзи шундай муаммога дуч келган сўхлик 55 ёшли Усмонжон Ҳайдаров маълум қилди.

Унинг айтишича, ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Чечме” назорат-ўтказиш пунктида 2 май куни қирғиз расмийлари Ҳайдаровдан олиб келаётган цементи учун 40 минг сўм миқдорида пора талаб қилганлар:

- Мен ўз уйимга ишлатаман деб, ҳужжатлари билан цемент олиб келаётгандим. Шофёрлардан сўрасам, “20 минг олади, Усмон ака, бериб ўтаверасиз”, дейишди. Ичкарига кириб: “Мени ҳам ўтказворинг энди, қари одамман 55 га кирган, ўзимнинг уйига ишлатаман, шуни (цементни демоқчи – таҳр.) олиб борай” деб, 20 минг қўйсам, “Чўнтагингга солиб қўй пулни, 40 минг берасан” деди, - дейди Усмон ака.

Унинг айтишича, ўз эътирозига жавобан невараси тенги бўлган чегарачи Усмон акани машинасига чиқариб, цементлар орасини очтириб кўрган. Сўнг:

- Тушиб ичкарига кирдим. “Менинг кимлигимни билдингми?” деди. “Билдим, ака, қанча оласан – 100 минг оласанми?” десам, “йўқ, ўша 40 мингни бериб ўтасан”, деди. Шундоқ қарасам, тепада 100 тача машина қараб турибди менга, пастда – Чашмада ҳам 50 тача машина қараб турибди. Улардан уялиб, “хўп” деб, ўша пулни бериб ўтдим.

Озодлик: Ўша пулни бермасангиз, ўтказмасмиди сизни?

- Йўқ. “Ўша пулни бермасанг, баллонингни отиб, титвораман”, деди. “Ўзингни ҳам ҳалигиндай қиламан”, деб таҳдид қилганига ўзимдан ўзим қўрқиб, 55 га кирган одам... “элнинг олдида баллонни отиб юборса ёки менга бирор нарса қилса” деб уялиб, кейин яна кириб шу ишни қилдим (яъни пулни бердим демоқчи – таҳр.), - дейди сўхлик Усмонжон Ҳайдаров.

Суҳбатдошимиз кеча ҳам “Чечме” пунктидан ўтаётиб яна ўша чегарачига дуч келганини, “одамлар олдида яна шарманда қилиб ўтирмасин” деган андишада унинг қўлига 40 минг тутқазиб ўтганини айтади:

- Мен-ку бир марта юк олиб келдим – бунисига майлию, мол олиб келаётган фирмаларга жабр бўлмасмикин? Айтяптики, “бизнинг йўлдан ўтяпсан, хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам берасан”, дегандек қиляпти. Бизнинг иложимиз йўқ. Кимга арз қилишниям билмаймиз, - дейди Усмонжон Ҳайдаров.

Исми ошкор қилинмаслигини сўраган сўхлик бошқа суҳбатдошимиз эса чегара постида порасини берган шофёрлар навбатга ҳам қарамай, тез ўтказиб юборилаётганини, бунга куни кеча ўзи гувоҳ бўлганини айтади:

- Масалан, [чегара постида] бир соат турган бўлсам, бешта машина навбатдан ташқари ўтиб кетаверди. Ҳар куни шу ҳолат – бунинг гувоҳимиз, - дейди сўхлик суҳбатдош.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати ахборот таъминоти бошқармасининг бошлиғи Гулмира Бўрубаева эса чегарадаги порахўрлик ҳақида сўхликлар айтган иддаоларни уйдирма, деб ҳисоблайди:

- Қирғизистон Республикаси Чегара хизматида ишловчи мансабдор шахс сифатида бир нарсани билдиришим мумкин: бизда давлат чегарасида ва хусусан, чегара назорати органларида коррупция кўринишларига қарши кураш бўйича жуда катта ишлар қилинаяпти. Шунинг учун, агар чегарадан ўтаётган ёки юк ўтказаётган фуқароларнинг ҳужжатлари жойида бўлса, улар пора беришга мажбур эмаслар ва ҳар қандай вазиятда ҳам пора бермасликлари керак. Чунки қонун пора олишни ҳам, беришни ҳам маън қилади. Респондентларингиз баёнотига келсак, мен буни мутлақо уйдирма, деб ҳисоблайман. Агар ҳақиқатан ҳам пора талаб қилинадиган бўлса, ҳар бир чегарачининг кўкрагида бейжиги бор. Бу фуқаролар ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб, улардан конкрет ким пора талаб қилганини маълум қилишлари мумкин. Бунақа ҳолатда бизда махсус хизмат текшируви ўтказилади, - дер экан Гулмира Бўрубаева, агар қирғиз чегарачилари постдан ўтаётган ўзбекистонликлардан шу хилда пора таъма қилса, унинг ўзига ёки Қирғизистон Чегара хизмати раҳбарининг қабулхонасига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини билдирди.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати ахборот таъминоти бошқармаси бошлиғи Гулмира Бўрубаеванинг розилиги билан унинг телефон рақамини эълон қиламиз - +996 553 11 35 43.

Қирғизистон Давлат Чегара хизмати раҳбари Тўқўн Мамитов қабулхонасининг рақами эса - +996 312 54 90 44.

Сўхликларга кўра, уларнинг ўзбек-қирғиз чегарасида турли муаммоларга дуч келиши шу йил бошидан кўпайган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 5 январ куни Қирғизистон чегарачилари ўзбек-қирғиз чегарасидаги баҳсли экани айтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрнатганига Сўх эксклавининг Хушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди. Оқибатда норозилик 6-7 январ кунлари қирғиз чегарачиларини ўқ отишга мажбур қилган ва хушёрликлар томонидан 30 қирғизистонлик гаровга олинган катта жанжалга айланган эди. 7 январ куни жанжалнинг кескин фазаси тўхтатилган.

Мазкур воқеадан сўнг Сўх эксклави бир муддат қамал ҳолатида қолган. Аммо кейинчалик ўзаро сўзлашувлар натижасида икки мамлакат ўртасидаги чегара пунктлари очилиб, сўхликлар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига бориш-келиш имкониятига эга бўлгандилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG