Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:25

Урганчда "Дамас" эгаларига йўловчи ташиш тақиқланди


Хоразм вилоятининг маъмурий маркази Урганч шаҳрида хусусий "Дамас" микроавтобуси эгаларига маршрут линияларида йўловчи ташиш тақиқлаб қўйилгани минглаб одамни ишсиз қолдирди.

Шу ой бошидан Урганчдаги йўналишларда юздан зиёд янги "Исузу" автобуслари йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлади.

Шу пайтга қадар Урганчдаги барча маршрут йўналишларида йўловчиларни ташиш асосан шаҳардаги минглаб "Дамас" микроавтобусларида амалга оширилар эди.

- Биргина 19-маршрут йўналишида 400 та "Дамас" қатнар эди. Мен ҳам шу йўналишда эдим. Яқинда тўхтатишди, қўлга тушганларни штраф қилаяпти, дейди урганчлик "Дамас" ҳайдовчиси Алишер.

Урганчлик йўловчилар эса шаҳардаги йўналишларга "Исузу" автобуслари чиқарилганидан мамнун эканини айтишади:

- "Исузу" автобуслари яхши, ичи кенг. Лекин остановкада янча кутиб қоляпмиз. "Дамас"ларнинг кети узилмас эди. Конкуренция йўқолмаслиги учун “Дамас"ларни ҳам линияда қолдириш керак эди, дейди урганчлик Азамат.

Урганчда шаҳар ҳокимиятининг қарори асосида 1 майдан кучга кирган янги тартиб йўловчи ташиб кун кўриб келган минглаб одамни ишсиз қолдиради. 34 яшар Дониёр шуларнинг бири:

- Икки йил аввал Россияда ишлаб топган пулимга "Дамас" олган эдим. Кунимга яраб, рўзғорни бир тарафини кўтариб турганди. Энди сотаман десам "Дамас"ни нархи ҳам бозорда тушиб кетибди, сотсам яна Россияга кетамам, деб турибман, бошқа илож йўқ, дейди Дониёр.

Вилоят расмийлари йўлларда тартиб ўрнатиш, йўловчилар хавфсизлигини яхшилаш мақсадида "Дамас"лар олиниб, улар ўрнига нисбатан хавфсиз, шинам автоубуслар йўналишларга чиқарилганини айтишмоқда.

Хоразмлик 72 яшар Рўзмат ота ҳокимият қароридан мамнун:

-"Дамас"га минишга ҳам қўрқар эдик. Кўпчилиги газ қилиб олган. Ёш болаларни рулга ўтказиб қўйган. Кўпчилиги кунлик нормани бажаришим керак, деб, йўл хавфсизлигига ҳам эътибор бермай, учиртириб ҳайдаб, кўп авариялар бўлар эди. Газ, портлаб кетади деб ҳам ўйлашмайди. Пенсиoнермисан, бошқамисан шу 600 сўм, бўлмаса туш, деб туриб олишади. Ҳукуматники 400 сўм, пенсиoнерларга эса ярим нархда экан, бу яxши, дейди нафақахўр Рўзмат ота.

“Дамас" машиналарини кирага бериб, ойига миллионлаб сўм даромад кўраётганлар ҳам бор эди. Ҳукумат энди юзлаб хонадон қазонини қайнатиб турган бу бизнесни ҳам қўлига олди", дейди урганчлик тадбиркор Музаффар.

- “Дамас" арендаси кунига 50 минг сўм. Машинани кирага олган ҳайдовчи бундан ташқари кунига 12 минг сўм солиқ ҳам тўлайди. Ортгани ўзиники ва бензин ё газ тўлдиришга кетади. Ойига машинани арендаси бир ярим миллион сўмга боради. Ўнта машинангиз бўлса¸ ойда кўрадиган фойдани тасаввур қилаверасиз. Шаҳардаги “Дамас"ларни 80 фоизи арендага олинганди. Ҳозир шу бизнес билан шуғулланганлар фойдадан қуруқ қолди, дейди Музаффар.

Айни пайтда айрим “Дамас" эгалари осонликча тақдирга тан бермоқчи эмас:

–Ҳозир танишларим билан гаплашаяпман. Линияда юриб қўлини кўтарган одамни олаяпти экан. Лекин, барибир бу узоққа бормайди, “Дамас" тирикчилигини куни битди Урганчда, дейди хоразмлик ҳайдовчи Азамат.
XS
SM
MD
LG