Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:42

Шифер нархи: Биржада 18000, бозорда 30000 сўм...


Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржаси матбуот хизмати тарқатган маълумотга таяниб 9 май куни тарқатилган бир хабарда мамлакатда шифер ишлаб чиқарувчи ширкатлар кўпайгани, натижада бу маҳсулот бўйича таклиф талабдан бироз юқори эканлиги айтилган. Натижада биржада шифер нархи ҳам бироз тушган. Лекин чакана савдода нарх ҳамон баландлигича қолмоқда.

“Жорий йилнинг бошида битта шифер 18 минг 700 сўмга сотилган бўлса, мартнинг охирида 700 сўмга арзонлади. Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 3 баравар кўпроқ шифер сотилди”.

Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржаси матбуот хизмати тарқатган бу хабарни маҳаллий ахборот агентликлари тарқатди.

Бу хабар кетидан бозорни ўргандик биржа нархлари билан чакана савдодаги нархлар ўртасидаги фарқ катта эканлигини аниқладик.

Биржа матбуот хизмати тарқатган маълумотларга қараганда, қурилиш мавсуми бошлангани туфайли шифер нархи апрелда яна кўтарила бошлаган ва бир донаси нархи 18 минг 200 сўмга тенг бўлган.

Чакана нархларни мамлакатнинг иккита бозоридан суриштирдик.

Сурхондарёлик Бобоназар аканинг айтишича, шу кунда Термизда:

- Шифернинг бир донаси бизда 28 мингдан тортиб 35 минггача бор. Бир халтаси 52 килоли цемент 23 – 25 минг сотилаяпти.

Олис Термиздан пойтахтга қайтамиз.

Тошкентдаги бозорлардан бирида қурилиш материаллари сотадиган Миркомил акадан мана бундай маълумотларни олдик.

- Шифернинг 19 минглиги, 23 минг, 32 минггача турадиганлари бор. Цементнинг бир тоннаси 420 мингдан 450 минггача, деди сотувчи.

Демак, Термиз бозорларидан фарқли ўлароқ, Тошкентда нархи биржа нархидан у қадар баланд бўлмаган (донаси 19 минг сўмдан) шифер ҳам харид қилиш мумкин экан. Бироқ, айни пайтда 32 минг сўмлиги ҳам бор.

Сотувчи бозор нархи қандай шаклланишини тушунтирар экан, бундай деди:

- Бу нархлар чакана савдо билан шуғулланувчи савдогарлар қўядиган 20 фоизли нархлар қўшилганидан ҳосил бўладиган нархлардир.

Лекин 32 минг сўмлик шиферни 20 фоизли устама билан изоҳлаб бўлмайди.

Товар-хом ашё биржаси матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, мамлакат бозорига шифер таклиф қилаётган ширкатлар кўпайиб, уларнинг сони 13 тага етган. Айни пайтда бу маҳсулотга бўлган талаб сусайган.

Тошкентлик савдогар ҳам шиферга бўлган талабнинг сусайганини қайд этди.

Унинг фикрича, бунинг сабаби бозорда шиферга муқобил бўлган материаллар мавжудлигида.

- Ўтган бир йил давомида шиферга бўлган талаб камайиб кетди. Чунки шиферга муқобил бошқа қурилиш материаллари сотувга чиқди. Мен металл черепица, руҳланган тунука ва бошқа шуларга ўхшаш материалларни айтаяпман,
деди Тошкентдаги бозорлардан бирида қурилиш материаллари сотадиган Миркомил ака.

Лавҳамизда Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржаси матбуот хизмати тарқатган бир хабар баҳонасида ёз келиб савдоси қизий бошлаган қурилиш материаллари бозорига бирров назар ташладик. Кейинги эшиттиришларимизда бу мавзуни синчиклаброқ ўрганмоқчимиз.
XS
SM
MD
LG