Линклар

“Ўзбекистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик ва Афғонистонга қарши қаратилган турли ҳарбий-сиёсий бирлашмаларда қатнашмаслик сиёсатини олиб боради”. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўзбек матбуотига берган суҳбати чоғида мана шундай баёнот берди.

“Ўзбекистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик ва Афғонистонга қарши қаратилган турли ҳарбий-сиёсий бирлашмаларда қатнашмаслик сиёсатини олиб боради”. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўзбек матбуотига берган суҳбати чоғида мана шундай баёнот берди.


Ислом Каримовнинг айтишича, “Ўзбекистон Афғонистон билан алоқалари ва ҳамкорлигини фақатгина икки томонлама асосда ташкил қилиш, афғон халқи танлаган ҳукуматни қўллаб-қувватлаш сиёсатини” танлайди.

Ислом Каримов: "Афғонистонда қарама-қаршиликлар авж олади"

Президент ўз нутқи чоғида Афғонистондаги нобарқарор вазият минтақа давлатлари хавфсизлигига таҳдид эканини таъкидлаган ҳолда, мазкур мамлакатдаги “инқирозни бартараф этишнинг ягона йўли-сиёсий йўл экани”ни айтди.

Ислом Каримов Афғонистондан АҚШ ва Европа давлатлари ҳарбийларининг чиқарилиши “Афғонистонда янги қарама-қаршиликнинг авж олишига, турли миллат ва элатлар ўртасидаги зиддият ва тортишувларни янада кучайтиришга олиб келиши мумкин”лигини алоҳида таъкидлади.

Мана шундай вазиятда Ўзбекистон Афғонистондаги воқеалар ривожини “ички ишларга аралашмаган ҳолда” четдан кузатиб туриш орқали ўз хафсизлигини таъминлай оладими?


Сиёсатшунослар: Минтақада "фитналар" кўпайиши мумкин

Сўнгги кунларда бу масала россиялик сиёсатшунослар кенг муҳокама қилаётган мавзулардан бирига айланмоқда. Жумладан, Россия Ислом қўмитаси раиси, таниқли сиёсий арбоб Гейдар Жамал рус матбуотига берган суҳбатида Афғонистондан АҚШ ва аксилтеррор коалицияси қўшинларининг чиқарилиши Покистон, Ўзбекистон ва Озарбайжонда турли фитначилик ҳаракатлари учун омил бўлади, деб ҳисоблайди.

Сиёсатшунослар фикрича, Гейдар Жамал айтиб ўтган “фитналар” “Марказий Осиё минтақасида, жумладан, Ўзбекистон ҳудудида радикал гуруҳларнинг фаоллашуви, диний вазият нисбатан эркин бўлган минтақа давлатларида эса Толибон ғояларини қўллаб-қувватловчи исломий партияларнинг ташкил этилиши”дан иборат бўлиши мумкин.

Россиялик афғоншунос Петр Гончаров минтақа мамлакатлари хафсизлигига Афғонистондаги жангари гуруҳларнинг таҳдиди сезиларли даражада бўлмаслигини айтади. Унинг айтишича, яқин кунларда Афғонистон парламенти- Лойи жирға АҚШ билан стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани муҳокама қилади. Мазкур шартномада Афғонистон ҳудудида 2014 йилдан сўнг ҳам АҚШ базаларини жойлаштириш назарда тутилади.

- Афғонистон президенти йиғинлардан бирида АҚШ базаларининг зарурлиги ҳақида гапирар экан, Кобул базалар жойлаштирилишига рухсат берса қўшни давлатлар билан муаммолар пайдо бўлишини очиқ айтди. Бу давлатлар Эрон, Покистон ва Хитойдир. Кобул Марказий Осиё мамлакатларини АҚШ базалари уларнинг хафсизлигига ҳеч қандай таҳдид қилмаслигига, аксинча, базалар минтақа хафсизлиги учун керак эканига ишонтира олади, -деди Петр Гончаров.

АҚШ вазиятдан фойдаланиши мумкин

Айни пайтда АҚШ Россиянинг Марказий Осиёга таъсирини сусайтириш ва минтақанинг Хитой ҳамда Эрон таъсир доирасига кириб қолмаслиги учун Афғонистондаги вазиятдан фойдаланиши ҳам айтилмоқда. Бу иш АҚШ ҳарбий базаларини Ўзбекистон ҳудудида жойлаштириш орқали амалга оширилиши мумкин.

“Дойче велле” радиосининг 9 май куни хабар беришича, Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарадош Фарёб вилоятида Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари билан афғон ҳукумат кучлари ўртасида жанглар бўлиб ўтмоқда. Фарёб полицияси раҳбари Набижон Мулахолнинг айтишича, жанглар уч туманда бўлиб ўтаяпти ва жангарилар бир неча қишлоқ устидан назоратни ўз қўлига олган.

Мазкур маълумот Ўзбекистон исломий ҳаракати Ўзбекистон атрофида ҳалқа ташкил қилишга уринаётган бўлиши мумкин, деган таҳминларга сабаб бўлаяпти. Чунки бу жангари ташкилотнинг Тожикистон ва Қирғизистонда ўз яширин ячейкалари мавжудлиги айтилиб келинади.

Мана шу вазият инобатга олинса, Ўзбекистон ҳукумати “Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик ва Афғонистонга қарши қаратилган турли ҳарбий-сиёсий бирлашмаларда қатнашмаслик сиёсатини олиб бориши” ҳақидаги баёнотларга қарамай, ўз ҳудудида АҚШ ҳарбий базаларини жойлаштириш масаласида музокаралар олиб бориши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG