Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:43

“Қуёшли”даги канцелярия бозори раҳбарлари суд қилинмоқда



Тошкент вилоятининг “Қуёшли” посёлкасидаги канцелярия моллари билан савдо қиладиган улгуржи бозорининг ўнга яқин раҳбар ва ходимлари суд қилинмоқда. Бу бозорни ўтган йилнинг 26 июл куни кучайтирилган милиция ходимлари ёрдамида солиқчиларнинг “Бозор гуруҳи” босган эди. Ўшанда тадбиркорларнинг бир миллиард сўмлик юки қоғоз-ҳужжатсиз зўрлик билан олиб чиқиб кетилган эди.

Тошкент вилоятининг “Қуёшли” посёлкасидаги канцелярия моллари билан савдо қиладиган улгуржи бозорида Тошкент вилоят прокуратураси текшириш олиб борaяпти.

Бу ҳақда Озодликка микрофонсиз гапирган тадбиркорлардан бири, ўтган йил июл ойида бозорни солиқчилар босганидан буён тинчлик йўқлигини айтади:

- Ўтган йилда солиқчиларнинг “Бозор гуруҳи” божхоначи ва милиция ходимлари билан бозорни тўсатдан босган ва ўндан ортиқ юк машиналарида товарларни бировдан сўрамасдан олиб чиқиб кетишган эди. Директор ҳам қамалди, бошқа раҳбарлар ҳам. Ҳозир вилоят суди кўраяпти. Лекин текшир-текшир ҳали ҳам тугагани йўқ. “Қора бухгалтерияни” текширишаяпти, деди тадбиркорлардан бири.

Бозорнинг ўзини таништирмаган мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда айни пайтда бозор собиқ директори ва бошқалар устидан суд бораётгани, айрим кичик раҳбарлар устидан эса ҳукм ўқилганини айтди:

- Собиқ директор ҳозир қамоқдалар. Суд давом этаяпти. Вилоят прокуратураси текшираяпти. Ҳозир Убайдулла ака ва яна бир киши 6,7 йилга қамалди. Қолган информацияни келсангиз оласиз, деди бозор янги мулозимларидан бири.

Эзгулик жамияти инсон ҳуқуқи фаоли Шоира Содиқбекова, бозор собиқ директорини Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича судида гувоҳ сифатида кўрганини билдирди:

- Чинни бозор раҳбарлари судида қатнашган эдим. "Қуёшли"даги канцелярия бозори директори ҳам гувоҳ сифатида чақирилган эди. У пахта пайтида тадбиркорлардан 100 минг сўмдан пул йиғиб олгани ва пуллар ёрдамчиларга сарфлангани, мардикорга бунча пул бердик, Чинни бозор директори бунча пул сарфлаган, деб гувоҳлик берган эди. Бу пуллар “қора бухгалтерия”дан келиб тушгани¸ албатта¸ судга аён эди. Ўшанда яқинда сиз ҳам бу ишларга жавоб берасиз¸деб намёк қилганди, прокурор. Орадан кўп ўтмай бозорни босишди, дейди Шоира Содиқбекова.

Тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов, Ўзбекистонда шакллантирилган иқтисодий реаллик шароитида бирор тадбиркорнинг “қора бухгалтерия”сиз ишлай олмаслигини таъкидлайди:

- Ўзбекистонда савдо 99 фоиз ғайриқонуний амалга оширилади. Хоҳ Ипподром бўлсин, хоҳ Чинни бозор бўлсин, ҳамма бозорда “қора бухгалтерия”¸албатта бўлади, бусиз иложи йўқ. Чунки қонун билан ишлайман десангиз, фойдангизнинг 90 фоизи олиб қўйилади. Нима учун Баҳо шакар синди, нима учун Ўрикзор раҳбарлари қамалди, нима учун Чинни бозор раҳбарлари қамоқда ётибди? Чунки Ўзбекистон шароитида бозорда тоза бизнес қилишнинг имкони йўқ. Қонунни босиб ўтишга ўзлари мажбур қилади, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистондаги йирик бозорларга ҳуқуқ-тартибот идораларининг "қора ниқобли" махсус кучлари томонидан бир неча бор рейдлар уюштирилди.

2012 йилнинг январ ойида "қора ниқоблилар", Тошкентдаги Чинни бозорини босган эди.

2011 йилнинг 16 сентябр куни Тошкентдаги "Малика" савдо марказида "қора ниқоблилар" гуруҳи рейд ўтказиб, "Чиго" ва "Метро" дўконларининг ҳамма товарини мусодара қилган эди.

2011 йилнинг 17 июл куни қора ниқобли "сирли кучлар" Урганч шаҳридаги савдо уйида рейд ўтказган эди.

"Қора ниқоблилар" 2011 йилнинг 16-17 июн кунлари Янгийўл шаҳридаги ресторанлар ва буюм бозорини босган.

2011 йилнинг 2 март куни Тошкентда бу гуруҳ Божхона, Солиқ қўмитаси, Ўзстандарт агентлиги билан бирга, "Туркуаз" ширкатига қарашли дўконлар жойлашган савдо уйига рейд уюштирган эди.
XS
SM
MD
LG