Линклар

logo-print

Бостон полицияси Царнаевга оид разведка маълумотларидан бехабар бўлган


Бостон полицияси бошлиғи Эдвард Дэвис рўй берган воқеа “полиция давлати” менталитетининг шаклланишига олиб келмаслиги лозим, дея таъкидлади.

Бостон полицияси бошлиғи Эдвард Дэвис рўй берган воқеа “полиция давлати” менталитетининг шаклланишига олиб келмаслиги лозим, дея таъкидлади.

Бостон полицияси бошлиғи ўз идораси АҚШ махсус хизматларининг Бостон марафони портлашларида гумон қилинаётганлардан бири ҳақида Россия махсус хизматларидан маълумот олганидан бехабар бўлганини айтмоқда. Эдвард Дэвис АҚШ Конргессида қилган чиқишида ака-ука Царнаевлар ҳақида огоҳлантирувлар бўлгани борасида эшитмаганини таъкидлади. Царнаевлар содир этгани гумон қилинаётган портлашларда уч киши ҳалок бўлиб, 260дан ортиқ одам жароҳатланган эди.



АҚШ Конгрессидаги эшитувларда сўзлаган Бостон полицияси бошлиғи Эдвард Дэвис агар ҳуқуқ-тартибот идоралари жанггариликда гумон қилинаётган Тамерлан Царнаев ҳақида олдиндан маълумотга эга бўлганида, полиция вакиллари, албатта, у билан гаплашишга ҳаракат қилган бўлар эди, дея таъкидлади.

Лекин шу билан биргаликда, полиция раҳбари, терговчилар Царнаев устидан суриштирув ўтказган тақдирда ҳам, бомба портлашлари олдини ололмаган бўлиши эҳтимоли катта бўлганини тан олди.

Федерал тергов бюроси этник чечен бўлган Царнаев ҳақида Россия махсус хизматларидан огоҳлантирув олганидан кейин, уни текшириб кўрган.

АҚШ Федерал тергов бюроси ва Марказий разведка хизмати 2011 йилда Россия ҳуқуқ тартибот идораларидан Царнаев исломий жанггариликка мойил бўлиши мумкин, қабилидаги мужмал маълумотларни олган. Царнаев 2012 йилда Россиянинг Доғистон Республикасига борган.

Портлашлардан тўрт кун ўтиб, 26 ёшли Тамерлан Царнаев полиция билан отишма пайтида ўлдирилган эди. Унинг укаси 19 ёшли Жоҳар Царнаев полиция амалиёти натижасида қўлга олинган.

Жоҳар Царнаев судда портлашларни амалга оширганликда айбдор деб топилса, ўлимга ҳукм қилиниши мумкин. Йигитларнинг онаси ўз ўғилларига нисбатан илгари сурилаётган айбловларни ёлғон, деб келади.

Собиқ АҚШ сенатори Жозеф Либерман пайшанба куни Вакиллар палатасининг Ички хавфсизли қўмитасида қилган чиқишида АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари самарали ишлаганида, Бостон портлашларининг “олдини олиш мумкин эди”, дея таъкидлади.

2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШда хавфсизлик чоралари кучайтирилишини ёқлаб келадиган Либерман пайшанба кунги чиқишида, бундай деди:

- Бу ҳодиса олдини олиб бўлармиди, уни тўхтатиб бўлармиди? Бостонда рўй берган воқеага оид фактларнинг барчасини ҳозирча ҳеч ким билмайди, лекин мен билган фактлардан ва ўзимизда етишиб чиққан Исломий терроризм ҳақида билганларимдан, шуни хулоса қилишим мумкинки, албатта, осон бўлмаса ҳам, Бостондаги террор хуружи олдини олиш мумкин бўлар эди,- деди Либерман.

Ички хавфсизлик қўмитаси раиси, республикачи вакил Майкл МакКол АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин ҳам ўзаро маълумот алмашинувини самарали йўлга қўя олмаганидан ташвиш билдирди:

- Мени ташвишлантираётган нарса шуки, Бостон бомбачилари тизим камчиликлари туфайли портлашларни амалга ошира олган бўлиши мумкин. Биз яхшироқ ишлай оламиз, яхшироқ ишлашимиз керак. Шу билан бирга глобал жиҳодчи ҳаракати тарқалаётганига оид хабарларни инкор қилувчи баёнотлар ҳам ўта ташвишлидир,- деди АҚШ Намояндалар палатасининг республикачи аъзоси.

Бостон полицияси бошлиғи Дэвис АҚШда ўтказиладиган Бостон марафони каби жамоатчилик тадбирларида хавфсизликни кучайтириш керак, лекин рўй берган воқеа “полиция давлати” менталитетининг шаклланишига олиб келмаслиги лозим, дея таъкидлади:

- Бостон халқаро шаҳардир. Бостонга ўқигани, тиббий хизматлар учун ва умуман жамиятимизга қўшилиш ниятида келган одамлардан биз улкан фойда кўрамиз. Лекин дунё таҳликали бўлиб қолди, буни тан олмоғимиз ва бунга тайёр бўлишимиз керак.

Айни пайтда, расмийларнинг маълум қилишича, Тамерлан Царнаевнинг жасади ерга қўйилган. Лекин у дафн қилинган жой экстремистлар учун зиёратгоҳ ёки норозилар учун намойиш жойига айланиб қолиш мумкинлиги боис, Царнаев кўмилган жойни ошкор қилинмади.

Маҳаллий қабристонлар Царнаевнинг жасадини кўмишдан бош тортгани сабабли майит бир неча кун давомида Массачусетснинг Вустер шаҳридаги дафн қилиш бюросида қолиб кетди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG