Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:53

Ўзбек маданиятида кетма-кет иккита йўқотиш



10 май куни ëзувчи Омон Мухтор 72 ёшида вафот этди. Ундан уч кун олдин эса¸ таниқли кинооператор ва режиссёр Ҳотам Файзиев тупроққа қўйилди.

Самимий ва меҳрли одам эди

Ўзбек шоири ва ёзувчиси Омон Мухтор 10 май куни Тошкентдаги “Mинор” қабристонига қўйилди.

Омон Мухтор
Омон Мухтор
Таниқли ўзбек ёзувчиси Эркин Аъзам, Омон Мухтор яхши шоир ва яхши ёзувчи дея хотирлайди:

- Омон ака¸ ҳақиқатан ҳам меҳрли одам эди. Ҳаммага "укажон", "укажон" деб гапирардилар. Болаларча бир самимияти бор эди. Омон ака билан икки-уч марта бирга ўтириб суҳбатлашган киши ҳеч қачон бу одам хиёнат қилмайди, ҳеч қачон бу одам бировга ёмонлик қилмайди¸ деган хулосага келиши аниқ эди, дейди ёзувчи.

Эркин Аъзамга кўра, Омон Мухтор ўзбек адабиётига салмоқли ҳисса қўшган ёзувчилардан бири сифатида эътироф этилади:

- Омон акани ўзбек адабиётида энг кўп роман ёзган одам дейишади. Омон акани романлари биз ўқиган бошқа романлардан эмас эди. У новатор адиб эди. Омон ака ижодини шеър билан бошлаган ва умрининг охиригача шеър ҳам ижод қилган. Мен унинг романларини узун бир шеър деб биламан. Ёзувчи ўз қаҳрамони кайфиятини изоҳлар экан, уни бемалол шеърда ҳам ифода қилиб кетаверарди. Омон ака руҳи ниҳоятда бардам бир одам эди, дейди Эркин Аъзамов.

Омон Мухтор ўндан ортиқ роман ёзган, қирққа яқин назмий ва насрий китоблар муаллифи.

Унинг «Тўрт томон қибла», «Навоий ва рассом Абулхайр» романлари, айниқса, ўқувчилар томонидан кўп ўқилган асарлар сирасига киради.

Омон Мухтор «Эгилган бош» романи учун 1990 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг йиллик адабий мукофотига сазовор бўлган. 1991 йилда эса «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони берилган.

Омон Мухтор вафотидан уч кун олдин, 7 май куни ўзбек санъатининг яна бир вакили, таниқли киноопераитор ва режиссёр Ҳотам Файзиев ҳам 76 ëшида оламдан ўтди.

“Мен тасанно қилиб¸ бу одамга тиз чўкаман”

Таниқли ўзбек кинорежиссёри Мелс Афзаловнинг айтишича, Ҳотам Файзиев ўзбекистонлик барча кинооператорларнинг устози ҳисобланарди:

Ҳотам Файзиев
Ҳотам Файзиев
- Ҳотам аканинг ўзбек киносанъати учун беқиёс хизмати сингган. “Сен етим эмассан” сингари киноларни тасвирга туширган. Киночиларни орасида жуда катта обрўга эга одам эди. Тинмасдан ишларди, иш, иш ва яна иш. Ёш режиссёрлар шу одамни қўл остида кино олиб жуда кўп нарсани ўрганди. Бутун ўзбекистонлик кинооператорларнинг устози эди. “Ўтган кунлар” филмида мен билан бирга ҳам режиссёр ҳам сценарий муаллифи бўлди. Шуҳрат Аббосовни, мени машҳур қилган аслида Ҳотам Файзиев бўлади. Санъатда жуда катта из қолдирган инсон. Мени номидан айтинг. Мен тасанно қилиб бу одамга тиз чўкаман, деди Мелс Афзалов.

Ҳотам Файзиев ўзбек киноси дурдоналари деб аталадиган «Сен етим эмассан» (1962), «Тошкент – нон шаҳри» (1967), «Фавқулодда комиссар» (1969), «Абу Райҳон Беруний» (1974), «Дилором» (1968), «Ўткан кунлар» (1998) каби бадиий фильмларни тасвирга туширган.

Ҳотам Файзиев кинорежиссёрлик фаолияти давомида 1988 йилда «Оқ бино оқшомлари», 2007 йилда «Кичкина одамлар», 2011 йилда «Ёзсиз йил» фильмларини суратга олган.
XS
SM
MD
LG