Линклар

Жиззахда 73 ёшли чол раҳбарлигидаги жиноий тўда қўлга олинди. Сирдарёда бензин нархи асоссиз оширилди. Вояга етмаганларга никоҳ ўқиган муллалар огоҳлантирилмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Депутат парламент раисини ишдан кеткизган журналист ҳақида ёзди”

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Олимжон Оқилов давлат органлари ва мансабдорлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидлади (“Бозор ва истеъмолчи”, 9 май).

Депутат бу борада журналист суриштируви жанрининг аҳамиятига урғу берган. Журналист суриштируви АҚШ, Буюк Британия, Италия каби давлатларда коррупцияга қарши кураш усули сифатида кенг қўлланилади.

Қонунчилик палатаси депутати Оқиловнинг ёзишича, Англияда журналист суриштируви ёрдамида парламент депутатларининг ноқонуний хатти-ҳаракати фош этилган ва натижада умрбод лавозим саналган Жамоатчилик палатаси раиси истеъфога чиқишга мажбур бўлган.

“Актриса Саида Раметова тўйни деб театрдан ҳайдалди”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова Ўзбек миллий академик театридан бўшатилган (“Даракчи”, 9 май).

Актрисанинг ишдан бўшатилишига “Андишали келинчак” спектакли намойишини ташлаб, вилоятлардан бирига тўй хизматига кетиб қолгани сабаб бўлган. Миллий театр раҳбарияти бу борадаги узил-кесил қарор бир ҳафта ичида чиқарилишини айтган.

“Қизиқ, бундан бир неча йил аввал Саида Раметованинг жияни Зуҳра Солиева театрдан четлаштирилган эди. Энди навбат Раметованинг ўзига келди, чоғи” деб ёзади газета.

“Жиззахда оилавий жиноий тўда маҳкамага тортилди”

Жиззах вилоятида бир неча йил давомида босқинчилик, товламачилик, фирибгарлик ва зўравонлик билан шуғулланиб келган оилавий жиноий тўда қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 9 май).

Мазкур жиноий тўдага 73 ёшли отахон – “Юлдош ёзувчи” номи билан танилган Юлдош Бозорбоев бошчилик қилган, мўйсафиднинг фарзандлари ва қариндошларидан иборат тўққиз киши унга кўмак берган.

Жиноий гуруҳ қурол ёрдамида одамларни қўрқитиб, мол-мулк ва чорваларини ўзлаштириб келган. Оилавий тўда Зарбдор ва Зомин тумани ҳудудларида жами 16 та жиноят содир этиб, фуқаролардан 54,8 миллион сўм тортиб олган. Маълум қилинишича, тўда аъзолари суд ҳукми билан узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган. Жиноят қуроли саналган 4 та автотранспорт хатланган.

“Сирдарёда “заправка”лар бензинни қимматга пулламоқда”

Cирдарё вилоятининг шу номли туманида жойлашган “Алишер Абдукаримов”, “Абдулла ота”, Боёвут туманидаги “АО Вақт” фирмаларига қарашли АЁҚШларда АИ-80 бензини 1645 сўм ўрнига 1700-1800 сўмдан сотилаётгани аниқланди (“Истеъмолчи”, 9 май). Шу тариқа ёқилғи қуйиш шахобчалари нархларни асоссиз равишда ошириб, истеъмолчилар манфаатига зарар келтирган. Бензин баҳосини асоссиз кўтарган фирмаларга жарима тайинлангани хабар қилинган.

“Вояга етмаган келин-куёвга никоҳ ўқиган мулла қамалади”

Никоҳ ёшига етмаган келин ва куёвни никоҳлаган мулла ёки имом энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 20 бараваригача жаримага тортилади. Бу ҳолат такрорланган ҳолатда, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ва 6 ойгача қамоқ тайинланади (“Ҳуқуқ оламида”, 9 май). Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга мувофиқ, никоҳ ёшига етмаган фарзандларини никоҳлаган ота-онага ҳам энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ёки 3 ойгача қамоқ тайинланади. Ўзбекистонда никоҳ ёши эркаклар учун 18, аёллар учун 17 ёш этиб белгиланган. 2013 йил 30 апрелдан кучга кирган ўзгартириш билан вояга етмаганлар никоҳи учун жавобгарлик кучайтирилди.

“Ҳокимлар қонунга зид қарорлар қабул қилмоқда”

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳуқуқий экспертизадан ўтказмай, Конституция ва қонунларга зид қарорлар қабул қилгани аниқланган (“Адолат”, 10 май). Адлия вазирлиги расмийси А.Сайдаҳмедовга кўра, текширувларда мамлакат бўйича 36 та туман (шаҳар) ҳокимлари ўз ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилгани қайд этилган. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига сабаб бўлмоқда.

“…давлат органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу органнинг расмий сайтида эълон қилиниши шарт бўлса-да, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ушбу қарор талаблари бажарилмаяпти” деб ёзади адлия расмийси.

“Олим дарслик ҳақида гапириб балоларга қолай деди”

Таниқли адабиётшунос, филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул дарслик ва бугунги ёш олимлардан кўнгли тўлмаслигини билдирди (“Ёшлик” журнали, 2013 йил 3-сон).

“Бир адабиёт дарслиги ҳақида гапириб балоларга қолай дедим...
Шунга қарамасдан, айтай: дарслик ёзишдан олдин кўзланган талаб ва натижалар аниқ белгиланиши керак. Адабиёт дарслиги ўқувчининг ақл-идроки баробарида, руҳи, кўнгли, тасаввур ва хаёлотига ҳам таъсир ўтказиши зарур. Ундаги тил ва ифода аниқлиги, таҳлил ва талқин аниқлигини ўқувчи узоқ пайт эслаши лозим... Бунақа дарслик борлигини шахсан мен ҳам ҳали билмайман” деган И.Ҳаққул.

Олим, шунингдек, илмга янги кириб келаётган ёшлар орасида салоҳиятлиси сийрак экани, дид, савия, дунёқараш ва шахсиятни шакллантириш борасида ҳали кўп заҳмат чекиш зарурлигини таъкидлаган.

“Ота-она чет элга кетса, фарзанд кимда қолади?”

Оғир касалга чалинган эрини даволатиш учун чет элга кетаётган нукуслик аёлга 10 ва 13 ёшли фарзандларини васий ёки ҳомийларга топшириб кетиш маслаҳат берилди (“Адолат кўзгуси”, 9 май).

Аёл яқин-қариндошлари ҳам чет элда экани, болаларни вақтинча назорат қилиб туриш учун кимга мурожаат қилиш мумкинлигини сўраган. Газетада ёзилишича, Оила кодексининг 178-моддасига мувофиқ, ота-она олти ойдан ортиқ ҳозир бўлмаган тақдирда, болаларга нисбатан туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори билан ҳомийлик ёки васийлик белгиланади. 18 ёшга тўлмаган фарзандлар учун васийлик ва ҳомийлик вазифасини халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари амалга оширади. Қайд этилишича, Халқ таълими вазирлиги (бошқармаси) мазкур масалани бир ойдан кечиктирмай ҳал қилиши лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG