Линклар

logo-print

Толибон таҳдидларига қарамай покистонликлар сайловда қатнашмоқда


Толибон таҳдидларига қарамай Покистонда одамлар парламент сайловида овоз бермоқда. Мамлакатнинг 66 йиллик тариҳида илк бор фуқаровий ҳукумат сайлов йўли билан ҳокимиятни бошқасига топшириши кутиляпти.

Сайловга бир кун қолганда Покистондаги толибон ҳаракати аҳолини овоз беришда қатнашмасликка даъват этган, акс холда ҳужумлар билан пўпса қилганди.

Бугун сайлов бошланиши билан мамлакатда камида иккита портлаш содир этилди. Пешавор ва Карачи шаҳарларида содир этилган портлашдан камида 10 одам нобуд бўлди, 40дан зиёд одам яраланди.

Биринчи портлаш Карачидаги паштунларнинг Авомий партияси қароргоҳи яқинида рўй берди. Иккинчи портлаш Пешаворда содир этилди.

Бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган, сайлов участкаларини 600 минг аскар қўриқламоқда.

Покистон ҳукумати сайлов куни террорчиларнинг ўтишини олдини олиш мақсадида Эрон ва Афғонистон билан чегараларни ёпиб қўйди. Расмийларга кўра, чегаралар уч кун ёпиқ бўлади.

Покистон мустақил давлат деб эълон қилинган 1947 йилдан буён ҳукуматлар ҳарбий давлат тўнтаришлари билан ағдарилган, сиёсий инқирозлар боис қулаган ёки сиёсий суиқасдлар йўли билан ҳокимиятдан четлатилган.

Бош вазир Ража Парвез Ашраф раҳбарлигидаги ҳукумат сўнгги беш йил мобайнида Толибон ҳужумлари, мазҳаблараро зўравонликлар, иқтисодий қийинчиликлар фонида фаолият юритди.

Шу йилнинг март ойида Ашраф ҳукумати ўз муддатини охиригача ўтаб бўлганидан сўнг парламент тарафидан тарқатиб юборилди.

Сўнгги 90 кун мобайнида Покистонни муваққат ҳукумат бошқариб турганди.

Бугунги сайловда собиқ бош вазир Навоз Шариф етакчилигидаги Покистон мусулмонлар лигаси партияси кўп овоз олиши башорат қилинган.

Бугун Карачида овоз бериш учун сайлов участкасига келган Тасним Холид ҳокимият тепасига ким келишидан қатъий назар мамлакатдаги аҳволни яхшилашига ишонишини айтади.

-Мамлакатда аҳвол жуда ёмон, Ҳудо хоҳласа яхши бўлади, деб умид қиляпмиз, -дейди Тасним.

Покистон мусулмонлар лигасининг сайловдаги асосий рақиби эса Имрон хоннинг партиясидир.

Имрон хон ва унинг тарафдорлари мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш ва дунёвий давлат тузиш тарафдоридирлар.

Улар Навоз Шарифнинг Мусулмонлар лигасини исломий радикал гуруҳлар билан алоқадорликда айблашади.

XS
SM
MD
LG