Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:07

Андижон қирғини андижонликларсиз хотирланди


Истанбул анжумани иштирокчиларидан бир гуруҳи.
Истанбул анжумани иштирокчиларидан бир гуруҳи.

Андижон қатлиомининг 8 йиллиги муносабати билан 11 майда Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Озод Ўзбекистон” халқаро анжумани бўлиб ўтди. Тадбирнинг асосий меҳмони Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Крейг Мюррей бўлди.

Крейг Мюррей ўз маърузасида 8 йил олдин Ўзбекистонда юз берган қирғинидан ҳануз сабоқ чиқарилмаганидан таассуф билдирди.

Крейг Мюррей Истанбул анжуманида нутқ сўзламоқда.
Крейг Мюррей Истанбул анжуманида нутқ сўзламоқда.
- Мен мансуб бўлган ғарб жамиятининг бу қирғинга иккиюзламичилик билан муносбатда бўлганидан афсусланаман. Бу қирғиндан 8 йил ўтиб биз чиқарган асосий хулоса шуки¸ўзбек мухолифати кучаймоғи шарт. Мен ўзбек мухолифати Муҳамммад Солиҳ атрофида бирлашиши лозим деган фикрдаман¸- деди Крейг Мюррей.

Тадбир доирасида Крейг Мюррей қаламига мансуб “Самарқанддаги қотиллик” китобининг турк тилидаги нашри тақдимоти бўлди.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган “Озод Ўзбекистон” халқаро анжуманида чиқиш қилган журналист Даниел Кислов Андижон воқеалари илк кунданоқ мустақил матбуотда қандай ëритилганига тўхталди.

Тадбирда бир қатор таниқли шахслар, жумладан, кекса журналист Чиғатой Кўчар иштирок қилди.
Чиғатой Кўчар (ўнгда) ва мақола муаллифи Шуҳрат Бобожон суҳбатлашмоқда.
Чиғатой Кўчар (ўнгда) ва мақола муаллифи Шуҳрат Бобожон суҳбатлашмоқда.

Озодлик билан суҳбатда Чиғатой Кўчар Андижон воқеаларини бўрттирмаслик кераклигини уқтирди.

-Тадбирда ортиқча бўрттиришлар ҳам бўлди. Менимча биз мустақиллик қадрини билиб¸воқеалардан сабоқ чиқарган ҳолда олдинга кетишимиз керак¸- деди суҳбатдош.


“Ўзбеклар бирлиги” жамияти ташаббуси билан ўтказилган халқаро тадбир доирасида Истанбул шаҳридаги Üsküdar Bağlarbaşı анжуманлар саройида 23 йилдан буён Ўзбекистонда кузатилаётган қатлиом ва қийноқлар, шунингдек, 2005 йил майида Андижонда рўй берган хунрезликка оид фотокўргазма ҳам намойишга қўйилди.

Истанбул анжумани бўлиб ўтаётган бино.
Истанбул анжумани бўлиб ўтаётган бино.

Туркияда ўн мингларни ташкил қилган ўзбеклар ва ҳусусан андижонликлар анжуманда қатнашмади.

Расмий маълумотларга қараганда, Андижонда бундан 8 йил олдин содир бўлган қирғинда 180 киши ҳалок бўлган. Ўша воқеаларнинг бевосита гувоҳи бўлган юзлаб оддий одамлар ва журналистлар мажбуран мамлакатни тарк этган.



Тадбирда чиқиш қилган журналист Даниел Кисловга кўра , Андижон воқеасида 800га яқин киши ҳалок бўлган ва яна 10000 дан ортиқ киши эса мамлакатдан қочиб кетган.
Андижон қирғини қурбонлари. Сурат 2005 йил 14 май куни Андижонда олинган.
Андижон қирғини қурбонлари. Сурат 2005 йил 14 май куни Андижонда олинган.

Анжуманда орадан 8 йил ўтиб Ўзбекистон ҳукумати халқаро жамоатчиликнинг Андижон хунрезлиги бўйича текширув ўтказилишига оид талабини бажармай келаëтгани таъкидланди.

Ўзбек расмийлари Андижонда аслида нима бўлганини ўрганиш истагини билдирган халқаро комиссияга рухсат бермагани ҳам Истанбулдаги анжуман ташкилотчилар тарафидан ташвиш билан қайд қилинди.


2005 йилнинг 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида тўпланган тинч намойишчилар ҳукумат аскарлари томонидан ўққа тутилгани халқаро жамоатчилик тарафидан қораланган эди.

Анжуман ташаббускорлари тадбирдан мақсад – 8 йил муқаддам Андижонда рўй берган қатлиом унутилиб кетишига йўл қўймаслик, аксинча бунга халқаро ҳамжамият диққатини қаратиш эканини таъкидлашди.
XS
SM
MD
LG