Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:46

Туркия террор ҳужумига жавоб чораси кўришни муҳокама қилмоқда


Туркиянинг Райҳонли шаҳридаги портлаш содир этилган жой.
Туркиянинг Райҳонли шаҳридаги портлаш содир этилган жой.
Туркия ҳукумати ўнлаб одам нобуд бўлган Сурия чегараси яқинидаги Райҳонли шаҳрида шанба куни амалга оширилган ҳужумга қандай жавоб чоралари кўриш масаласини муҳокама қилмоқда. Туркия расмийлари ҳужум Сурия ҳукуматига хайрихоҳ жанггарилар томонидан уюштирилгани тахмин қилинаётганини билдирган. Бироқ Сурия ҳукумати Райҳонли шаҳридаги портлашлар ортида Дамашқ тургани ҳақидаги иддаоларни инкор қилди.

Туркия-Сурия чегараси яқинида жойлашган Райҳонли шаҳрида шанба куни иккита автомобилга ўрнатилган бомба портлагани оқибатида 43 киши нобуд бўлган, ўнлаб одам жароҳат олган.

Туркия Бош вазири ўринбосари Басир Аталай 11 май кунги Хатой вилоятидаги ҳужум Сурия режими ва разведка хизматларига алоқадор гуруҳ томонидан амалга оширилгани тахмин қилинаётганини билдирди.

Райҳонли шаҳридаги портлаш жойни бориб кўрган Туркия Бош вазири ўринбосари Булент Аринч 11 май куни Анқарада журналистларга гувоҳлар кўрсатма бергани ва разведка хизмати ҳисобот тақдим этганидан сўнг хулоса чиқариш мумкинлигини урғулади:

- Сурия режимининг разведка ва ҳарбий идоралари имкониятларини, келинг, уларни одатдагидек гумон қилинувчилар, деб атайлик. Айтганимдек, гувоҳлар кўрсатма бергани ва разведка хизматимиз ҳисобот берганидан сўнг биз расмий хулосага эга бўламиз, дея баён қилди Булент Аринч.

Минглаб суриялик қочқин бошпана топган Райҳонли шаҳридаги ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Бироқ якшанба куни Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли Райҳонли шаҳридаги ҳужум Сурия президенти Ал-Ассад режимига хайрихоҳ жанггарилар томонидан уюштирилганинига ишонишини айтди.

Суриядаги фуқаролар урушида мухолифатни дастаклаб келаётган Туркия ҳукумати Сурия Президенти Башар Ал-Ассад режимини ҳокимиятни тарк этишга чақирган.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Райҳонли шаҳрида тинч аҳолига қарши амалга оширилган ҳужумни кескин қоралади.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳужумни “даҳшат” дея баҳолаб, Қўшма Штатлар НАТОдаги иттифоқчиси Туркияни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

12 май куни президент Башар Ал-Ассад бошчилигидаги Сурия ҳукумати Райҳонли шаҳридаги ҳужумлар ортида Дамашқ тургани ҳақидаги айбловларни инкор қилди.

Сурия Ахборот вазири Омран Ал-Зоҳбий: “Сурия ҳеч қачон бундай акт содир этмаган ва содир этмайди”, дея баёнот берди.

Ал-Зоҳбий Райҳонли шаҳридаги ҳужум учун Туркия ҳукумати масъул эканини урғулади.

- Биз Сурияда рўй бераётган ҳамма воқеалар учун албатта Туркия ҳукумати ва бошқалар масъул, деймиз. Кеча Туркияда содир бўлган воқеа учун ҳам Туркия ҳукумати масъул. Мен (Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб) Эрдўғонни қотиллик учун истеъфога чиқишига чақираман, дея баёнот берди Сурия Ахборот вазири Омран Ал-Зоҳбий.

Айни пайтда Туркия Ички ишлар вазирлиги портлашга алоқадорликда гумон қилинган тўққиз нафар шахс қўлга олингани ва улар кўрсатма бера бошлаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG