Линклар

8 май куни Андижон шаҳрида янги очилган “Камолот” ёшлар боғидаги аттракцион издан чиқиб кетиши оқибатида тўрт бола тан жароҳати олди.

Андижон Теннис корти ёнида янги ишга туширилган истироҳат боғидаги бу воқеа 8 май куни кечки соат еттилар атрофида содир бўлган.

Бу ҳақда Озодликка воқеадан хабардор андижонлик манба хабар қилди.

“Болалар боғида янги қўйилган аттракцион ўз ўқидан чиқиб кетиб, ичидаги одамлари билан ерга қулаган. Натижада бир неча одам жуда қаттиқ тан жароҳати олган. Ўлганлар ҳам бор, дейишаяпти. Воқеа юз берган жойга 20-30 минут ичида милиция ва МХХ ходимлари етиб келиб, боғдаги барча дам олувчиларни ҳайдаб чикариб, атрофни ўраб олишган”, дея хабар қилди андижонлик манба.

Андижон шаҳар ҳокимлигининг масъул ходими “Камолот” ёшлар боғидаги аттракционда ушбу ҳалокат содир бўлганини тасдиқлади.

- Бу айланадиган чархпалак эмас. Поезд кўринишида юрадиган аттракцион. Шу аттракцион ўз изида чиқиб кетиши натижасида бир неча бола жароҳатланди. Улар зудлик билан шошилинч тиббий марказига жўнатилди, - деди ҳокимлик ходими.

Андижон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам марказидан олинган маълумотга кўра, “Камолот” боғидаги аттракцион қулаши оқибатида жароҳатланган тўрт нафар болага тиббий ёрдам кўрсатилган.

- Аттракционда жароҳатланган болалар травматология бўлимига мурожаат қилишди. Тўрт болага амбулатория хизмати кўрсатилди. Уларнинг баданида шилинган-тилинган жароҳатлар бор эди. Шу жойларга тиббий муолажа қилдик. Уларнинг ҳеч қайсиси касалхонага ётқизилмади. Ўша куни уйларига рухсат берилди, - деди тиббий ёрдам марказининг исмини ошкор қилмаётганимиз шифокори.

Суҳбатлашганимиз - Андижон шаҳар ҳокимлиги ходими ҳам, тиббий ёрдам маркази шифокори ҳам аттракцион издан чиқиши оқибатида қурбонлар бўлганини инкор қилишди.

“Камолот” ёшлар истироҳат боғи май ойининг бошида ишга туширилган.

Озодликнинг Андижондаги манбасига кўра, боғ янги бўлишига қарамай, ундаги деярли барча аттракционлар эски бўлган.

“Ушбу боғ Андижон Миллий хавфсизлик хизмати ташаббуси билан эрта баҳордан буён қайта таъмирланиб, аттракционлар ўрнатилган эди. Фалокат юз берган аттракцион ва боғдаги бошқа аттракционларнинг аксари қўлбола-ясама, фойдаланиш муддати ўтиб кетган эски аттракционлардир”, дейди андижонлик манбамиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG