Линклар

Туркиянинг Райҳонли шаҳрида шанба куни содир этилган икки портлашга алоқадорликда гумонланиб тўққиз киши қўлга олинди.

Бош вазир ўринбосари Бешир Аталайга кўра, қўлга олинганларнинг барчаси Туркия фуқароларидир.

Бу одамлар Сурия президенти Башар Ассад режими билан алоқада бўлган бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Аввалроқ Туркия расмийлари Райҳонлидаги портлашда Сурия махфий хизматларининг қўли борлигига оид тахминларни илгари сургандилар.

Айни пайтда Сурия расмийлари Анқаранинг бу борадаги иддаоларини кескин рад этди. Хусусан, Сурия Ахборот вазири Омран Ал-Зоҳбий кеча: “Сурия ҳеч қачон бундай акт содир этмаган ва содир этмайди”, дея баёнот берди.

Шанба куни Туркия-Сурия чегараси яқинидаги Райҳонли шаҳрида содир бўлган икки портлаш натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 46 киши ҳалок бўлган, юзга яқин одам яраланган.
XS
SM
MD
LG