Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:08

Freedom House Бишкекда ўзбек ҳуқуқ фаолининг калтакланишини қоралади


Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Улуғбек Азимов (www.vof.kg сайтидан олинган сурат).
Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Улуғбек Азимов (www.vof.kg сайтидан олинган сурат).

Freedom House халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти Қирғизистон расмийларини таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, “Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳи” жамоатчилик жамғармаси эксперти Улуғбек Азимовга қилинган ҳужумни диққат билан текшириб, айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди.


- Улуғбек Азимов “Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳи”нинг етакчи ҳуқуқ фаолларидан бири бўлиб ҳисобланади. Авваллари у судда ва прокуратурада ишлаган. Бу жиҳатдан у адлия ва хавфсизлик соҳаларида чуқур тушунчага эга. Жума куни у оиласи билан машинада кетаётган пайтда йўлда нохуш ҳодисага дуч келганидан хабар топдик. Бир машина келиб, уларнинг машинаси йўлини тўсиб қўйибди. Улуғбек можарони тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилибди. Бироқ унга ва оиласига ҳужум қилишибди. Уларни қаттиқ калтаклаб, тан жароҳати етказишибди. Биз ҳодиса сабабларини билмаймиз, бироқ бизни бунинг ўзбек миллатига мансуб ҳуқуқ ҳимоячисига қилинган биринчи ҳужум эмаслиги ташвишлантираяпти, - деди Freedom House ташкилотининг Бишкекдаги офиси директори Стюарт Кан.

Асли ўшлик, бир неча йилдан буён эса Бишкекда фаолият олиб бораётган Улуғбек Азимов 9 май оқшомида пойтахт марказида калтаклаб кетилганди.

Ўша куни Улуғбек ва унинг оила аъзолари кетаётган машина олдини Бўкўнбаев ва Абдрахманов кўчалари кесишган чорраҳада бир автомобил тўсиб чиққан. Машинадан тушган одамлар ҳуқуқ ҳимоячисини, унинг қайниси ва ўғлини калтаклай кетганлар. Аёвсиз калтаклаш асносида Улуғбекнинг оёғи икки еридан синган ва мияси чайқалган.

Орадан 3 кун ўтганига қарамай, аҳволи у қадар яхши бўлмагани учун Улуғбек Азимовнинг ўзи билан суҳбатлашиш имкони бўлмади. Азимов ҳолидан хабар олишга муваффақ бўлган “Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Азиза Абдирасулова ўз ҳамкасби ҳозир тиббий муолажалар олаётганини айтди.

Ҳодиса юзасидан жабрланувчилар Бишкекдаги Свердлов туман ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилганини айтган Абдирасулова хоним ҳозирда ҳужумчилар келган машина кимга қарашлилиги аниқланганини маълум қилди.

- Машинанинг ҳуқуқий эгаси аниқланди. Бу машина сотилган экан ўтган йилнинг декабр ойида. Ҳозир машинанинг ҳақиқий эгаси қидирилмоқда. Худо хоҳласа, бугун-эрта у ҳам топилади, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова.

Freedom House ташкилотининг Бишкекдаги офиси директори Стюарт Кан ҳам Улуғбек Азимов ва яқинларига ҳужум қилган шахслар топилиши ва жазоланишидан умидли эканини айтди.

- Биз бу ҳодиса Улуғбекнинг иши ёки ҳали ҳам давом этаётган миллатлараро муаммолар билан боғлиқ ёки эмаслигини билмаймиз. Мамлакат жанубида ҳалигача ўзбек миллатига мансуб бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга нисбатан, умуман олганда, миллати ўзбек бўлган кишиларга нисбатан таъқиб-тазйиқлар давом этаётгани кузатилаяпти. Биз Қирғизистон расмийларининг бу ҳодиса бўйича диққат билан текширув ўтказишига ва айбдорлар суд олдида жавоб беришига умид қиламиз, - деди жаноб Стюарт Кан.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоли ва яқинларига ҳужум ҳодисаси юзасидан Бишкек шаҳар Свердлов туман ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 234-моддаси (Безорилик) бўйича жиноят иши очилгани айтилмоқда.

40 ёшдан ошган Улуғбек Азимов Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг жамоатчи кузатувчилар кенгаши аъзоси бўлиб ҳисобланади. Яқинда у Қийноқларни бартараф этиш бўйича миллий марказнинг мувофиқлаштирувчи кенгашига раис этиб сайланганди.

Ўшликлар ҳуқуқ фаоли Улуғбек Азимовни жамоат арбоби Худойберди Азимовнинг ўғли сифатида ҳам танийдилар. Унинг отаси узоқ йиллар Ўш шаҳар депутатлар кенгаши раиси сифатида фаолият юритган.
XS
SM
MD
LG