Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:37

Ўзбекистонлик келинлар Қирғизистонда паспортсиз яшамоқда


Қирғизистонга келин бўлиб тушганларнинг қизлари келин бўлишга улгурди, лекин паспортдан ҳануз дарак йўқ...
Қирғизистонга келин бўлиб тушганларнинг қизлари келин бўлишга улгурди, лекин паспортдан ҳануз дарак йўқ...
Қирғизистонга Ўзбекистондан келин бўлиб тушиб, Қирғизистон паспортини ололмай юрган аёлларнинг сони тўрт минг нафардан ошади. Бу маълумот йил бошида “Фарғона водийсининг чегарасиз юристлари” ташкилоти ҳисоботида келтирилди.

Ҳокимият бу масаланинг ечимига оид қарор чиқаргани билан, ҳозирча муаммо тўла ҳал бўлгани йўқ. Натижада, баъзи маълумотларга қараганда, сўнгги 5 йил ичида икки давлат фуқаролари орасида бир-бирига қиз бериш кескин озайган.

Муаммони Ўш вилоятининг Аравон туманига келин бўлиб тушган ўзбекистонлик аёллар мисолида ўргандик.


Ўзбекистоннинг яшил паспортини Қирғизстоннинг кўк рангдаги паспортига алмаштириш ҳаракатида юрган аёллар Ўш ва Жалолобод вилоятларида минглаб саналади.

Биргина Аравон туманида Ўзбекистондан келин бўлиб тушиб, паспорт ола олмай юрган 450га яқин аёл бор. Баъзилари яқинда ўзлари ҳам келин олишади.

Уларнинг бири - Гулнора Болтабоева. Йигирма йил аввал Андижон вилоятидан келин бўлиб келган. Бир неча бор ҳаракат қилганига қарамай, Қирғизистон фуқароси деган ҳужжат берилгани йўқ:

- Мен келин бўлиб келганимда, паспортим қизил эди. Совет даврида келганман-да. Паспорт алмаштирилаётган пайтда, эътиборсизлик туфайли алмаштира олмадим. Хозир на Қирғизистон фуқаросиман, на Ўзбекистон фуқаросиман. Паспорт олиш учун бир неча бор хужжат топширганим билан, ола олмадим. Тўғриси, паспорт олиш учун қанақа ҳужжатлар кераклигини ҳозиргача билмайман.

Болтабоева паспорт йўқлиги туфайли кўп маротаба қийналганини айтиб берди. Паспорти йўқлиги дастидан фарзандларига нафақа ола олмайди. Туғилган юртига бориб, яқинларини кўриб келиши ҳам машаққат:

- Болаларимга пособие ола олмайман. Сайловларга умуман қатнашмайман. Хатто Ўзбекистонга бориб, ота-онамнинг аҳволидан хабар олишим ҳам мушкул. Паспортим йўқлиги туфайли чегарадан ўта олмайман. Баъзида қариндошларим чегарага яқин жойга келишади, мен ҳам бораман. Орамизда 50-100 метр масофа бўлади, қийқириб гаплашиб, ҳол-аҳвол сўрашамиз...

Қирғизстонга келин бўлиб келганларнинг фуқаролик олиши масаласи 1990-йилларнинг бошидан бери муаммолигича қолмоқда. Мамлакатда иш юритаётган нодавлат ташкилотлар томонидан шу мавзу сўнги йилларда тез-тез кўтарила бошлади.

«Тинчликка тарафдор аёллар” ташкилотининг Аравондоги аъзоси Замира Ташалиева бу борада “Озодликка” қуйидагича фикр билдирди:

- Бу аёллар фарзандларининг олди уйланадиган бўлиб қолди. Қизларини турмушга беришяпти. Лекин паспортлари йўқ. Агар Аравондаги 450 ўзбекистонлик келиннинг ҳар бирида 3-4 та фарзанди бор деб, ҳисоблайдиган бўлсак, 1000 дан ошиқ бола пособие олмайди. Бизга билинмагани билан, паспортсиз юриш – улар учун жуда ҳам машаққат.

Аравон туман ҳокимияти ходимлари келинларнинг паспорт масаласини парламент ҳал қилиши керак, деган фикрда. Улар томонидан муаммого ечим топиш мақсадида Жогорку Кенешга илтимосномалар жўнатилганини туман ҳокимининг ўринбосари Жамила Абилкасимова айтди:

- Ушбу муаммо нега шу пайтгача ечилмай келяпти, билмадим. Сўнгги йилларда тез-тез шу масала оммавий ахборот воситаларида, ҳокимият йиғилишларида кўтариляпти. Ўтган йилдан бери биз ҳам парламентга, президентга мурожаат қилганмиз, келинларнинг фуқаролик масаласини ҳал қилишни сўраб. Ҳозирда Аравондаги 450 аёлнинг 153таси ҳужжатларни топшириб, паспорт келишини кутяпти. Тўрттаси паспорт олди. Қолганларининг муаммоси ҳам ҳал бўлади, деб умид қиляпмиз.

Ўтган йили Қирғизстон парламенти “Қирғиз Республикаси фуқаролиги тўғрисида"ги қонунни қайта ишлаб чиққан. “Фарғона водийсининг чегарасиз юристлари” ташкилоти ходими Максатбек Жорокуловнинг таъкидлашича, қонунга мувофиқ Ўзбекистондан келин бўлиб тушган аёлларга паспорт бериш жараёни осонлаштирилган:

- Қонун 2012-йилнинг 17-мартида қабул қилинган. Келинлар тегишли ҳужжатларни, яъни Ўзбекистондан келин бўлиб келганлиги ҳақидаги қишлоқ ҳукуматидан берилувчи справкани, Ўзбекистон фуқаролигидан чиққанлигини тасдиқловчи ҳужжатни ва Қирғизистон фуқаролигини олиш учун аризани паспорт берувчи идорага олиб бориши керак. Никоҳни рўйхатга олувчи идорадан ҳам ҳужжат олиб келиниши шарт. Отаси қирғизстонлик бўлгани туфайли, болаларига туғилганлиги ҳақида гувоҳнома берилади. Шуларнинг нусхаларини ҳам кўрсатиши лозим. Ўзгартирилган қонунга кўра, бошқа давлатдан келин бўлиб тушган аёллардан паспорт олиш учун тўланадиган 2000 қирғиз сўми миқдоридаги давлат солиғидан ҳам кечилган.

Қирғизстон фуқаролигини олиш жараёни давлат томонидан осонлаштирилгани билан, лекин муаммо ҳал бўлгани йўқ. Мутахассислар фикрича, бунда аҳолининг ҳуқуқий саводсизлиги ва эътиборсизлиги ҳам муҳим роль ўйнамоқда.

Келинларнинг фуқаролик олиши биргина Қирғизистонда эмас, Ўзбекистонда ҳам ҳал бўлмай келаётган масаладир. Бу борада икки давлатдаги муаммолар ўхшаш. Ўзбекистонга келин бўлиб бориб, лекин паспорт ола олмай юрган келинлар бола-чақали бўлиб қолганига қарамай, 2010-йилдан бери Қирғизстонга чиқарилиб юборилмокда.

Яшил паспортни кўк ҳужжатга, ёки кўк паспортни яшилига алмаштириш машаққати туфайли сўнги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизстон фуқаролари орасида қуда-анда тутуниш кескин озайган.

Санжар Эралиев
XS
SM
MD
LG