Линклар

logo-print

9 куни Воронежда "Ватан" жамиятининг 35 йиллиги ва фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 68 йиллигини нишонлаётган Ўзбеклар жамияти тадбири маҳаллий полиция ходимлари томонидан тарқатиб юборилди. Полицияни тадбирда Федерал миграция хизматининг маҳаллий бўлими ходимлари, ҳокимият ва жамоатчилик вакиллари, уруш фахрийлари иштирок этаётгани ҳам тўхтата олмади.

9 куни Воронежда "Ватан" жамиятининг 35 йиллиги ва фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 68 йиллигини нишонлаётган Ўзбеклар жамияти тадбири маҳаллий полиция ходимлари томонидан тарқатиб юборилди. Полицияни тадбирда Федерал миграция хизматининг маҳаллий бўлими ходимлари, ҳокимият ва жамоатчилик вакиллари, уруш фахрийлари иштирок этаётгани ҳам тўхтата олмади.

Россияда 9 май – Ғалаба кунини нишонлаётган Воронеждаги “Ватан” ўзбеклар жамияти маҳаллий полиция томонидан тартибни бузганликда айбланди.

Воронеж шаҳрининг “Энергия” спорт мажмуи олдида "Ватан"нинг 35 йиллигига ва Ғалаба кунига бағишлаб катта дастурхон ёзган ўзбеклар жамияти байрамни тўхтатишга мажбурланди.

Жамият раиси Нишон Гулмирзоевга кўра, тадбирни ўтказишга шаҳар ҳокимиятидан рухсат бор эди:

- Рухсат, ҳамма нарсасини берган.. Участковой келиб туриб, “Ичкилик мумкин эмас”, деди. Қуруқ гаплар. Халқнинг ҳаммаси ичкани йўқ-ку. Фақат ветеранларга рамзий “100 грамм” қўйилган эди – уларга положено. Шу “сто граммини” ичиб ўтирган эди. Шуни “неположено”, деб ошни бузиб ташлади-да. Ҳозир област началник полицияси, ҳамма ерга чиққанмиз – ҳозир аллақачон телефон қилишяпти. Рухсат берган ҳужжатларини олиб “Единая Россия” партиясига топшираман – кўрамиз, қандай қарор чиқаради, дейди Нишон Гулмирзоев.

Полиция ходими жамоатчилик жойида ароқ ичиш мумкин эмаслиги важи билан тадбирни тўхтатган. Суҳбатдошимиз сўзларига кўра, буниси етмаганидек, полициячи тадбирга йиғилган ўзбекларнинг “80 фоизи ноқонуний мигрант экани ва улар томонидан бирор жиноят содир этилса у жавобгарликка тортилиши” мумкинлигини гапирган.

- Қўполлик қилди. “Ҳаммаси нелегал, энг хавфлилар шулар”, деди. Бу гапларни вилоят депутати, шаҳар маъмурияти вакиллари, 92 ёшли учувчи-қахрамон Иван Маслов, 80 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасида 2-секретар бўлиб ишлаган Анишчев Владимир Петрович, одамлар жуда кўп эди – ҳаммаси эшитди. Ҳозир янги началник мелиса бўлган – 3 йилдан бери келмайди бизнинг тадбирларимизга. Ўтган йили ҳам бузмоқчи бўлган эди тадбиримизни полиция келиб, тинчитган эдик. Ўша йили тадбир тамом бўлганидан кейин ҳамма болларимизнинг регистрациясини текширди. Ахир байрам куни кимга керак регистрация текшириш?! дея таажубланади “Ватан” Ўзбеклар жамияти раҳбари Нишон Гулмирзоев.

Жамият раҳбари байрам йиғилишига келган ветеранларга Ўзбеклар жамияти томонидан совғалар топширилгани, тадбирнинг тантанали қисми якунидан кейин меҳмонлар ва иштирокчилар спортзал ичига кураш бўйича спорт мусобақаларига таклиф этилгани, бироқ байрам кайфиятини йўқотган ва полиция ходимларининг қўполлигига гувоҳ бўлган ветеранлар уй-уйига тарқаб кетганини қўшимча қилди.

Тадбирда Россиянинг бошқа ўлкаларидан келган бир гуруҳ ўзбек миллий-маданий марказлар вакиллари ҳам иштирок этгани айтилди.

Воронеж шаҳар Ички ишлар бошқармасида бу можаро юзасидан текширув бораётгани, текширув натижаларига кўра, полиция бошқармаси жамоатчиликка ҳисобот тайёрлаётганини Озодликка билдиришди.

Бу тадбирда меҳмон сифатида иштирок этган Воронеж вилоятининг Москвадаги собиқ расмий вакили, 80 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси иккинчи котиби бўлган Владимир Анишчев Озодлик билан суҳбатда бу вазиятни можаро даражасига кўтаришнинг ҳожати йўқлигини гапирди.

- Ўз-ўзидан жуда ёқимсиз ҳодиса рўй берди. Ўзбеклар тинчгина спорт саройи олдида уларга байрамни ўтказиш учун ажратилган жойга жойлашиб олди. Уруш фахрийлари, бошқа меҳмонларни таклиф этишди, дастурхон ёзишди. Айрим ветеранларга рамз сифатида 100 граммдан ароқ ичиш имкониятини беришди. Тадбир тугашига 20 дақиқача қолганида қаердандир полиция катта лейтенанти етиб келиб қолди ва жанжал-тўполон кўтариб қолди. Кўринишидан ўқимишли, маданиятли одамга ўхшамади. Айтишим зарурки, мумкин ташкилотчилар уларга берилган зал ичида эмас очиқ жойда, уйлар орасида стол безатгани бироз хунук кўрингандир. Бу оддий одамлар ғашига теккандир, билмадим... Нима бўлганда ҳам полиция ходимлари вазиятга тўғри баҳо беришлари керак эди, деди бўлиб ўтган можаро тўғрисида Владимир Анишчев.


Анишчев ветеранлар “сталинча 100 граммни” ичиб олишга улгургани ва ҳеч қанақа полиция ходими бундай ажойиб кунни хира қила олмаслигини ҳам қўшимча қилди.

“Ватан” Ўзбеклар миллий жамиятидан олинган маълумотга кўра, 2012 йилда Воронеж вилоятида 56 мингдан зиёдроқ ўзбекистонлик расман ишлашга рухсатнома олган.

Бироқ амалда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўжалланган бу минтақада ўзбеклар сони 100 мингдан зиёд экани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG