Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:09

Савдо тармоқларида ногиронлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар сотилади


"Ижтимоий маҳсулот" дастури бўйича БМТТД ва Korzinka.uz тақдимоти 15 май куни тармоқнинг Сергелидаги супермаркетида ўтказилиши кутилмоқда.
"Ижтимоий маҳсулот" дастури бўйича БМТТД ва Korzinka.uz тақдимоти 15 май куни тармоқнинг Сергелидаги супермаркетида ўтказилиши кутилмоқда.

Ўзбекистондаги йирик савдо тармоқларидан бири бўлган Korzinka.uz да 15 майдан бошлаб “Ижтимоий маҳсулот” дастури доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сотувга қўйилади.


Бу ҳақда Озодликка Korzinka.uz савдо тармоғининг ташқи фаолият бўйича маркетологи Сулхи Ҳасанов маълум қилди.

- Маҳсулотларни сотиш 15 майдан, яъни эртанги кундан бошланади. Эртага Korzinka.uz-Сергели супермаркетида тақдимот маросими бўлиб ўтади. Уни дастурни амалга ошираётган БМТ Тараққиёт дастури Тошкент ваколатхонаси ва Korzinka.uz вакиллари расман очиб беришади. Дастур доирасида биз ногиронлар ва аҳолининг заиф қатламидан бўлган кишилар, масалан, етимлар ва бошқалар ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотамиз. Авваллари улар БМТТД билан имтиёзли асосда ҳамкорлик қилганлар. Эндиликда улар ўз молларини бозорга олиб чиқиб сотишлари, талабни ўрганишлари ва шу асосда ўз-ўзини маблағ билан таъминлашга ўтишлари керак. Шундан кейин улар БМТТД ёрдамисиз ишлай бошлаши кўзда тутилган. Ҳозирча БМТ Тараққиёт дастури шартномалар тузиш, мол етказиб бериш ва бошқа масалаларда ишлаб чиқарувчиларга ёрдам бериб келмоқда, - дер экан Сулхи Ҳасанов ҳозирда дастур доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар супермаркетларга келиб тушганини ҳамда бу молларнинг аксариятини енгил саноат маҳсулотлари ва сувенирлар ташкил қилишини айтди.

“Ижтимоий маҳсулот” дастури доирасида мол харид қилиш билан ўзбекистонликлар заиф қатламга мансуб юртдошларига ёрдам беришини қайд этган маркетолог Ҳасанов айни пайтда ишлаб чиқарувчилар ҳам амалий аҳамиятга эга маҳсулот ишлаб чиқариши лозимлигини урғулади.

- Одамлар бу маҳсулотларни амалий фойдалилигидан келиб чиққан ҳолда харид қилишлари керак, бу одамларга раҳми келиб, уларга ёрдам бериш истагидан келиб чиққан ҳолда эмас. Биз уларнинг фикрлаш тарзини бироз ўзгартирмоқчимиз. Чунки ҳозирги пайтда бу одамлар зеҳниятида бир хато мулоҳаза бор “биз ишлаб чиқарган товарларни ҳамма харид қилиши керак, чунки бу моллар ногиронлар ва заиф қатламга мансуб кишилар томонидан ишлаб чиқарилган” деган. Аслида бу нарса нотўғри, улар ҳам бошқа оддий корхоналар каби рақобатга дош бера оладиган маҳсулот ишлаб чиқаришлари керак. Шундагина улар БМТТД каби ташкилотлар ёрдамисиз фаолият юрита оладиган бўладилар, - дейди Korzinka.uz савдо тармоғи ташқининг фаолият бўйича маркетологи Сулхи Ҳасанов.

Ўзбекистон Ногиронлар жамияти марказий раёсати раиси Комилжон Абдуллаев мамлакатда жисмоний имконияти чекланган одамлар аҳволи ўтган асрнинг 90-йилларига қараганда ўнгланиб қолганини, бугунги кунда улар билан ишлаётган халқаро ташкилотлар ва 76 та ноҳукумат ташкилоти ногиронларга қўлдан келганча ёрдам бериб келаётганини айтади. Унга кўра, ногиронлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар ҳозирда турли ярмаркаларда, Ўзбекистоннинг туристик марказларида ўз харидорларини топаётибди, шу жумладан, уларни хорижликлар кўп сотиб олаяпти.

Комилжон Абдуллаевнинг айтишича, эндиликда республика Ногиронлар жамияти ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида марказ ташкил этиш тараддудига тушган, бироқ шу кунда бунга маблағ топиш масаласи кўндаланг бўлиб турибди.

- Биз ҳозир шунинг устида ишлаяпмиз. Битта марказ ташкил қилиб, сал бир маблағ топгандан кейин ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Агар рухсат берилса, давлат буюртмасини олиб, шунга қараб, халқ истеъмоли молларидан ишлаб чиқармоқчимиз, - деди Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси Комилжон Абдуллаев мамлакатда ногиронлар ишлаши учун зарур барча имкониятлар яратилганини айтаркан.

Аммо исми ошкор қилинишини истамаган тошкентлик ногирон суҳбатдошимиз ўзи каби жисмоний имконияти чекланганлар учун Ўзбекистонда керакли шарт-шароитларнинг ҳаммаси яратилганига оид иддаоларга қўшилмайди.

- Буларнинг гапираётган гапию қилаётган ишларининг ҳаммасини кўзбўямачилик, деса бўлади. Мен меҳнат биржасидан ҳам сўрадим: “Уйда қилинадиган иш борми?” деб. Ҳеч қанақа иш йўқ. Менинг Кўрлар жамияти билан ҳам озгина алоқам бўлди. У ерда-бу ерда, касалхонада бирга ётганлар билан гаплашсам, илгари розетка, штепселга ўхшаган нарсаларни ишлаб чиқаришаркан, “ҳозир ҳаммасини беркитиб ташлаган”, дейишди. Ҳозир соппа-соғларга иш йўқ-ку – Россияга бориб, кўча супириб юришибди, бизга қаёқда иш бўлади? – дер экан кўзи ожиз суҳбатдошимиз ўзи кабиларнинг кўпчилиги ҳозир кўчада тиланчилик қилиб кун кечиришга мажбур бўлаётганини қўшиб қўйди.

Суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистонда ногиронлар фақат сайлов пайтидагина эсланадиган бўлган.

“Мавжуд шароитни ўнглаш учун нима қилса бўлади?” деган саволимизга у қуйидагича жавоб берди.

- Ҳамма нарса Каримовдан зависить қилиб қолган бўлса, у бир указ чиқариши керак. Указ бўлса, ёпилган корхоналар очилади, илгари ишлаган одамлар бориб ишлайди, бир-бири билан мулоқотда бўлади, битта ўзи уйда ётиб қолмайди, - дейди тошкентлик кўзи ожиз суҳбатдошимиз.
XS
SM
MD
LG