Линклар

НАТО минтақадаги фаолиятини Тошкентдан туриб мувофиқлаштиради


Тошкентда НАТО ваколатхонасини очиш Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2011 йилда Брюсселга ташрифи чоғида келишилган эди

Тошкентда НАТО ваколатхонасини очиш Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2011 йилда Брюсселга ташрифи чоғида келишилган эди

НАТО Афғонитсондаги қўшинларини Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон орқали олиб чиқишни бошлаётган бир пайтда Тошкентда ўзининг минтақавий идорасини очмоқда.

НАТОнинг Брюсселдаги бош қароргоҳи расмийлари ҳарбий алянс Тошкентда ўзининг минтақавий идорасини очаётгани ва июн ойидан фаолиятини бошлашини тасдиқлади.

Ҳарбий-сиёсий ушмасининг Тошкентдаги минтақавий ваколатхонаси 3 июн куни очилиши кутиляпти.


Тошкентдаги минтақавий идораси алянснинг нафақат Ўзбекистондаги, балки Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон бўйича фаолиятини ҳам мувофиқлаштиради.

Шунингдек, Ўзбекистон пойтахтида очилажак НАТО идорасининг фаолияти Шимолий Атлантика алянсининг Марказий Осиёдаги барча шериклари билан мулоқот ҳамда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилади.

Тошкентдаги НАТО офиси ҳарбий алянс Афғонистондаги қўшинларини Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон орқали олиб чиқишни бошлаётган бир пайтда очилмоқда.

НАТО Афғонистондаги қўшинлари ва ҳарбий аслаҳаларини 2014 йил охиригача Ўзбекистон орқали олиб чиқиб кетишни мўлжалламоқда.

Тошкентдаги НАТО идорасининг асосий вазифаси ҳам Афғонистондан ҳарбий техника ва аслаҳаларни олиб чиқиш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш эканлиги айтилмоқда.

Бироқ россиялик ҳарбий эксперт Александр Голц фикрича, НАТО Тошкентда минтақавий идорасини очаётгани фақат Афғонистондан ҳарбий техника ва аслаҳаларни олиб чиқилиши билан боғлиқ эмас.

- Фикримча, бу узоқ муддатга мўлжалланган дастур. НАТО Марказий Осиё хавфсизлиги муаммосига жиддий эътибор қаратаяпти ва алянс келажакда ушбу минтақа мамлакатлари билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни яна ҳам кенгайтиради, - дейди Голц.

Шу ой бошида НАТО расмийлари халқаро қўшинларни кўчириш режаларини амалга оширишда шимолий йўналишни текшириб кўриш мақсадида ҳарбий жиҳозлар ортилган иккита поезд Афғонистондан Ўзбекистон орқали олиб ўтилгани ва Латвияга етиб борганини билдирган эди.

Маълумки, Ўзбекистон Афғонистонда ҳарбий қўшини бор НАТО давлатлари билан юкларни ўз ҳудуди орқали олиб чиқилиши бўйича икки томонлама келишувларни имзолаган.

Айни келишувлар доирасида Афғонистонда ишлатилган айрим ҳарбий-техник жиҳозлар Ўзбекистонга ҳам берилиши кўзда тутилган.

- Халқаро коалицияга аъзо мамлакатлар Марказий Осиёдаги қурол-аслаҳа омборларини қолдириш ниятида. Айрим турдаги қуролларни эса ушбу минтақа армияларига бермоқчи. Бундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак НАТО мутахассислари, инструкторлари ҳам у ерда қолади. Хуллас бу узоқ муддатли ҳамкорлик бўлади, - дейди россиялик ҳарбий эксперт Александр Голц.

Ҳозирча Тошкентдаги НАТО ваколатхонасига ким раҳбарлик қилиши эълон қилинмади. Ваколатхонага НАТОга аъзо мамлакатлардан бирининг фуқароси раҳбарлик қилиши, унинг ёрдамчилари этиб маҳаллий мутахассислар танланиши мумкин.

Аввалроқ, НАТО ҳарбий-сиёсий уюшмасининг Тошкентдаги минтақавий идорасидаги иш ўринлари учун танлов ҳам эълон қилинган эди. Халқаро муносабатлар соҳасида етарли иш тажрибасига, Марказий Осиё тарихи, сиёсати ва хавфсизлиги бўйича яхши билимларга эга бўлган ҳамда инглиз, рус ва ўзбек тилини мукаммал эгаллаган Ўзбекистон фуқаролари тайинланиши айтилган.

Ўзбекистон Андижон воқеаларига қадар НАТОнинг Афғонистондаги ҳарбий миссиясига яқиндан кўмаклашиб келган. Хусусан, мамлакат ғарбидаги Қарши-Хонобод ҳаво базасини АҚШ ҳарбийлари ихтиёрига берган.

2005 йилда АҚШ базаси ёпилганидан кейин ҳам, Термиз ҳаво базасида немис қўшинлари ҳозирлиги сақланиб қолди.

Ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистондаги ҳукумат ҳарбий техникани ўз мамлакати аҳолисига қарши қўллаши мумкин, деган ҳавотирда Ғарб ҳукуматларини Ўзбекистондаги Каримов режим билан ҳарбий ҳамкорлик қилмаслик, бу мамлакатга қурол сотмасликка чақириб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG