Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:30

"Исломда ҳашарот ейишга рухсат бор. Фақат..."


- Исломда ўт-ўлан ейдиган ҳашаротлар, масалан, чигиртка ейиш ман этилмаган, деди таниқли ислом олими, Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Содиқ қори Камолиддин.

Олимни ҳашаротлар мавзуидаги суҳбатга тортишга БМТнинг куни кеча эълон қилинган янги ҳисоботи сабаб бўлди.

Ҳамжамиятнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоботида дунё бўйлаб 2 миллиарддан зиёд киши учун ҳашаротлар қўшимча егулик эканлиги эслатиб ўтилган. Ҳашаротларни истеъмол қилиш дунё бўйлаб очлик ва атроф-муҳит ифлосланиши даражасини пасайтиришга ҳисса қўшиши таъкидланган.

Ҳисоботда қурт-қумурсқалар оқсилга ўта бойлиги туфайли тўйиб овқатланиш имконидан маҳрум болалар егуликларини бойитадиган қўшимча бўлиши мумкинлиги уқтирилган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, ҳашаротлардан жирканиш оқсилга бой бўлган бу озиқнинг Ғарб жамиятида истеъмолга кириши йўлида жиддий тўсиқ бўлмоқда.
Ҳашаротлар нафақат Ғарб халқлари дастурхонида, балки мусулмон халқларининг мутлақ кўпчилиги, хусусан, ўзбеклар дастурхонида ҳам учрамайди.

Маълумки, ўзбеклар у ёки бу нарсани ейиш ёки емаслик тўғрисида қарор қабул қилар экан, одатда, исломий ҳукмлардан келиб чиқади.

Бас, шундай экан, ҳашаротлар истеъмолига оид исломий ҳукмлар қандай?

- Бизларнинг шариатимизда қурт-қумурсқалар, ҳашаротлар, ҳайвонотларнинг ичида ҳалоли бор, ҳароми бор.

Озодлик: Ҳашаротларнинг ичида ҳам ейдигани борми?

- Бор. Масалан чигиртка. Мана шунга ўхшаганларни еса бўлади. Лекин ўзидан кичик ҳайвонларни ейдиган, масалан қонини сўрадиган, ичадиган нарсалар, тирноқли нарсалар, тирноғи билан бўғиб ушлаб ейдиган қушлар – булар шариатда ҳаром қилинган. Чигирткага ўхшаб набототларни, ўт-ўланларни ейдиган нарсаларни истеъмол қилса бўлади. Мана шунга қараб ҳаммаси ажратилаверади. Мана шу тарози. Ўлимтик ейдиган, ўзидан кичик ҳашаротни ейдиган, қонини сўрадиган – у ҳашарот бўлсин, қурт-қумурсқа бўлсин ҳаром қилинган. Наботот билан тирикчилик қиладиган ҳашаротларни истеъмол қилса бўлади. Ҳайвонлар ҳам, паррандалар ҳам худди шундай. Чумчуқлар, кабутарларга ўхшаган нарсаларни еса бўлади. Чунки булар ўлимтик емайди. Калхатлар, бургутлар қон ичади, гўшт ейди, тирноғи билан бўғиб ўлдириб, истеъмол қилади. Шунинг учун буларнинг гўшти ҳаром қилинган.

Озодлик: Мана чигирткани айтдингиз. Лекин чигиртка қаторида айтиш учун узоқ санашга тўғри келади. Сиз айтган асиосий белгилар, ўша қон сўрмайдиган бўлса ва шунга ўхшаган тақиқлардан холи бўладиган бўлса,ҳашаротларни ейиш мумкин.

- Ҳа, мен айтиб ўтдим, ўт-ўлан билан, наботот билан озуқаланадиган нарсалар бўлса чигирткага ўхшаган, буларни истеъмол қилса бўлади.

Озодлик: Рухсатлар борку. Агар инсоннинг саломатлигини сақлаб қолиш учун керак бўладиган бўлса, ўша ҳаром деб тан олинган нарсаларнинг гўштини ҳам истеъмол қилиш мумкин деган рухсатлар бор-а?

- Бу бошқа мавзу. Бу мутлақо бошқа нарса. Масалан спирт, спиртли ичимликлар ëки бошқа нарсалар инсоннинг ҳаëтини сақлаб қолишликка истеъмол қилишга рухсат берилган. Ўзи ўлиб қолган нарса, ҳайвонмиди, товуқмиди, инсон шундай ҳолатда қолдики, бошқа ҳеч нарса йўқ ейишга. Агар шу ўлимтикни ëки ўзи ўлиб қолган нарсани ëки чўчқа гўштини емаса, ўлиб қолади. Шундай ҳолатларда ҳаëтини сақлаб қолишлиги учун ëки табиблар мана шу нарсани истеъмол қилмасанг, сиз шу касаллик орқасидан ўлиб қоласиз деса, ўша табибларнинг сўзи билан ҳаëтини сақлаб қолишлик учун истеъмол қилса бўлади. Бу бошқа нарса.

Озодлик: Бир қарашда бошқа нарса, лекин БМТ ҳашаротларни ейишни таклиф қилар экан, дунëнинг жуда кўплаб минтақаларида очликдан ўлаëтган одамлар бор, айниқса болалар ҳаëтини сақлаб қолиш муаммоси бор, ўша болаларнинг ейдиган таомига қўшимча омил сифатида ҳашаротларни қўшишни айтаяптида. Хуллас ҳаëтни сақлаб қолиш учун қилинаяпти бу таклиф. Шу маънода тушунса бўладими?

- Ҳа, баракалла. Ҳар бир ҳолатнинг ўзининг шарт-шароити, муҳитидан келиб чиқиб гапирилишлиги керакда. Масалан айрим давлатларда, минтақада, қитъада шундай ҳолатлар бўлса, шу мамлакат, минтақа халқини, болаларини сақлаб қолиш учун табибларнинг рухсати билан инсонга бошқа томондан зарари етмайди деган хулосасини олиб туриб, овқатига қўшиб ëки овқат тариқасида берса бўлади буларнинг умрини, саломатлигини сақлаб қолишлик мақсадида¸ дейди Содиқ қори Камолиддин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:59 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG