Линклар

Россия АҚШ ҳукуматига жосус воқеаси бўйича норозилик билдирди


АҚШнинг Россиядаги элчиси Майкл Макфол.

АҚШнинг Россиядаги элчиси Майкл Макфол.


Москвада АҚШ элчихонаси ходими жосусликда гумонланиб ҳибсга олиниши ортидан АҚШнинг Россиядаги элчиси Майкл Макфол чоршанба куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.

Элчи Макфол россиялик дипломатлар билан бир соатдан кўпроқ давом этган учрашув ортидан вазирлик биносини тарк этар экан¸ нима учун чақиртирилгани борасида журналистларга изоҳ бермади.

Бир кун аввал Россия Федерал хавфсизлик хизмати расмийлари Москвадаги АҚШ элчихонасининг ўзини Райан Кристофер Фогл деб таништирган ходими россиялик хавфсизлик хизмати ходимини АҚШ фойдасига ишлаш учун ёллашга уринганликда гумон қилиниб, қисқа муддатга ҳибсга олинганини билдирган эди.

Россия хавфсизлик расмийларига кўра, қўлга олинган пайт америкалик Райан Кристофер Фогл ёнида махсус техник жиҳоз, россиялик ёлланганлар учун инструкция ва йирик миқдорда пул бўлган.



Россия расмийлари АҚШ Марказий разведка бошқармаси ходими эканликда гумонланаётган америкаликнинг мамлакатдан зудликда чиқиб кетиши кераклигини айтмоқда.

Вазирлик баёнотида айтилишича, совуқ уруш даврига хос бундай провокацион ҳаракатлар Москва ва Вашингтон ўртасидаги ишончга путур етказади.

Россия президенти Владимир Путин матбуот котиби "АҚШ дипломатининг Россия хавфсизлик хизмати ходимини ўз фойдасига ёллашга урингани каби ҳолатлар Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши учун хизмат қилмайди", дея баëнот берди.

АҚШ Давлат департаменти Москвадаги элчихонаси ходимининг қисқа муддатга ҳибсга олиниб, қўйиб юборилганини тасдиқлади ва ҳодисага шундан ортиқ муносабат билдирмади.
XS
SM
MD
LG