Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:50

Ўзбек курашчилари кураш ҳимоячилари сафига қўшилди



Халқаро Олимпия қўмитасини курашни Олимпиада ўйинлари рўйхатидан чиқариш қарорини ўзгартириш борасидаги босимлар давом этаëтир. 15 май - Спорт курашини ҳимоя қилиш халқаро кунида Озодлик билан суҳбатлашган Тошкент мутасаддиси¸ Ўзбекистон ҳам бу уринишларга қўшилганини билдирди.

- Курашни Олимпия ўйинлари дастурида қолдириш лозимлиги тўғрисидаги фикримиз қатъийдир ва уюшмамиз бу йўналишдаги ҳаракатларини давом эттираверади, деди Ўзбекистон Республикаси Спорт кураши ассоциацияси Бош котиби Константин Михайлов. Озодлик мухбири ўзбекистонлик курашчилар ассоциацияси раҳбарига 15 май – Спорт курашини ҳимоя қилиш халқаро кунида бир неча савол билан мурожаат қилди.

Халқаро Олимпия қўмитаси 2013 йил, 12 феврал кунги қарори билан спорт курашини 2020-йили ўтадиган Олимпиада дастуридан чиқариб ташлаган эди.




Қўмитанинг бу қарори жаҳон бўйлаб курашчилар ва соҳа расмийларининг норозилигига сабаб бўлди ва 15 май курашчиларнинг ўзига хос байрами – Халқаро кураш куни, деб эълон қилинди.

Курашнинг бирлашган усуллари халқаро федерацияси (FILA) эълон қилган бу махсус сана муносабати билан тадбирлар 15 май куни Японияда бошланди.

Лавҳамиз ёзилаётган соатларда АҚШ, Россия ва Эрон курашчилари Нью Йорк шаҳрининг Марказий вокзалида ўртоқлик матчлари ўтказишга тайёргарлик кўраётган эди.

ИТАР-ТАСС ахборот агентлигига кўра, уч давлат спортчилари 14 май куни Нью Йоркда, БМТ бош қароргоҳида матбуот анжумани ўтказиб, жаҳон жамоатчилигини курашни Олимпия ўйинлари рўйхатида қолдириш ғоясини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Ўзбекистон Республикаси Спорт кураши ассоциацияси Бош котиби Константин Михайлов Озодлик саволларига жавоб берар экан, Халқаро кураш куни Тошкентда ҳам нишонланаётгани тўғрисида хабар қилди:

- Халқаро кураш куни муносабати билан биз ҳам ўз тадбиримизни ўтказаяпмиз. Бугун курашчиларимиз хитойлик ва россиялик курашчилар билан Тошкентда, Динамо стадионида ўртоқлик учрашуви ўтказди, деб хабар қилди жаноб Михайлов.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Республикаси Спорт кураши ассоциацияси билан ҳамкорликда мартнинг ўрталарида Халқаро Олимпия қўмитасига курашни Олимпия ўйинлари дастурида қолдириш талаби битилган мактуб йўллаган эди.

Ассоциация Бош котиби Константин Михайлов Озодлик саволларига жавоб берар экан, ўзбекистонлик курашчилар ва соҳа расмийларининг бу масаладаги позицияси қатъий эканлигини таъкидлаб ўтди.

Жаноб Михайловнинг айтишича, ўзбек курашчиларининг жаҳон спортида муносиб ўрни бор.

- Ўзбек курашчилари Олимпия ўйинларида совринли ўринларни эгаллаб келади. Бронза, кумуш, олтин медалларни қўлга киритган спортчиларимиз бор. Сиднейдаги ўйинлардан ташқари 2000 йилдан бери ўтказилган ўйинларда ўзбек курашчилари соврин олган, деди жаноб Михайлов.

Курашни Олимпия ўйинлари дастурида қолдириш талаби жаҳон бўйлаб кучайиб бораётганига 15 май кунги тадбирлар ҳам далилдир.

Хўш, бу талабларга Халқаро Олимпия қўмитасидан жавоб борми?

Озодликнинг бу саволига жавоб берар экан, Ўзбекистон Республикаси Спорт кураши ассоциацияси Бош котиби Константин Михайлов бундай деди:

- Масала қай йўсинда ҳал бўлаётгани тўғрисида бизда етарли маълумот йўқ, лекин кураш билан боғлиқ жамоатчилик спортнинг бу тури Олимпия ўйинлари рўйхатида ўзининг илгариги ўрнини эгаллаши лозим, деган фикрда якдилдир.

Хабарларга қараганда, кураш бўйича ҳал қилувчи қарор Халқаро Олимпия қўмитасининг жорий йил 7 – 10 сентябрида Буэнос-Айресда бўлиб ўтадиган 125- сессиясида қабул қилинади.
XS
SM
MD
LG