Линклар

ННТ сони кўпаймоқда, сифати-чи?


“Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова нодавлат ташкилотларининг кўпайиши жамият ҳаётида ижобий акс этмаётганини айтади.

“Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова нодавлат ташкилотларининг кўпайиши жамият ҳаётида ижобий акс этмаётганини айтади.

Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтиб, фаолият олиб бораётган ноҳукумат-нотижорат ташкилотлари сони 6400 дан ошди. Бу кўрсаткич мустақилликнинг дастлабки йилига қараганда 67 баробарга кўпдир.


Агар 1991 йили Ўзбекистонда бор-йўғи 95 та ноҳукумат-нотижорат ташкилоти рўйхатга олинган бўлса, 2000 йилнинг бошида улар сони 2585 тага етган, шу кунга келиб эса бу рақам 6,5 мингга етиб қолди.

Бу маълумотлар Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ташкил этилганининг 8 йиллигига бағишлаб Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида очиқланди.

Ўзбекистоннинг барча минтақаларидаги 430 дан зиёд жамоатчилик ташкилотини бирлаштирган ассоциация масъуллари билан кун давомида боғлана олмадик.

Мазкур ассоциация аъзоси бўлган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари, ҳуқуқ фаоли Васила Иноятова бирлашма раиси Шамиль Асяновнинг саъй-ҳаракатига қарамай, мамлакатда фаолият юритаётган юзлаган, балки минглаган ноҳукумат ташкилотлари жамият ҳаётида керагича фаол иштирок этолмаётганини қайд этади.

- 2002 йили Женевада БМТнинг қийноқларга қарши кураш қўмитасида муқобил ҳисобот билан қатнашгандим. Ўшанда Акмал Саидов (Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари – таҳр.) Адлия вазирлигидан 2000 нодавлат ташкилоти рўйхатга олинганини айтганди. Лекин ўша 2000 нодавлат ташкилоти қанақа ташкилотлар, улар қанақа функцияни бажаради, уларнинг қиладиган вазифалари нималардан иборат – булар ҳақида гапирмаган. Кейин биз [бу масала билан] қизиқдик. Эзгуликни рўйхатга олаётганда Адлия вазирлигида жуда кўп нодавлат ташкилотлари вакиллари билан гаплашдик. Булар асосан ўзларининг олдиларига қўйган у ёки бу мақсадлари бор, яъни бир корхона очиш ёки фондлар очиш ва бошқалар...

Бу ташкилотларнинг ҳаммаси айтилган чизиқдан чиқмайдиган, бўлаётган реал воқеаларга объектив баҳо беролмайдиган ташкилотлар эди ўша 2003-2004 йилларда. Андижон воқеаларидан [кейин] ва умуман ҳозирги пайтга келиб, бу нарсалар инчунун, дейди Васила Иноятова.

Суҳбатдошимизга кўра, ривожланган ўлкаларда жамият тараққиётининг локомотиви, фуқаролик жамиятининг асосий кучи ҳисобланган нодавлат ташкилотлари Ўзбекистонда ўз вазифасини бажармаяпти. Бу ташкилотларнинг сони кўпайгани билан иш сифати ошмаяпти, уларнинг функционал таъсири кўринмаяпти.

- Қанийди мана шуларнинг учтаси, бештаси бир бўлиб, бир муаммони кўтара олсак, албатта ечими топиларди. Лекин олдига қўйган вазифасини - 6 минг экану, 4 мингтаси, 1 мингтаси – ҳеч қайсиси бажариш нияти ҳам йўқ. Улар ўзларининг жамиятдаги ўринларини, қайсидир бир маънода еяётган нонларини йўқотгилари йўқ, - дейди Эзгулик жамияти раҳбари Васила Иноятова бу ташкилотларнинг кўпи ўзбек расмийлари назорати остида фаолият юритаётганини қайд этаркан.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбекистонда минглаб қўғирчоқ нодавлат ташкилотларининг рўйхатга олиниши расмийларнинг шунчаки ўзини реклама қилиш истаги билан боғлиқ бўлиб, уларга реал ваколатлар берилмаган.

- Нодавлат ташкилоти вакилларини судга қўймаса, қамоқхонага қўймаса, жамоатчи ҳимоячиликка қўймаса, мажлисларга чақирмаса, мажлисларига келишмаса, уларга тазйиқлар қилса, банк орқали грантларини ўтказмаса, қандай қилиб нодавлат ташкилотининг эртанги куни [бўлади] ёки фуқаровий жамият бугунги Ўзбекистон ҳаётига катта таъсир кўрсата оладиган реал куч, деб бўлади, - дея савол ташлайди Васила Иноятова.

“Эзгулик” жамияти раҳбари фикрича, агар ўзбек расмийлари чиндан ҳам нодавлат ташкилотларининг ривожланишини истаса, уларга том маънода мустақиллик беришлари керак, аммо расмийларда бундай истак аломатлари ҳали-ҳозир кўринмаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG