Линклар

Хорижлик сармоядорлар Ўзбекистонда муаммоларга дуч келаётганликлари борасида шикоятлар кўпайган айни кезда Hyatt Hotels корпорацияси Тошкентда ўзининг илк меҳмонхонасини очишини эълон қилди.


Дунёнинг 46 мамлакатида беш юздан зиёд меҳмонхонасига эга Чикагодаги ширкатнинг маълум қилишича, Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси эшиклари 2015 йил январида очилади.

Айни пайтда Hyatt меҳмонхоналари МДҲнинг Екатеринбург, Киев, Боку, Бишкек ва Душанбе шаҳарларида фаолият юритади.

Hyatt Hotels корпорацияси матбуот вакили Мален Ридал Озодлик билан суҳбатда Тошкентда меҳмонхона очиш режасини шундай изоҳлади:

- Тошкент улкан туристик салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистоннинг пойтахти бўлибгина қолмасдан, бу шаҳар нафақат Марказий Осиёнинг энг йирик шаҳри, балки постсовет ҳудудидаги Москва, Санкт Петербург ва Киевдан кейин турадиган тўртинчи йирик шаҳардир. Мана шу омилларни назарга олган ҳолда, Тошкентда сифатли хизмат кўрсатадиган меҳмонхонага эҳтиёж бор, деган хулосага келдик, - деди Мален Ридал.

Тошкентнинг Навоий кўчасидаги “City Palace” меҳмонхонаси (илгариги “Sheraton-Toshkent”), Халқаро симпозиумлар саройи ҳамда Ўзбекистон миллий кутубхонаси биноси ўртасида қурилаётган Hyatt Regency Tashkent 300 та хона, жумладан, 44 сют хона, иккита ресторан, 1200 квадрат метр кенгликдаги анжуманлар залига эга бўлади.

Янги меҳмонхонадаги хоналар сони Тошкентдаги энг йирик меҳмонхона мақомини сақлаб қолаётган “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасиникидан (аввалги “Интерконтинентал”) 50 тага кўп бўлади.

Янги меҳмонхонани қуриш лойиҳаси апрел ойида - Hyatt Hotels, Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳамда Ўзбекистон Реконструкция ва Ривожланиш жамғармаси тарафидан имзоланган.

Янги меҳмонхона қурилганидан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимияти таъсис этилган "Пойтахт қурилиш ва хизмат" унитар давлат ширкати тасарруфига ўтади.

Меҳмонхона нархи 113 миллион АҚШ долларига баҳоланган. Бунинг қарийб 70 фоизи Тошкент ҳокимияти тарафидан, қолган қисми Ўзбекистон Реконструкция ва Ривожланиш жамғармаси кредити ҳисобидан молияланиши айтилмоқда.
Ўз навбатида, Hyatt Hotels корпорацияси мазкур лойиҳа учун қанча сармоя ётқизишини очиқламади.

- Ушбу лойиҳанинг сармоядори ва эгаси бўлган Ўзбекистондаги ҳамкоримиз билан узоқ муддатли шартномани имзолаганмиз. Ушбу лойиҳадаги бизнинг улушимиз қанча бўлишини тижорат сири ўлароқ очиқламаймиз, - деди Hyatt Hotels корпорацияси матбуот вакили Мален Ридал.

Айрим хабарларда эса Hyatt Hotels ширкатининг лойиҳадаги иштироки Ўзбекистондаги ширкатга Hyatt Regency савдо белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этиш, ходимларни тайёргарликдан ўтказиш билангина чекланиши айтилмоқда.

Меҳмонхона ишга тушгач, Hyatt Hotels Corporation 5 миллион доллар миқдорида беғараз кўмак беришга ваъда қилган.

Кузатувчилар Тошкентда меҳмонхоналар тўлмаётган бир шароитда беш юлдузли Hyatt Regency меҳмонхонанинг қурилиши мантиқсизлик эканини айтишади.

- Бу Тошкент ҳокимиятининг навбатдаги ақлсизлиги. Hyatt Hotels бу ерда ҳеч нарса ютқизмайди, чунки асосий сармоядор Тошкент ҳокимияти. Ҳокимиятни эса фойда эмас, дабдаба кўпроқ қизиқтиради, - дейди ўз исмини айтмаган тошкентлик иқтисодчилардан бири.

Ўзбекистонда ягона бўлган беш юлдузли “Интерконтинентал” ўтган йилнинг май ойида мамлакатни тарк этгани маълум.

1997 йилдан буён меҳмонхонани бошқариб келган “Интерконтинентал” ўз қарорини Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлик шартномаларини бажаришдан бош тортгани билан изоҳлаган.

Кузатувчилар эса меҳмонхона сўнгги йилларда тўлмаётгани учун “Интерконтинентал” Ўзбекистонни тарк этганини тахмин қилишади.

“Интерконтинентал” Ўзбекистонни тарк этган меҳмонхона бизнеси билан шуғулланувчи ягона ширкат эмас. Мамлакатни “Sheraton” ва "Le Meredian” (аввалги "Тата") меҳмонхоналарини бошқарган Британиянинг “Starwood” ширкати ҳам тарк этган.

"Хорижлик сармоядорларнинг Ўзбекистонда муаммолар, жумладан, пул конвертацияси билан боғлиқ мушкулотлар борасида шикоятлари кўпайган, меҳмонхона сўнгги йилларда тўлмаётгани айтилаётган айни кезда Hyatt Hotels корпорацияси Тошкентда ўзининг илк меҳмонхонасини очиш режасини қандай изоҳлайди?" деган саволга Hyatt Hotels вакили: “Ўзбекистон чет эл сармоядорларини ўзига жалб этишда давом этмоқда ва бу мамлакатнинг туристик потенциалига ишонамиз, - дея жавоб берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG